Пахта мавсуми бошланди, мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайдими?
Собиқ шўро ҳукумати ўйлаб топган пахта сиёсати Ўзбекистон мустақилликка эришгач ҳам халқимизнинг елкасини яғир қилди. Ташкилоту муассасалар ходимлари, айниқса, шифокорлар, ўқитувчилар ўзларининг зарурий иши қолиб, мажбурий тарзда далага ҳайдалди. Юқори синф ўқувчилари кўп йиллар мактаб очилиб тўрт-беш кун ўқир-ўқимас, терим майдонларига йўл олишарди. Пахтанинг нима сабабдан барча муҳим ишлардан-да муҳим дея кўрилганини бугунги кунгача бирон-бир киши тушунтириб бера олгани йўқ. Лекин шу баҳона мамлакатимиз узоқ йиллар мажбурий меҳнат тамғасидан қутулолмагани ҳақиқат.
Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг қатъий иродаси туфайли вазият бутунлай бошқа томонга ўзгаргани барчага аён. Бу халқаро даражада ҳам эътироф этилаётир. Шунга қарамай, бу борада айрим камчиликларга йўл қўйилаётир, аҳамиятлиси, ушбу қонунбузилишлар яширилмай, уларни содир этганларга чоралар кўрилмоқда. Шу кунларда терим мавсуми бошланди. Хўш, бу жараёнда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик учун кўриладиган чораларда ўтган йилларга нисбатан ўсиш кузатиладими? Бу борадаги муаммолар қандай бартараф этилади?
Ҳеч бир кўнгилли ишчи шартномасиз далага чиқмайди
— Жорий йилги пахта йиғим-терими мавсумини ташкил этишда муҳим ўзгариш жорий этиляпти, — дейди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов. — Янгилик шундан иборатки, ёлланма теримчилар билан тегишли шартнома тузилади, ҳеч бир кўнгилли ишчишартномасиз далага чиқмайди. Бунинг учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси, Савдосаноатпалатаси ўртасида қўшма ҳужжат имзоланди ва унга асосан низом ишлаб чиқилди. Энди пахта терими мавсумига ҳашар сифатида қараш эскирди.
Бунга қандай эришилади? Албатта, моддий рағбат ва қулай шароит яратиш орқали. Иш берувчи ва ёлланма пахта терувчи ўртасида тенг ҳуқуқли муносабат белгиланган. Ёлланма ишчилар икки гуруҳга — яшаш жойидаги пахта теримида қатнашувчилар ва бошқа вилоят, туманларга бориб жараёнда иштирок этувчи теримчиларга бўлинади. Барча маълумотлар янги ташкил қилинган terim.uz сайтига жойлаштириб борилади. Ҳар бир гуруҳ 50- 70 теримчидан иборат бўлади. «Ўз ҳудудимда пахта тераман», деганларга алоҳида молиявий муносабат, «Йўқ, бошқа узоқ вилоятга бориб тераман», дегувчиларнинг ҳар бирига 500 минг сўмдан молиявий ёрдам берилади. Терган пахтасига эса алоҳида белгиланган нархда пул олади.
Мамлакатимизда бу йилги мавсумда асосий эътибор мажбурий меҳнатга умуман йўл қўймаслик, ихтиёрий меҳнатни рағбатлантиришга қаратилади. Хусусан, кеча эълон қилинган «2020 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарорига асосан, жорий мавсумда машинада терилган 1 тонна пахта учун — 920 000 сўм, қўлда терилган 1 кг пахта учун биринчи теримда — 1000 сўмдан, иккинчи теримда 1400 сўмдан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўлаш, шунингдек, пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперациялари ушбу нархлардан кам бўлмаган ҳолда мустақил нарх белгилашлари, пахта хомашёси учун меҳнат ва хизмат ҳақини ҳар 5 кунда, зарурат бўлганда, ҳар куни тўлаш тавсия этилди.
Бундан ташқари, бир қатор вилоят ва туманларда қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хомашёси учун тавсия этилган тариф ставкасига давлат бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 200 сўмдан устама ҳақ тўланади.
Тегишли ташкилот вакиллари муносиб меҳнат шароитларини яратишга эътиборни кучайтиради. Касал бўлиб қолиш, шикастланиш каби ҳолатларнинг олдини олиш чоралари кўрилади. Пахта теримига сафарбар этилган фуқароларнинг 100 нафарига битта ҳамшира бириктирилади. Уларнинг махсус хонаси бўлиб, барча зарур дори-дармон берилади.
Бошқа ҳудудга борадиган теримчилар учун барча шароит яратилади.
Қанча муддат пахта териш ҳар кимнинг ўз ихтиёрида
Теримчилар ўзи истаган муддатга шартнома тузиши мумкин. Хоҳласа, бир ҳафта, хоҳласа, 15 кун, хоҳласа бир ой. Ҳеч ким қанчадир муддатга шартнома тузишга мажбурланмайди.
Шартномаларни расмийлаштириш жараёни маҳаллий бандлик марказлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ҳамда маҳалла вакиллари иштирокида амалга оширилади. Шунингдек, пахта теримига чиқишидан олдин ҳар бир ишчининг тана ҳарорати ўлчанади. Бу масала санитария- эпидемиология ходимларига топширилади.
Меҳнат ҳуқуқи бузилса, қаерга мурожаат қилинади?
Йиғим-терим жараёнида меҳнат ҳуқуқини таъминлаш қатъий эътиборда бўлади. Хусусан, болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолати, шунингдек, меҳнат ҳуқуқлари поймол этилаётган ёки иш берувчи томонидан ваколати ва мажбуриятига кирмайдиган ишга мажбурланаётган фуқаролар вазирлик томонидан Telegram мессенжерида ишга туширилган «@mehnathuquq» боти ҳамда dm.mehnat.uz га мурожаат этишлари мумкин. Мурожаат қилган шахс сир сақланиши кафолатланади. Ижтимоий тармоқлардаги маълумотлар ҳам таҳлилий-танқидий ўрганилади.
Қўрқитиш эмас, рағбат кўзда тутилган
Одамлар теримга жалб этиш билан боғлиқ турли босимлардан чўчиши ёки асоссиз ваъдаларга ишониб қолиши керак эмас. Мисол учун, баъзи бир ҳудудларда маҳалла ходимлари томонидан 2 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалари бор оилаларга моддий ёрдам пули пахта йиғим-теримида қатнашган фуқароларга берилиши ҳақида ёлғон ташвиқот, яъни «Чиқсанг, мана шу ёрдам пулини чиқариб берамиз, чиқмасанг, ёрдам пулини узиб қўямиз», деб мажбурлаётган ҳолатлар кузатилаётган экан. Бу нотўғри, албатта. Бундай ҳолларга дуч келган фуқаролар юқоридаги Telegram мессенжерига ва телефон рақамига мурожаат қилиши мумкин. Қонунчилигимизда бундай талаб белгиланмаган.
Ҳукумат қарорига кўра, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари таълим, соғлиқни сақлаш ташкилотлари ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини ҳамда таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларини пахта хомашёси йиғим-теримига жалб қилиш ҳолатларининг олдини олиш ва бунга чек қўйиш юзасидан шахсан масъул эканликлари белгиланди. Қолаверса, кўнгилли равишда пахта тераман деган одамларнинг ҳар бирига олдиндан 500 минг сўмдан берилади. Аҳолини мавсумга мажбурлаш эмас, моддий рағбатлантириш тизими орқали жалб этиш асосий мақсад-муддаодир.
Тўлқин ШЕРНАЕВ
«Mahalla»