June 12, 2020

"Қишлоқ қурилиш инвест"нинг "шу ҳафта"си қачон тугайди?

Таҳририятимизга Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани Саксон ота маҳалласида қурилаётган уйларнинг буюртмачилари — Ҳиммат Худойқулов, Нигора Арзихонова, Фаррух Ҳамдамов, Нодира Ибрагимова, Жамол Қиличов, Маъруф Эргашевларнинг юборган мурожаатига ишонсак, «Қишлоқ қурилиш инвест» компанияси маъмурлари бир ҳафта етти кундан иборат эканини билмайдиган кўринади. Зеро, деярли икки йилдан буён уйи битмаётган фуқароларнинг барча мурожаатларига компания вакиллари ҳар сафар «шу ҳафта иш бошлаймиз» деб жавоб қайтаришган. Буюртмачилар ўша ҳафтанинг қачон келишини кутиб кўзлари тўрт бўлди. Уларнинг аксарияти ижара уйларда яшаб келаётганини ҳисобга олсак, масъуллар айби билан янги уйга кўча олмаётганлар миллионлаб сўм зарар кўрди. Аммо қурувчилар чала қурилган уйларга қадам босмаяпти, «шу ҳафта» ҳамон келгани йўқ.

Жорий йил 1 июнь куни қилинган мурожаатга ҳам компания бошқарувининг лойиҳа бўлими мутахассиси Файзулла Исмоилов «кейинги ҳафта» деб жавоб қайтарди. Аммо орадан ўн кун вақт ўтибдики, ўтган йили сентябрдан буён тўхтаб турган қурилиш қайта бошланмади.

Мен дардимни кимга айтаман?

— Компания билан «Якка тартибда арзон уй-жойларни янгиланган лойиҳаси бўйича қуришга буюртмачи функциясини амалга ошириш тўғрисида»ги шартномани 2019 йил 16 январда тузганмиз, — дейди Фаррухбек Ҳамдамов. — Унга кўра, уйимиз ўша йили декабрь ойида қуриб битказилиши керак эди. Аммо мен ва яна саккиз нафар бўлғуси қўшниларим уйларининг қурилиши ўтган йили сентябрь ойида ўз-ўзидан тўхтаб қолди. Томи ёпилган чала уйлар шундан буён мунғайиб туради. Ҳеч ким хабар ҳам олмайди. Шартнома шартларини бажариш тўғрисидаги турли идораларга қилинган ўнлаб оғзаки ва ёзма шикоятларимиз натижасиз қолмоқда. Қурилаётган уйлар йўл ёқасида жойлашган. Бу ҳудуддан ўтган раҳбарлар учун кўзбўямачилик қилиб, уйлар фасади худди битказилгандек таъмирлаб қўйилди. Аммо олд девордан бошқасига қўл теккизилгани йўқ. Агар масъуллар вазифасини вақтида бажарганида ҳозир оилам билан ўз ҳовлимда истиқомат қилаётган бўлардим. Аммо бажарувчиларнинг айби туфайли етти ойдан буён ижара уйда, ойига бир ярим миллион сўм эвазига яшаймиз. Бошланғич тўловни ҳам қарз олиб йиққан эдим. Уни қайтариш керак. Боз устига, ҳали битказилмаган уй учун кредит ҳақини ҳам тўлаб келяпман. Оддий ишчига булар қанчалар оғирлигини тушунарсиз. Лекин компания ходимлари тушунишни истамаяпти. Бу шароитда дардимизни кимга айтишни ҳам билмай қолдик. Ҳамманинг қулоғи берк, бизни эшитишмайди. Ваҳоланки, мансабдорлар халқ дардини тинглаши, унга кўмаклашиши керак эмасми?

Дард устига чипқон

Бу ўринда буюртмачилар шошаётганининг бошқа сабаблари ҳам мавжудлигини айтиб ўтиш лозим. Зеро, жорий йил 1 июлдан Президентимизнинг 2019 йил 28 ноябрдаги «Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони талаблари амалга киритилади. Яъни «Қишлоқ қурилиш инвест» томонидан 2017-2019 йиллардаги дастурларга асосан қурилган уй-жойларга бириктирилган фуқаролар хонадонларни 2020 йил 1 июлга қадар ўз номига расмийлаштириб, ипотека кредити ёки тўлиқ ўз ёнидан тўлаш орқали хонадон қийматини «Қишлоқ қурилиш инвест» ҳисоб-рақамига туширишлари керак. Акс ҳолда, уй-жойлар нархига 15 фоиз қўшилган қиймат солиғи қўшилади.

Шу пайтгача 2017-2019 йил дастури бўйича уй-жойларга бириктирилган фуқароларнинг кўпчилиги уй-жойларни ўз номларига расмийлаштириб олди. Аммо бизнинг қаҳрамонлар бу имкониятдан маҳрум. Чунки ҳеч ким битмаган уйни қабул қилиб олишни истамайди. Зеро, ундай холда қурилишни ўзи якунлашига тўғри келади. Бунинг учун унга уй нархидан «ўтиб» берилмайди. Демак, мурожаатчилар гўё атайдан имконсиз аҳволда қолдирилмоқда. Уй-жойлар компания айби билан вақтида топширилмаганда юқоридаги вазият қандай тус олиши тўғрисида фуқароларга ҳеч ким аниқ тушунтириш бера олгани йўқ.

Айб кимда бўлишидан қатъи назар пулини фуқаро тўлайдими?

Мавзу юзасидан компаниянинг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бўлими мутахассиси Ойбек Камолов билан боғландик. Унинг сўзларига кўра, ҳақиқатан ҳам фуқаролар вақтида уйларини қабул қилиб олмаса, нархга 15 фоиз миқдорда қўшилган қиймат солиғи қўшилади. Бунда муаммога ким сабабчи бўлганининг аҳамияти йўқ. Юк барибир оддий буюртмачи бўйнида қолаверади.

— 15 фоиз ҚҚСни компания билан келишиб, фуқаро бўйнидан соқит қилиш мумкиндир, — дейди О.Камолов. — Бунинг учун, музокара ўтказиш, гаплашиш керак. Шу билан бирга, мазкур фуқароларнинг мурожаати назоратга олинганини ҳам айтиб ўтмоқчиман. Ҳозирда компаниямизнинг Тошкент вилояти бошқармаси билан мавзу юзасидан тинимсиз гаплашиб турибмиз. Уйларни битказиш учун қурилиш материаллари ажратилган. Уларнинг битмай қолишига асосан пудратчи ташкилот сабабчи бўлган. Пудратчилар устидан вилоят прокуратураси жиноий иш очди. Аминмизки, айбдорлар қонуний жазоланади. Уйларнинг ўз вақтида топширилмагани учун пеня масаласига келсак, шартномада мазкур ҳолат алоҳида кўрсатиб ўтилган. Бу ҳолат суд тартибида ҳал этилади.

Аммо фуқаролар компания мутахассисларининг ваъдасига ишонишмаяпти. Улар қуруқ гаплардан зада бўлишган. Буюртмачиларнинг фикрича, ҳозир қурилиш ишлари бошланган тақдирда ҳам уйларни 1 июлгача ўз номларига расмийлаштириб олишга улгуришмайди. 15 фоизлик ҚҚС тўлови барибир уларнинг зиммасида қолиб кетади. Чўзилган вақт учун эса ҳеч қачон пеня тўлаб берилмайди.

Бизнингча, мазкур ҳолатда ҳуқуқ-тартибот органлари фуқаролар тарафидан туриб, ташкилот ва корхоналар, аслида халқ манфаати ва фойдаси учун қабул қилинган Президент фармонини мутасаддилар томонидан нотўғри талқин қилинишига йўл қўймасликлари, вазифасини вақтида бажармаганларга нисбатан зарур қонуний чораларни қўллашлари лозим. Шундагина чигал муаммо адолатли ҳал этилиб, фуқаролар розилигига эришилади.

Таҳририятимиз мавзуга яна қайтади.

Улуғбек ИБОДИНОВ

«Mahalla»


Телеграм: @mahalladosh_uz