June 22, 2020

Қўшкўпирлик аёл нега хўрланди?

Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида 20 ёшли жувоннинг бир нечта хотинлар томонидан аёвсиз калтакланиши ижтимоий тармоқлар орқали яшин тезлигида тарқалиб, кўпчиликни ларзага солди. Зўравонлардан бири жувоннинг сочларини қайчилаб, тинимсиз юзига, елкасига қулочкашлаб уриб турса, бошқаси унинг кийимини ечиш, баданини ялонғочлаш билан овора.

«Самосуд»чилардан яна бири қўлига таёқ олган, ...аммо унинг қилаётган ишини на айтиб ва на ёзиб бўлади. Жонҳолатда ёрдам сўраб чирқиллаётган қизни муштумзўрлардан қутқаргани бирон мард топилмайди. Ёрдамга шошилган бир-икки кишини эса воқеани тасвирга олаётган «эркак» дўқ уриб: «Аралашма, бировнинг оиласини бузиб юрибди бу ...», деб йўлдан қайтаради.

Хўш, аслида воқеа қандай содир бўлган эди? Навжувон қиз нега бунчалар бешафқатлик билан калтакланди? Барзангидек бақувват бу аёлларнинг мақсади не?

Жабрдийда ким эди?

Қўшкўпирлик Мадина(воқеа иштирокчиларининг исм-шарифи ўзгартирилган) ҳам коллежда ўқиб юрган кезларидаёқ Сарварга кўнгил қўйди. Ҳали ғўр қизчанинг оилали йигитни севиб қолганини ҳеч бир важ билан оқлаб бўлмаслиги турган гап, аммо қиз тўсиқларга қарамай, севгисидан воз кечмаган, устига-устак, Сарвардан ўғил фарзанд ҳам кўрган эканми, демак, «ишқ оловида» бирга ёнган, ундан камида 6 ёш катта, бир нечта боланинг отаси бўлган йигитнинг эс-ҳушини вақтида йиғиб олмагани ҳам эътибордан четда қолмаслиги шарт. Маҳалла фаоллари қиз билан бир неча марта суҳбат олиб боришганига қарамай унинг гапга қулоқ солмаганини таъкидлашади. Йигит-чи?

— Қиз ҳам, йигит ҳам бизнинг маҳаллада ўсиб-улғайишган, ҳар иккаласининг оиласида бирон «қора доғ» йўқ, — дейди Қўшкўпир тумани «Иттифоқ» маҳалла раиси ўринбосари Клара Ражабова. — Мадина билан кўп суҳбатлар олиб борганмиз. Уни оилали эркак билан муносабат қуришининг аянчли оқибатидан огоҳлантирганмиз. Қиз ўшанда гапимизга қулоқ солмади. Ҳозир эса пушаймонда.

Клара Ражабованинг маълумот беришича, Сарварнинг қонуний хотини икки ой олдин учинчи фарзандини дунёга келтирган. Эри эса сўнгги бир ярим ой мобайнида уйига келмай, Мадинанинг ёнида бўлган. Қонуний хотин бундан хурсанд бўлсинми? Бир куни эрталаб ўрнидан тургану, қайнонасига бу тахлитда яшай олмаслигини айтиб, болалари билан ота уйига кетиб қолган. Уч норасиданинг бўзлаб кетгани, ёлғиз ўғлига не-не орзу-ҳаваслар билан олган келинининг кўзида ёш билан остонани тарк этгани қайнонани эзган. Бир оиланинг бузилишида фақатгина Мадина айбдор, деган қатъий фикрга келгач, опа-сингилларини ёрдамга чақириб, ўғли Сарвар билан Мадина вақтинча яшаётган қўшни «Ашаққалъа» маҳалласи томон йўл олган. Жаҳлга эрк берган аёл норғул ўғли қолиб, бор аламини ожизадан олган.

Мадина зўравонлар устидан ёзиб бергани йўқ...

Мадина шунчалар таҳқирланганига қарамай, Сарварнинг онаси ва холалари устидан «102» га ариза ёзмади. Шу ўринда яқинда қўшни Қирғизистонда содир бўлган, синглисиникига кетиб, бир кеча ётиб қайтган хотинини ваҳшийларча хўрлаган эркак учун ҳам хотини даъво очтирмагани, видеотасвирлар интернетда тарқалиб эри ҳибсга олингач, «Менинг оиламга аралашманглар, эримни чиқаринглар», деган мурожаати ҳам беихтиёр ёдга тушади. Дарҳақиқат, Шарқ ҳаётида шунчалар нозик қоидалар борки, улар қонунлардан минг бора таъсирчан, минг бора устун. Қайноналикнинг ҳурмати ва эрнинг ўрни шунчалар баландки, бу қимматни фақат шу замин аёлларигина тушунади.

Хоразм вилояти ИИБ хабар беришича, ушбу видеолавҳа вилоят ИИБ масъул ходимлари томонидан зудлик билан ўрганиб чиқилди. Ҳолат 2020 йил 9 июндан 10 июнга ўтар кечаси Қўшкўпир туманида содир бўлган. Унга алоқадор барча шахсларнинг, шу жумладан, воқеани телефон орқали видеога олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирган эркакнинг ҳам шахсига аниқлик киритилган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б», «г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда савол туғилади: одамлар нима учун ишни қонуний ҳал этишни эмас, адолатни фақат ўзимиз ўрната оламиз, деган фикрни афзал билишяпти? «Самосуд»чиларга қонунларимизда жазо борми?

Ҳар ким ўзича жазо қўллайверса...

— Жаҳон ҳуқуқ майдонида «самосуд», аввало, давлат, ҳуқуқ-тартибот органлари, судлар, куч ишлатувчи тизимларгагина тегишли ваколатларга нисбатан хуруж, тажовуз ҳисобланади, — дейди Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева. — Шуниси билан бу зарарли ижтимоий ҳодисанинг кенг тарқалиши жамиятнинг барқарор ҳаёти учун хавфлидир. Ўз вазифаси ва ваколатларини тўғри англаган ҳар қандай ҳуқуқий орган эса «самосуд»ларга нисбатан принципиал ёндашиб, аёвсиз кураш олиб боради. Зеро, ҳар ким ўзича айбдор, деб ҳисоблаган инсонига, ўзи ўйлаб топган жазони қўллайверса, жамият пароканда бўлади, ҳуқуқ-тартибот органлари, судлар мавқеига путур етади.

Охирги йилларда мамлакатимизда бундай ҳолатлар кўп кузатилмоқда. Барча ҳолларда ўзбошимчаларга нисбатан жазолар тайинланди. Аммо бу билан «самосуд»лар тўхтаб қолмаяпти. Қизиғи, «жазолаш»нинг ушбу услуби тобора янгича кўриниш касб этмоқда.

Жиноятчиликка барҳам беришми ёки ожизани хўрлаш?

Текширувлар жараёнида аён бўладики, «самосуд»ларнинг аксарияти жиноятчилик билан боғлиқ эмас, кўпинча аёлларга, ёшларга ёки ўзини етарли даражада ҳимоя қила олмайдиганларга нисбатан бундай ҳолат амалга оширилаётир. Ҳали бирор марта бўлса ҳам «самосуд» жисмонан бақувват, қақшатқич жавоб қайтаришга қодир инсонларга нисбатан қўлланилганига гувоҳ бўлмадик. Юқоридагидан кўриниб турибдики, жирканч ишга қўл ураётганлар жиноятчиликка барҳам беришни эмас, шунчаки ожизни хўрлашни мақсад қилишган, холос.

Қонун нима дейди?

Ўзбекистонда ҳар қандай «самосуд» ҳолатлари қаттиқ қораланади ва қонунга биноан таъқиб қилинади. Хусусан, Жиноят кодексининг 39-моддасида ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ўзбошимчалик билан жазолаш учун ушлаш, шахсга қасддан зарар етказиш қонунга хилоф ҳаракат ҳисобланиши кўрсатиб ўтилган. Бундай ҳаракат Жиноят кодексининг 110-моддасига биноан, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик баравари миқдоридаги жаримадан тортиб, беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин. «Самосуд» видеотасвирларини тарқатган шахслар ҳам зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни ёйишда айбланиб, тегишлича жазога тортилади.

* * *

Аёлни ожиза дейишади. Аммо бу таъриф хўрлаш, истаганча таҳқирлашга қарши аёлнинг бирон жавоб қайтара олмаслиги билан ўлчанмаслиги керак. Аксинча, унинг ҳимоясизлиги кучлилар, имони бутлар, мардлар учун бирдек огоҳлантириш бўлиши, уни авайлашга чорлаб туриши лозим. Чунки муқаддас китобларимизда битилганидек, инсон қанчалик заиф бўлса, Аллоҳнинг унга инояти шунчалик том бўлади.

Юлдуз ҲОЖИЕВА

«Маhаllа»


Телеграм: @mahalladosh_uz