June 26, 2020

Омбудсман Акмал Саидовнинг сўзларига эътироз билдирди

Омбудсманнинг хабар беришича, Андижонда ички ишлар идораларида қийноқлар оқибатида фуқаронинг вафот этиши ортидан вилоятда жойлашган бир қатор ички ишлар бўлимлари, шахслар ушлаб турилган, ўз эрки билан чиқиб кета олмайдиган жойлар ва тергов ҳибсхонасида жорий йилнинг 22-23 июнь кунлари мониторинг ўтказилган.

Мониторинг жараёнида эксперт гуруҳи аъзолари марҳум А.Абдукаримов яшаб келган хонадонга ташриф буюрди ва унинг яқин қариндошларига ҳамдардлик билдиришди. Ташриф жараёнида омбудсман ходимларига марҳум А.Абдукаримовнинг синглиси М.Ибрагимова жиноят содир этган ички ишлар ходимларига нисбатан қонуний чора кўришни сўраб мурожаат қилди.

“Бу ҳақда биз батафсил маълумот бермоқчи эдик. Аммо, бугун, Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори, академик А.Саидов ўз чиқишида омбудсманнинг минтақавий вакилига танқидий фикрлар билдирди.
Марҳум А.Абдукаримов ички ишлар органлари ходимлари томонидан етказилган тан жароҳати натижасида вафот этганлиги ҳақида интернет нашрларида хабар тарқагач, ушбу ҳолат омбудсман томонидан ўрганилиб, алоҳида назоратга олинди ва 14 июнь куни Омбудсман томонидан муносабат ва марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдарлик билдирилди... Бу пайтда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ жим эди. Бунинг учун, аввало, журналистлар, интернет нашрлари ва блогерларга миннатдор бўлишимиз керак», дейилади омбудсман ахборотида.

Акмал Саидов Халқаро пресс-клуб сессиясида «Ходимим Андижонга борди. Марҳумнинг оиласида бўлди. Оила аъзолари ундан нимани сўрашганини биласизми? «Бизни блогерлар қийнаб юборишди. Бизнинг қайғумиздан улар нима қилишмоқчи эканини биласизми? Нима қилишмоқчи эканликларини билмаймиз. Бизларни блогерлардан ҳимоя қилинг». Бу марҳум оила аъзоларининг сўзлари», деган ҳамда омбудсманнинг минтақавий вакили фаолиятини танқид остига олган. Унинг ҳисоблашича, бу каби ҳолатларга реакция қилиш омбудсманнинг биринчи даражали мажбурияти.

Манба: Давлетовуз


Телеграм: @mahalladosh_uz