July 10, 2020

Маҳалладаги ижтимоий муҳит барқарорлигига ҳамма бирдек жавобгар

Фаолиятда бирон самарага эришиш навбатдаги ижобий натижалар учун пойдевор бўлади. Бироқ забт этилган марра билан кифояланиш, масъулият­ни бир зумга бўлсин, унутиш ярамайди. Ҳудуддаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, маҳаллаларни жиноятдан холи этишда бу, айниқса, муҳим.

Зотан, жиноят битта бўлса ҳам маҳаллаю жамият ҳаётига нуқси уради. Шунинг учун ҳам нати­жалар қанчалик яхши бўлмасин, огоҳлик ва ҳушёрликни йўқотмас­лик зарур.

Жорий йилнинг ўтган даврида республика ҳудуди, хусусан, Тош­кент вилоятида жиноятчиликка қарши курашиш ва барвақт олди­ни олиш бўйича фуқаролар йиғи­ни ҳамда ички ишлар органлари ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда қатор профи­лактик тадбирлар ўтказилди.

Вилоятдаги 1 042 та маҳалланинг 743 тасида (71 фоиз) жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. Натижа ёмон эмас, лекин бу билан хотир­жамликка берилиб бўлмайди.

Масъуллар қачон хулоса қилади?

Афсуски, амалга оширилган ишларга қарамай, жорий йил­нинг 5 ойида вилоятда умумий жиноятчилик ҳолати 46,1 фоизга кўпайган. Вояга етмаганлар жи­ноятчилиги 2,4, ёшлар (18-30 ёш) жиноятчилиги 10,1, илгари судлан­ганлар жиноятчилиги 6,5 фоизга ортгани кишини ташвишга солмай қўймайди.

Таассуфки, бу каби рақамлар­дан баъзи масъуллар тегишлича хулоса чиқармаяпти. Вилоятда­ги маҳаллаларда бевосита олди олиниши мумкин бўлган жиноят­ларни жиловлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг талаб даражасида эмаслиги сўзимизни тасдиқлайди. Чунончи, Янгийўл шаҳридаги 15 та маҳалладан 7 тасида, Оҳанга­рон шаҳридаги 21 та маҳалладан 9 тасида, Пискент туманидаги 27 та маҳалладан 11 тасида ва Юқори Чирчиқ туманидаги 47 та маҳал­ладан 18 тасида жиноят содир этилишига йўл қўйилган.

Маҳаллабай таҳлилда эса Бекобод шаҳридаги «Сайхун», «Ўзбе­кистон», Бўстонлиқ туманидаги «Думалоқ» маҳаллаларида про­филактик ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилгани ойдинлашди.

Қотилликларнинг аксарияти оила-турмуш доирасига тўғри келмоқда

Жиноятга ҳеч ким ўз-ўзидан қўл урмайди. Кишининг бу йўлга қадам қўйишига турли омиллар сабаб бўлиши мумкин. Оилаларда­ги низоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни бартараф этиш чорала­ри кўрилмаётгани айни омиллар­дан биридир.

Жорий йилнинг ўтган даврида Тошкент вилоятида 38 та қотил­лик жинояти қайд этилган бўлиб, уларнинг 11 таси оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилгани ҳам айни шу ҳақиқатни амалда исботлайди.

Ачинарлиси, қотилликларнинг 28 фоизи эр-хотин, 63 фоизи қариндошлар ва 9 фоизи қўшни­лар ўртасида низолар сабаб рўй берган. Рақамлар билан таниша туриб беихтиёр қалбингизда оғриқ туясиз. Наҳотки, қон-қариндош, ён қўшни-жон қўшни бир-бирига шунчалар шафқатсиз муносабатда бўлиши мумкин?

Замондошларимизнинг дийдаси шунчалар қаттиқми? Ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат каби умуминсоний фазилатларга қачон дарз кетди? Низоларнинг аксарияти моддий эҳтиёжлар сабаб юзага келга­ни эса бу саволларга мантиқан жавоб топиш имконини беради. Моддиятни ҳар нарсадан устун қўювчилардан эса ҳар неки кутса бўлади.

Ўғил отасини ўлдирди: бунга ким айбдор?

Биргина мисол, Юқори Чирчиқ тумани «Истиқлол» маҳалласида яшовчи фуқаро С.Шоибрагимов отаси Ш.Шоибрагимовни боши ва танасининг турли жойларига лопатка билан уриб, оғир тан жа­роҳати етказган. Натижада фуқаро Ш.Шоибрагимов олган тан жаро­ҳатлари оқибатида вафот этган.

Фарзанднинг отасига раво кўр­ган бу қисматини қандай оқлаш мумкин? Уни бу ваҳшийликка ким ёки нима мажбур қилди? Минг асосли сабаб келтирилмасин, бир инсон бу дунёни тарк этди.

Жиноятнинг сабаблари ўр­ганилганида, 1 йилдан бери Ш.Шоибрагимов спиртли ичимлик истеъмол қилишга ружу қўйга­ни, ота билан ўғил ўртасида бир неча маротаба жанжал бўлгани аниқланди. Мустаҳкамлигига дарз кетган оилага эса фуқаролар йиғини ходимлари 1 йил олдин келишган. Хонадондаги муҳит маҳалла фаоллари томонидан назоратга олинмаган. Натижада ўғил С.Шоибрагимов ҳам спиртли ичимлик истеъмол қилишга ружу қўйган.

Алалоқибат, ҳовлидаги томор­қага эшак кириб кетиши оқиба­тида жанжал келиб чиқиб, ўғил маст ҳолатда отасини уриб оғир тан жароҳати етказган. Биргина эътиборсизлик сабаб бутун бошли оила ришталари узилди, ўғил па­даркушга айланди. Унинг онаси ва яқинлари аҳволини эса тасаввур қилиш, ҳатто ўйлаш киши қалбига минг оғриқ беради.

Фаолият самарадорлигига эришиш учун...

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун маҳаллаларда жи­ноятчилик таҳлилларидан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқбузарликларга қарши курашда умумий ва мах­сус профилактик чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, шу асосда манзилли фаолиятни ташкил этиш лозим. Оилавий низоларга сабаб бўлаёт­ган омилларни манзилли тарзда бартараф этиш мақсадида улар­ни қонун доирасида ҳал қилиш ваколатига эга мутасадди таш­килот ва идора вакиллари билан ҳамкорликни кучайтириш керак. Боиси вазиятни яхшилаш, жиноят­чиликнинг олдини олиш маҳал­лаларни жиноятдан холи ҳудудга айлантиришда ўзаро ҳамкорлик тўғри йўлга қўйилмас экан, бирон натижага эришиб бўлмайди.

Маҳаллаларда жиноятлар содир этилишининг олдини олиш бўйича манзилли профилактик ишлар­ни амалга оширилишини талаб даражасида ташкил қилмаган масъулларга нисбатан тегишли чораларни кўриш шарт. Боиси, бир инсоннинг масъулиятсизлиги сабаб маҳаллалардаги ижтимоий муҳитни хавф остида қолишига томошабин бўла олмаймиз.

Равшан ИСАМУТДИНОВ,

Маҳалла ва оилани қўллаб- қувватлаш вазирлиги

бош­қарма бошлиғи ўринбосари.


Телеграм: @mahalladosh_uz