Маҳалладан нафақа тайинлаш ваколати олиб қўйилдими?
Мамлакатимизда ишсиз, ҳам моддий, ҳам маънавий кўмакка муҳтож фуқароларга давлат томонидан доимий беғараз ёрдам кўрсатиб келинади. Хусусан, кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақа, моддий ёрдам уларнинг фуқаролар йиғинига қилган мурожаати асосида ҳудуддаги мутасадди ташкилот вакилларидан тузилган махсус комиссия қарори билан қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда берилади.
Аммо моддий ёрдамнинг тайинланиши инсон омилига боғлиқ бўлиб қолгани туфайли ҳар доим ҳам у шаффоф, адолат тамойиллари асосида белгиланавермайди. Кўп бор эшитганмиз: айримлар моддий аҳволи қониқарли бўлса-да, «олғирлик» қилиб, бу имкониятдан фойдаланишга уринади. Баъзида эса айрим фирибгар масъуллар томонидан моддий ёрдамни ўз қариндошлари, яқинларига ажратиб бериш ҳолатлари ҳам учраб туради.
Хўш, бунга чек қўйиш мумкинми? Албатта, бунинг биргина усули бор — тизимга замонавий ахборот технологияларини жорий этиб, шаффофликни таъминлаш мумкин. Айни шу мақсадда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 апрелда «Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини идоралараро электрон ўзаро ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Янги тизим шаффофликни таъминлай оладими?
Ҳужжатга биноан, Сирдарё вилоятида тажриба лойиҳаси доирасида 2019 йил 1 октябрдан бошлаб «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими («Ягона реестр» АТ) орқали кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам беришни кўриб чиқиш ва тайинлаш белгилаб қўйилди. Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 15 майдаги тегишли қарори билан тажриба лойиҳаси доирасида аниқланган айрим муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида ҳужжатга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хўш, «Ягона реестр» АТ ўзи нима? У тизимда адолат тамойилларини тўлиқ таъминлай оладими? Тажриба давомида қандай хатолик ва камчиликлар аниқланди? Бу тизим қачон республикамиз бўйлаб тўлиқ жорий этилади?
Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бош бошқарма бошлиғи Шерзод САПАРОВга мурожаат қилдик.
— Бугунгача кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам ажратиш масаласи Вазирлар Маҳкамасининг 44-сонли қарорига асосан, махсус комиссиялар томонидан тайинланган, — дейди Ш.Сапаров. — Бундан кўриниб турибдики, ушбу қарорда нафақаларни тайинлаш масаласи инсон омилига боғлаб қўйилган. Шунингдек, асосий масалани ҳал қилиш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларига юқори ваколатлар бериб қўйилган. Афсуски, жараёнда бу тизим ўзини у даражада оқламаяпти.
«Ягона реестр» АТ орқали инсон омилисиз (ходимлар иштирокисиз) ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилиб, дастурга киритилган маълумотлар асосида кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам беришни кўриб чиқиш ва тайинлаш тартиби автоматик (техник) тарзда ҳал этилади. Дастур бўйича барча масъул ташкилотларнинг ўзаро ахборот алмашинуви онлайн тарзда амалга оширилиши холислик, шаффофлик ва ижтимоий адолат принципларини таъминлайди.
Нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш тўғрисидаги ариза бевосита «Ягона реестр» АТнинг расмий веб-сайтида, Интерактив давлат хизматлари ягона порталида шахсий кабинет орқали электрон аризани тўлдириш билан амалга оширилади.
«Сирдарё тажрибаси»да қандай камчиликлар аниқланди ?
Сирдарё вилоятида тажриба лойиҳаси доирасида қатор камчиликлар кўзга ташланди. Жумладан, ижтимоий нафақаларни тайинлашда Пенсия жамғармалари туман марказида жойлашгани, нафақа тайинлаш мутахассислари сони камлиги, аҳоли яшайдиган ҳудудлар марказдан олисдалиги сабабли ҳужжатларни фуқаролардан қабул қилишда муаммолар юзага келди.
Уларни ҳал этиш учун маълумотларни (вақтинча) Пенсия жамғармаларига тақдим қилишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари хизматларидан фойдаланилди. Шунингдек, амалиётда айрим идораларга алоқадор бўлган баъзи муаммо ва камчиликлар ҳам аниқланди.
Айни пайтда «Ягона реестр» АТ дастурига боғланган корхона ва ташкилотлар маълумотларидаги мавжуд камчиликлар ҳамда дастурдаги техник хатоликларни бартараф этиш борасида зарур чоралар кўрилмоқда.
Янги қарор билан нималар ўзгарди?
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 15 майдаги тегишли қарори билан тизимга бир қатор ўзгартиришлар киритилганини айтиб ўтдик. Хўш, улар нималардан иборат?
Қайд этиш керак, Низомга асосан, нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилаларга ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун компенсация бериш юзасидан қўшимчалар киритилди.
Шунингдек, болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа, моддий ёрдам ва компенсацияларни ишончнома асосида амалга ошириш ҳуқуқи киритилиб, Вақтинчалик Низомнинг амал қилиш муддати 2020 йил 1 октябргача узайтирилди.
Нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловларида техник хатоликлар аниқланганда, тўловлар тўхтатилиши, ушбу ҳолат бўйича ариза берувчига электрон хабарнома ёки SМS-маълумот юборилиши белгиланди.
* * *
Қайд этиш керак, 2020 йилнинг июль ойидан бошлаб «Ягона реестр» АТ республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич амалиётга жорий қилинади. Мазкур дастурнинг ишга туширилиши билан маҳалла раислари ва махсус комиссияларнинг уч турдаги нафақани тайинлаш ваколати бекор қилинади. Улар эндиликда нафақа тайинлашмайди.
Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, мазкур дастур нафақалар ва моддий ёрдам тайинлашда шаффофликни таъминлайди, жараённинг очиқ ва ошкора ўтишига хизмат қилади. Соҳадаги коррупция, қоғозбозлик каби иллатларнинг барҳам топишига замин яратади.
«Mahalla» мухбири
Санжар ЭШМУРОДОВ
ёзиб олди.