Фойдаланилмаётган объектлар олиб қўйилади...(ми?)
Президентимиз бир неча чиқишларида бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш ҳақида тўхталиб, мутасаддиларга зарур топшириқлар берганди. Бу борада махсус қарор ва фармонлар ҳам қабул қилинди. Натижада кўплаб бўш турган объектлар фойдаланишга туширилиб, айримлари аукцион орқали сотилди ҳам. Бироқ кузатишларимиздан маълум бўлмоқдаки, ҳайҳотдек объектларнинг баъзилари ҳамон бўш, қаровсиз ҳолда турибди. Фойдаланмай турганлиги оқибатида уларнинг аксарияти яроқсиз ҳолга келиб қолмоқда. Бунга нима сабаб бўлмоқда? Бўш турган объект эгалари «қаров»сиз мулкини сотишни истамаяптими ёки уларни сотиб олувчилар йўқми?
– Республика миқёсида бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш бўйича бир қатор чоралар кўрилаётган бўлса-да, ҳудудларда ҳанузгача фаолият кўрсатмаётган ва самарасиз фойдаланилаётган бинолар ва қурилиши тугалланмаган объектлар сақланиб қолмоқда, – дейди Давлат активларини бошқариш агентлиги бошқарма бошлиғи Одил Маматов. – Буларнинг аксарияти хусусий мулкка тегишли бўлиб, бир нечта сабабларга кўра бўш, фойдаланмай қолмоқда. Хусусан, мулкдорнинг маблағлари йўқлиги, тижорат банклардан кредит олиш мураккаблиги, инфратузилма билан таъминланмагани, аҳоли пунктларидан узоқ жойда жойлашгани ҳамда мулкдорлар томонидан объектлардан самарали фойдаланиш бўйича аниқ лойиҳа ишлаб чиқиш ва тадбиркорлик билан шуғулланиш тажрибаси йўқлиги каби қатор объектив ва субъектив сабаблар мавжуд.
Ҳудудларда вазирлик ва идоралар тасарруфида бўлган давлат мулки объектлари ҳам бўш, қаровсиз ҳолатда тургани сир эмас. Айниқса ижтимоий соҳадаги, шу жумладан, мактабгача таълим, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳасидаги объектларнинг балансда сақловчилари ҳамда уларнинг юқори турувчи вазирлик ва идоралари томонидан объектларидан самарали фойдаланишда етарли даражада эътибор берилмаяпти. Ушбу давлат мулки объектлари йилдан- йилга фойдаланмай қаровсиз турганлиги оқибатида фойдаланишга яроқсиз аҳволга келиб қоляпти.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 1 июлдаги «Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида бундай самарасиз тизимга чек қўйилади. Мазкур қарор билан ташкил этилаётган Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази эндиликда бўш турган давлат объектларини тасарруфига ўтказиб, улардан самарали фойдаланиш чораларини кўради.
Марказ вазифаси нималардан иборат?
– Мулкчилик шаклидан қатъи назар барча тоифадаги бўш турган объектларни аниқлаш ва ҳисобини юритиш, бўш турган давлат мулки объектларини сақлаш ва улардан самарали фойдаланиш, шу жумладан, давлат мулки объектларини ижарага беришни ташкил этиш Марказнинг асосий вазифларидан ҳисобланади, – дейди Одил Маматов. – Ижарага берилган давлат мулки объектларидан мақсадли фойдаланилиши ва уларнинг сақланиши, шунингдек, ижара тўлови ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини ҳам марказ назорат қилади. Шунингдек, тузилма давлат муассасалари(корхоналари) га бириктирилган объектлардан самарали фойдаланилиши ва уларнинг сақланишини белгиланган тартибда текшириш, оператив бошқарув ҳуқуқи билан берилган объектларнинг ортиқча қисмини, қолаверса, фойдаланилмаётган ёки мақсадсиз фойдаланилаётган объектларни олиб қўйишга ҳақли.
Бундан ташқари, марказ Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси хулосасига асосан, яроқсиз деб топилган давлат мулки объектларини бузиш тўғрисида қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлади. Бўш турган хусусий мулк объектларини уларнинг мулкдорлари ихтиёрига кўра ижарага берилишида ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатади.
Бўш турган объектлар қанча муддатда сотилиши керак?
– Мазкур қарор билан марказга берилган ваколатлар доирасида бўш турган давлат объектларини марказ ва унинг ҳудудий бошқармалари тасарруфига ўтказиш ва улардан самарали фойдаланиш (хусусийлаштириш, давлат-хусусий шерикликка ва ижарага бериш) чоралари кўрилади. Бундан ташқари, хусусий мулкка тегишли объектларни хўжалик фаолиятига жалб этиш ишларини жадаллаштириш бўйича мулкдорларга нисбатан мол-мулки ва ер солиқларини оширилган ставкаларда ҳисоблаш тизими қўлланилади. Бу бўш турган объектлар мулкдорларининг фаолиятига молиявий юклама тушганлиги сабабли объектларни ишга тушириш, шу жумладан, сотиш, ижарага бериш, ҳамкор топишга ва бошқа чораларни кўришига олиб келади. Агар мулкдор томонидан объект фаолияти тикланса, охирги 12 ойлик қўшимча ҳисобланган солиқлари қайтариб берилади.
Бўш турган ер майдонлари назорати билан ҳам шуғулланадими?
– Албатта, марказ бу бўйича ҳам амалий ишларни олиб боради. Тузилма ва унинг ҳудудий бошқармалари бўш турган объектлар билан биргаликда давлат муассасалари, шу жумладан, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият, мактабгача таълим муассасалари, халқ таълими, шунингдек, давлат ташкилотларининг фойдаланилмаётган ва ортиқча ер майдонларини аниқлаш ва тадбиркорларга аукцион орқали бериш мақсадида маҳаллий ҳокимлик захирасига ўтказиш бўйича ишларни ҳам амалга оширади.
Шаффофлик қай даражада таъминланади?
– Давлат активларини бошқариш агентлигининг давлат мулки объектларини (акция, улуш) сотиш соҳасидаги роли ва позициялари очиқ ва шаффоф принципларни қўллашдан иборат. Ушбу йўналишда бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган ва электрон аукцион тизими йўлга қўйилган. Соҳада инсон аралашувини янада чеклаш мақсадида мазкур қарорга асосан, 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб барча аукцион савдолари натижалари QR-кодни қўллаш орқали расмийлаштирилади.
Фуқаролар «мобиль идентификация қилиш» билан шахсни идентификациялаш имконини берувчи мобиль иловалар орқали аукционда иштирок этиши мумкин. Давлат мулки объектларини ижарага бериш шартномасини эса ижарага берувчи ва ижарачи ўртасида электрон шаклда, шу жумладан, электрон рақамли имзо орқали икки томонлама расмийлаштирилади. Шунингдек, савдоларда мавжуд бўлган лотлар ҳақида батафсил маълумотларни ўз ичига олувчи доимий янгиланиб турадиган ва Агентликнинг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган электрон каталог ҳам яратилади.
Шу кунга қадар электрон онлайн аукционларнинг шаффофлиги ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази томонидан e-auksion.uz сайтига савдога чиқарилган мулклар барча учун очиқ тарзда платформага жойлаштириб келинмоқда.
Энг асосийси, платформада инсон омили иштирокини минимум даражага тушириш бўйича амалий ишлар бажарилмоқда.
Рустам ЮСУПОВ
Телеграм: @mahalladosh_uz