Меҳнат муҳожирларининг олиб келиниши қачон якунланади?
Пандемия шароитида хорижда ишсиз қолиб юртимизга қайтишга йўл тополмаган меҳнат муҳожирларининг кўмак сўраб қилган мурожаатларига ижтимоий тармоқларда кўп марта гувоҳ бўлдик. Туғилган тупроғидан олисда ночор аҳволга тушган ватандошларимизнинг дардини ўзимизга яқин олдик. Афсус, қани энди уларга ёрдам бериш қўлингдан келса. Тўғри, давлатимиз ўз фуқароларининг муаммосига бефарқ қараб турмади, ҳаво йўллари орқали чартер рейслари ташкил этиб, имкон қадар уларни юртга олиб келишга ҳаракат қилди. Аммо маълум бир сабабларга кўра бу ҳаракатни мунтазам амалга ошириш имкони бўлмади.
Қувонарлиси, 25 майдан бошлаб Ўзбекистонга қайтиш истагидаги меҳнат муҳожирларини чет элдан олиб келиш мақсадида ҳар куни чартер рейслари йўлга қўйилмоқда. Бу айни вазият бирмунча ўнгланаётганини кўрсатади. Хўш, мазкур ҳаво йўли қатновлари мушкул аҳволда қолган юртдошларимизнинг қанча қисмини қамраб оляпти? Бугунги кунгача қанча одам юртга қайтарилди? Умуман олганда, уларнинг барчаси ўз уйларига тўлиқ қайта олишадими?
Оператив штаблар танаффуссиз ишламоқда
Маълумки, 2020 йилнинг 16 март куни хорижий мамлакатларда жорий қилинган карантин чоралари сабаб чет элда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан юз берадиган қийинчиликларни ўз вақтида ҳал қилиш ҳамда ватандошларимиз дуч келадиган ноодатий ҳолатларга тезкорлик билан чора кўриш мақсадида мамлакатимиз Ташқи ишлар вазирлиги, элчихоналари ва консуллик муассасаларида оператив штаблар ташкил этилди.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълумот беришича, дипломатик ваколатхоналар ҳузуридаги оператив штаблар 24 соатлик режимда фаолият юритмоқда ва ҳамюртларимизга консуллик-ҳуқуқий, моддий-молиявий, сиёсий-дипломатик ва бошқа турдаги кўмак бериш бўйича комплекс чоралар кўрмоқда. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг дипломатик ваколатхоналари коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган тушунтириш ишларини ҳам олиб бораётир. Расмий веб-сайтлар, «Facebook»даги саҳифалар, Телеграм-каналлар орқали Ўзбекистон ва фуқароларимиз бўлиб турган мамлакатдаги карантин чоралари шартларидаги ўзгаришлар тўғрисидаги муҳим янгиликлар доимий равишда тарқатиляпти. Бу ишда ўзбек диаспорасининг фаол вакиллари, кўнгилли волонтёрлар ва хорижий мамлакатларнинг маҳаллий ҳокимиятлари сезиларли кўмак кўрсатмоқда.
16 мингдан ошиқ юртдошимиз чартер рейсларида олиб келинди
Жорий йилнинг 16 мартидан 7 июнига қадар 108 та чартер рейслар ташкил этилиб, 16031 нафар ватандошимиз (Россиядан — 10758, Туркиядан — 1920, БААдан – 1387) Ўзбекистонга олиб келинди. Бундан ташқари, 40633 нафар фуқаромизнинг Ўзбекистон—Қозоғистон чегарасини, 4882 кишининг Ўзбекистон—Қирғизистон чегарасини, 592 кишининг эса Ўзбекистон—Тожикистон чегарасини кесиб ўтган ҳолда тўсиқсиз ватанга қайтишларига кўмак кўрсатилди. 18-19 май кунлари Россия—Қозоғистон давлатлараро чегарасида («Маштаково» назорат-ўтказиш пункти) тўпланган 1206 нафар Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон ҳудуди орқали юртимизга олиб келинди.
1 июнь ҳолатига кўра, хорижий мамлакатлардаги тезкор штабларга ёрдам сўраб мурожаат қилган чет эллардаги фуқаролар сони 104 мингдан ортиқни ташкил этди.
— Ватанга қайтишни истаган хориждаги ҳамюртларимиз чет элдаги Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилиши зарур, — дейди Ташқи ишлар вазири ўринбосари Эркин Ҳамроев. — Мурожаатлар асосида дипломатик ваколатхоналар ҳузурида ташкил этилган оператив штабда рўйхат шакллантирилади. Ушбу рўйхат Ташқи ишлар вазирлигига юборилади ва умумлашган ҳолда Республика махсус комиссиясига тақдим этилади. Комиссия ушбу масалани барча йўналишда ўрганиб чиқиб, сана белгилаб, кейин қарор қабул қилади.
Таъкидлаш жоизки, рўйхатни шакллантириш жараёни шаффоф бўлиши учун оператив штабда жамоат комиссияси тузилган бўлиб, унинг таркибида диаспора етакчилари, жамоат арбоблари, блогерлар, тиббиёт ходимлари ва талабалар фаол иш олиб бормоқда. Шу боис таниш-билишчиликка йўл қўйилади, деган гаплар ҳақиқатга зид. Биргина Россиянинг ўзида 100 мингга яқин ватандошимиз Ўзбекистонга қайтиш истагини билдирган. Шундай экан, қайси тоифадаги шахсларни биринчи навбатда юртга қайтариш керак? Бу борада, аввало, имконияти чекланган шахслар ва қариялар, оғир касаллиги бор фуқаролар ҳамда ҳомиладор, шунингдек, ёш болали аёллар ва талабаларга устуворлик берилади.
«Меҳр» лойиҳаси ҳам вазиятни бироз енгиллаштирди
Кўриниб турибдики, чартер рейслари қамрови чекланган ва қийин вазиятда қолган инсонларга вақтинча бўлса-да, бошқа усулда кўмак кўрсатиш талаб қилинади. Шу мақсадда 2020 йил 14 май куни мамлакатимизнинг Россиядаги элчихонаси қийин вазиятга тушиб қолган ватандошларга бир марталик молиявий ёрдам тўлашни кўзда тутадиган «Меҳр» лойиҳасини ишга туширди. 6 июнь ҳолатига кўра, 2428 нафар Ўзбекистон фуқароларига 14 935 076 рубль (тахминан 218 минг АҚШ доллари) миқдорида молиявий ёрдам берилди. 25 мартдан 28 майгача дипломатик ваколатхона Москва шаҳридаги ўта қийин вазиятдаги мамлакатимиз фуқароларининг яшаш ва озиқ-овқати учун жами 6700560 рубль (тахминан 100 минг АҚШ доллари) тўлади. Ёки Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси 10 мингдан ортиқ ватандошларимизга озиқ-овқат тарқатилишини ташкиллаштирди, 150 дан ортиқ озиқ-овқат пакетлари ва 1000 дан ортиқ фуқароларга 180 минг турк лираси қийматидаги 1800 та озиқ-овқат талонлари тарқатилди. Шу каби ишлар хориждаги бошқа кўплаб шаҳарларда ҳам амалга оширилди.
Қамров янада кенгаяди
Шу кунларда навбатдаги босқич чартер рейслари амалга оширилмоқда. Унга кўра, 8-21 июнь кунлари давомида 20 та рейс орқали хориждаги фуқароларимиз олиб келинади. Жадвалга кўра, Москва (8), Сеул, Новосибирск, Истанбул (4), Дубай (2), Рим, Тель-Авив, Қозон, Екатеринбург шаҳарларига авиақатнов назарда тутилган. Ҳар бир рейсда ўртача 250-260 киши олиб келиниши ҳисобга олинса, ушбу муддатда тахминан 5000-5200 нафар ўзбекистонлик юртга қайтарилиши мумкин.
Умуман олганда, келгусида бу қамров янада кенгайиши кутиляпти. Қолаверса, юртдошларимиз бўлиб турган хорижий давлатларда карантин билан боғлиқ вазият юмшатилиши ҳам муаммони бир қадар ечиш эҳтимоли бор. Нима бўлгандаям, ҳукуматимиз томонидан чет элдаги фуқароларимиз масаласи бирор лаҳза кун тартибидан туширилмайди.
Тўлқин ШЕРНАЕВ
«Mahalla»
Телеграм: @mahalladosh_uz