Қонун лойиҳаси нега муҳокамаларга сабаб бўлди
Сўнгги пайтда турли соҳа вакилларининг у ёки бу хатога йўл қўяётгани ҳақида кўп эшитяпмиз, гувоҳи бўляпмиз. Масаланинг моҳияти билан қизиқмай, «Соҳасини яхши билмайди», «Отасини пулига кириб олган-да, ишга», дея билганимизча тўн бичяпмиз. Натижада хатосини ҳали англамаган ходим «ҳайп» мавзуга айланмоқда. Баъзи раҳбарлар масалага ечим сифатида ишчисидан «воз» кечиб қўя қолади, баъзи «замонавий» фикрловчилар эса оқибатнинг сабаби билан қизиқади. Бироқ улар қўл билан санарли холос. Хўш, аслида гап нимада?
Муаммо борми?
Мамлакатимизда давлат фуқаролик хизматига кириш, хизматни ўташ ва тугатиш механизмлари, давлат хизматчилари ким экани, уларнинг мақоми, ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясини белгиловчи ягона қонун қабул қилинмаган. Бу ҳам етмагандек, давлат фуқаролик хизматини ташкил этиш ва фаолиятида ягона принциплари мавжуд эмас. Қонунчилик билан давлат фуқаролик хизматчиларига белгиланган мезонлар, фаолиятини баҳолаш жараёни, малакасини ошириш тартиблари белгиланмаган.
Ваҳоланки, бу жиҳатларнинг қонунда мустаҳкамланиши фуқаролик хизмати соҳасидаги давлат сиёсатининг ягоналигини таъминлайди. Давлат фуқаролик хизмати масалалари бўйича ваколатли органнинг йўқлиги эса ташкилотларда ягона кадрлар сиёсатини олиб бориш, ходимларни самарали бошқариш, малакали кадрлар захирасини рақобат асосида шакллантиришга йўл қўймайди.
2019 йил сарҳисобига кўра, Ўзбекистон бўйича 320 нафар аҳолига 1 нафар давлат хизматчиси тўғри келади. Бу кўрсаткич Кореяда 28, Россияда 68, Қозоғистонда 187 нафарни ташкил қилади. Қизиғи, бизда негадир 6200 та раҳбарлик лавозимлари вакант.
Шу рақамларнинг ўзиёқ масала нақадар жиддийлашиб бораётганини кўрсатади. Давлатимиз раҳбари 2017 йил Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида айни масалага эътибор қаратганди. Орадан 2 йил ўтиб, Юртбошимизнинг «Ўзбекистон Республикасида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил қилинди. Агентлик томонидан тизимни тартибга солувчи ҳуқуқий асос яратиш мақсадида «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Аммо қонун нормаларида айрим тоифа вакилларига истиснолар берилгани кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Келинг, гапни бир бошдан бошлаймиз.
Давлат фуқаролик хизмати нима?
Қонун лойиҳасида унга қуйидагича изоҳ берилган: давлат фуқаролик хизмати – давлат органлари ва ташкилотларида оммавий манфаатлар йўлида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳақ тўланадиган касбий фаолияти ҳисобланади. Давлат фуқаролик хизматчиси эса давлат лавозимида иш юритувчи Давлат лавозимлар реестрига қўшилган Ўзбекистон Республикаси фуқаросидир.
Қайси модда муҳокамаларга сабаб бўлди?
Лойиҳанинг 3-моддасида қонун давлат раҳбари, депутат, сенатор, омбудсман, судьялардан ташқари барча давлат фуқаролик хизматчиларига татбиқ этилиши белгилаб қўйилган. Нормани ўқиган кишида нега бундай, деган ҳақли савол туғилади.
— Қонуннинг номига эътибор қаратилса, яъни «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида» фуқаролик деган сўз турибди, — дейди Адлия вазири ўринбосари Баҳром Қўчқоров. — Бутун дунё тажрибасига кўра, давлат хизмати икка тоифага бўлинади: давлат фуқаролик ва сиёсий хизматчилар.
Қонун лойиҳасида истисно қилинган тоифа – сиёсий хизматчилар ҳисобланади. Депутатлар, судьялар, яъни уларни тайинлаш, мажбурияти, юклатилган вазифани амалга ошириш қонун, тартиб-талаблари умуман бошқача. Давлат фуқаролик хизматининг асосий устувор йўналишларидан бири, бу – меритократия. Иккинчиси эса карьера модели. Фуқаролик хизматчиси очиқ танлов асосида танланади. Депутат эса – халқ вакили, у сайланади. Шунинг учун уларга нисбатан бу қонун нормаларини тўлиқ татбиқ қилолмаймиз.
Хориж тажрибаси қандай?
Хорижий мамлакатлар, хусусан, Жанубий Европа (Германия, Франция, Нидерландия ва бошқалар) ҳамда Шарқий Осиё (Япония) мамлакатларининг давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонунларида давлат хизматига кириш тартиби батафсил ёритилган. Болгария, Германия, Қозоғистон, Қирғизистон, Латвия, Польша, Россия, Франция, Японияда давлат хизмати тўғрисидаги қонунларида хизматчиларни тайёрлаш, малакасини ошириш, давлат хизматчилари фаолиятини баҳолаш, давлат хизматида ўсиш, бошқа давлат лавозимига ўтиш, меҳнатига ҳақ тўлаш, хизматчиларнинг иш вақти ва меҳнат таътиллари кенг тартибга солинган.
Мол-мулк ва кўп миқдордаги харажатлар декларация қилинади
Лойиҳа тасдиқланса, давлат фуқаролик хизматчилари, ҳар йили ўзи ва оила аъзоларининг даромадлари, мол-мулки ва кўп миқдордаги харажатлари ҳақида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда декларация топшириши шарт.
Маълум қилинишича, хорижлик мутахассислар бу норма коррупцияга қарши кураш тизимига тааллуқли эканини эътироф этишган. Шунинг учун нормада декларация қилиш тартиб қоидалари очиқланмаган.
— Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам давлат хизматчилари орасида коррупцияни таг-туги билан йўқ қилишга қаратилган, — дейди Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова. — Давлат фуқаролик хизматчилари декларация қилиши керакми? Албатта, қилиши керак. Лекин «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳасида, мисол учун, прокурор, судьяларга истиснолар кўзда тутилган. Боиси бу тоифадаги давлат хизматчилари фаолияти алоҳида қонун билан белгиланган. Иш вақти, унвон масаласи, иш тартиби, умуман уларга бўлган талаб ҳам ўзгача. Шуни ҳам ҳисобга олиш керак.
Хуллас, муҳокама ва баҳслар бу билан тугагани йўқ. Қонун қабул қилингунга қадар у яна минг чиғириқдан ўтказилади, тегишли ўзгартишлар киритилади. Муҳими, бу хизматчилар ҳақ-ҳуқуқларини чекламаса, бошқа ҳужжатлардаги нормаларни инкор этмаса бас.
Садоқат МАХСУМОВА
Телеграм: @mahalladosh_uz