June 16, 2020

Ўзбекистонда истеъмол саватчаси қачон жорий этилади?

Истеъмол саватчаси мавзуси охирги уч йилдан буён кун тартибида турибди. Аммо орадан шунча вақт ўтса-да, уни ҳаётга татбиқ эта олганимиз йўқ. Ваҳоланки, камбағалликни қисқартириш, моддий жиҳатдан қийин аҳволда қолганларга амалий ёрдам беришнинг энг мақбул йўлларидан бири ҳам аслида истеъмол саватчасидир. Негаки, истеъмол саватчаси эҳтиёжмандларга ажратиладиган нафақалар, хусусан, ишсизлик бадалига ҳам ижобий таъсир қилади. Яъни ушбу нафақалар бир шахснинг маълум муддат давомида зарурий эҳтиёжларини қоплайдиган миқдорда бўлади.

Хўш, нима учун истеъмол саватчаси қабул қилинмаяпти? Бунга қайси омиллар сабаб бўляпти? Камбағалликка қарши жиддий кураш бошланган бир пайтда истеъмол саватчаси қабул қилинадими?

— Жорий йилнинг 3 июнь куни давлатимиз раҳбари раислигидаги видеоселектор йиғилишида ушбу масала атрофлича кўриб чиқилди, — дейди Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов. — Ушбу йиғилишда жорий йилнинг 1 октябрига қадар яшаш минимуми ва минимал истеъмол саватчасининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш борасида кўрсатмалар берилди. Ҳозир дунё, хусусан, МДҲ давлатларининг бу борадаги тажрибаси ўрганилмоқда. Яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси бўйича бизда дастлабки ҳисоб-китоблар мавжуд. Унга кўра, истеъмол саватчасида озиқ-овқат маҳсулотларининг улуши қарийб 55 фоизни ташкил этади. Қолган қисми ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлардан иборат бўлади.

Ҳозирги кунда «Ягона ижтимоий ҳимоя реестри»нинг амалга оширилиши мазкур ишларимизнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Аввало, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини аниқлаб олишимиз керак. Уларга қайси турдаги ёрдамни қандай мезонлар асосида бериш аниқ бўлгач, истеъмол саватчаси ва яшаш минимуми жорий этилади.

Истеъмол саватчасини жорий этиш мураккаб жараёнми?

— Аслида, яшаш минимуми ва истеъмол саватчасини жорий этиш осон кечадиган жараён эмас, — дейди Тошкент молия институти кaфедрa мудири, доцент Абдукомил Ҳошимов. — Бунинг учун мамлакат иқтисодий жиҳатдан барқарор бўлиши, ялпи ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ишсизлик даражасига мос келиши керак. Шунингдек, шу пайтгача мамлакатимизда валютанинг «қора бозор» ва давлат курси ўртасидаги катта фарқ бўлгани ҳам истеъмол саватчасини қабул қилишга тўсқинлик қиларди.

Ўйлашимча, бугун ишсизликка қарши кескин кураш олиб борилиши натижасида мамлакат ЯИМда ўсиш кузатилди. Лекин шунда ҳам шошмасдан, аниқ ҳисоб-китоб қилиш зарур деб ўйлайман. Бунда эса мамлакат имконияти ҳаққоний баҳоланиши зарур. Масалан, бизда озиқ-овқат маҳсулотлари ёзда арзон, қишда бир мунча қиммат бўлади. Шундан келиб чиқиб, истеъмол саватчасини ҳам мавсумий қилиб белгилаш керак. Бу билан қишда қиммат бўладиган маҳсулот учун ёзда ҳам фалон сўм ажратишга йўл қўйилмайди. Ёки аксинча, пишиқчиликдаги ҳисоб-китобга таяниб қолмай, бозордаги нарх ўсиш жараёнига қараб истеъмол саватчасининг қиймати ҳам ўзгаради.

Қачонгача «осон эмас», «ҳозир эмас», деймиз?

— Давлатимиз раҳбари парламентга йўллаган Мурожаатномасида аҳолининг 10-12 фоизи камбағалликда яшаётгани ҳақида ахборот берган эди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шербек Бўронов. — Авваллари бу борада аниқ маълумот берилмасди, турлича фикрлар, чамалашлар бўларди, холос. Яшаш минимумининг ҳуқуқий асоси яратилса, бу борадаги статистик маълумотлар ҳам тизимлашади. Шу боис давлатимиз раҳбари қайта-қайта бу муҳим масалани кун тартибига қўймоқда.

Аммо ўтган вақт мобайнида масъуллар тирикчилик учун зарур бўлган энг кам миқдорнинг қанча эканини айтиш ҳуқуқий саволлар туғилишига олиб келишини таъкидлаб, яшаш минимумини расман белгилашнинг ҳозирча имкони йўқлиги тўғрисида фикр билдирар эди. Бу фикр Конституциямизнинг 39-моддасида пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгиланган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилгани билан изоҳланар эди. Яъни расмийларга кўра, яшаш минимуми расман белгиланадиган бўлса, пенсия ва ижтимоий ёрдам пулларини шундан кам бўлмаган миқдорда оширишнинг имкони йўқ. Боиси ЯИМ даражасининг ўсиши ҳозирча бундай имкониятни бермайди.

Шу ўринда бир рақам: маълумотларга кўра, мамлакат иқтисодиётида норасмий сектор улуши тахминан 50 фоизни ташкил этади. Демак, норасмий равишда ишлаётган қатламга маълум имтиёзлар таклиф этиш ва бу орқали уларни инсофли солиқ тўловчига айлантириш чораларини кўриш зарур. Тўғри, ҳозирги вазиятда истеъмол саватчасини жорий этиш, бу борадаги муносабатларни тўлиқ, изчил тартибга солиш осон эмас. Қийинчилик ва мураккабликлар бўлиши табиий.

Лекин «осон эмас», «ҳозир эмас», деб кутадиган бўлсак, муаммолар ҳал этилиши узоқ вақт олади. Шу боис яшаш минимуми ва истеъмол саватчасини жорий қилиш бўйича ҳуқуқий асосларни имкон қадар тезроқ ишлаб чиқиш зарур. У билан боғлиқ бошқа масалалар эса жараёнда имкониятга қараб ҳал этилиши керак. Чунки бу ишга жазм этмасдан камбағалликни қисқартириш дастурларини самарали амалга ошириб бўлмайди.

Дарҳақиқат, истеъмол саватчасини жорий этиш эҳтиёжмандларга бериладиган нафақа миқдори уларнинг кам-кўстини қоплашига етарли бўлиши учун зарур. Демак, бу яна бир ҳаётий ҳақиқатни тиклаш дегани. Шундай экан, қийинчиликларга қарамай, жараённи тезлаштириш, истеъмол саватчасини жорий этиш зарур.

Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ


Телеграм: @mahalladosh_uz