May 29, 2020

Томорқачилар сувсизликдан азият чекмоқда

Таҳририятимиз телеграм канали (Mahalladosh.uz)га Бухоро туманидаги «Работипоён» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Самад Халилов мурожаат қилиб, маҳалла аҳли сувсизликдан азият чекаётганини маълум қилди.

— Маҳалламизда 6 минг аҳолининг 300 гектардан ошиқ экин майдони, томорқаси бор, — дейди С.Халилов. — Афсуски, бу ерларни суғоришда бир асрдан бери фойдаланиб келинаётган ариқ кўмиб ташланган. Томорқа эгалари сувсизликдан азият чекмоқда. Мурожаат қилмаган ташкилот, орган, вазирлик қолмади. Аҳолининг таънали саволларига жавоб бера олмай қолдим. Мазкур масалада бизга ёрдам берсангиз.

Дарҳақиқат, айни кунларда республикамиз миқёсида томорқа ерларини суғориш билан боғлиқ вазият мақтанарли эмас. Айниқса, томорқадан унумли фойдаланишга доир талаблар, қаровсиз қолдирилган ерлар учун жавобгарлик кучайтирилгани томорқасига сув бормайдиган кишиларни ўйлантириб қўйди.

Хўш, мазкур муаммо қачон ва қандай ҳал бўлади? Юқоридаги мурожаатга мутахассислар қандай жавоб қайтаришади?

Депутатлар нима дейди?

— Аҳоли ўртасида олиб борилган ўрганишлар ирригация тизимининг катта ислоҳотларга муҳтожлигини кўрсатди, — дейди Олий Мажлис депутати Гулбаҳор Сайидғаниева. — Сабаби, илгари тўлиб-тошиб оққан ариқ, канал, зовурларнинг кўпи бугун кўмилиб кетган. Шаҳарларда ҳам, қишлоқларда ҳам хонадонлар, маҳаллалар ичидан ўтиб келадиган ариқлар аҳоли ташлаган чиқиндилар ёки ноқонуний қурилмалар оқибатида тўлиб қолган.

Суғориш тизимида тарқатиладиган сувларнинг ҳам тарозиси бор, «лимит»и бўлиб, уни фермерга, томорқа эгасига тақсимлашда турли ўйинлар мавжудлигидан кўз юмолмаймиз. Баъзида фермерлар томорқа эгаларига сув бермаслик ҳолатлари ҳам учрайди. Бу эса соҳада жиддий ўзгаришларга зарурат туғдирмоқда.

Биринчидан, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини ривожлантириш зарур. Иккинчидан, сув йўлларини очиш, ёз кунларида сув буғланиб кетишининг олдини олиш учун ариқлар четида дарахтлар экиш керак. Учинчидан, туман марказларида зах сувни қочирадиган дренажлар қурилса, ҳам аҳоли яшайдиган жойларнинг захлаши олди олинади, ҳам шу сувни полиэтилен қувурлар билан қишлоқлардаги томорқаларни суғориш учун тортиб келиш мумкин.

Аҳоли кимга мурожаат қилсин?

— Бу муаммо билан, асосан, Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги вазирлиги шуғулланади, — дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши етакчи мутахассиси Mелис Тиловов. — Биз фақат зарур ҳолларда томорқа эгаларига артезиан қудуқларини қазиб беришимиз мумкин, холос.

Мутахассиснинг бу жавобидан кейин ўрни келганда бир мулоҳазани айтиб ўтишни лозим топдик. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки бошқаруви, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Фермер, деҳқон ҳўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг аъзолик бадалини Ўзбекистон фермер, деҳқон ҳўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига ўтказиб бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори асосида томорқа ер эгалари аъзолик бадали тўлайди. Балки томорқадаги сувсизлик муаммосига ечим топиш Кенгаш зиммасидаги тўғридан-тўғри вазифа ҳисобланмас. Лекин бадал тўловчи сифатида, гарчи ихтиёрий бўлса ҳам, томорқа ер эгалари Кенгашдан ёрдам сўрашга ҳақли. Ҳеч бўлмаса, муаммоларни тегишли вазирликка тақдим этиб, ечими бўйича амалий кўмак берса бўлади-ку!

Таъминотчи — Сув истеъмолчилари уюшмалари

— «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 53-моддасида томорқа ер участкаларини сув билан таъминлаш Сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган, — дейди Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби Шуҳрат Суюнов. — Фуқароларнинг экинзорларини ва томорқа ер участкаларини суғориш учун сув ресурсларини ажратиш сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан белгиланадиган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг сув олиш лимитларида назарда тутилади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари экинзор ва томорқа ер участкаларини суғориш учун сувга эҳтиёжни умумлаштиради, шартномалар тузади ва улар ўртасида сувни истеъмол қилиш тартибини белгилайди, суғориш тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ишларини ташкил этади.

Сув истеъмолчилари уюшмалари нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланса-да, вазирлигимиз томонидан томорқа майдонларини суғоришда юзага келган муаммоларни бартараф қилишда уларга амалий ёрдам кўрсатмоқда.

Масалан, яқинда Нукус тумани Кердер овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи аҳоли вакиллари номидан Дуйсенбай Сейлханов мурожаат қилган эди. Мурожаат Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ҳал этилди. Нукус туманидаги Кердер овул фуқаролар йиғини ҳудудида «Р-3-1» ички каналининг 500 метр қисми қазилиб, томорқа майдонларига сув етказиб берилди.

Бухоро туманидаги ҳолат бўйича ҳам мутахассисларимиз ўрганиш олиб боради. Тез кунларда натижасини маълум қиламиз.

Натижани, албатта, кутамиз. Ахир, вақтида сув ичмаган томорқалардан кутилган ҳосилни олиш мумкинми? Кейинги сонларимизда ушбу мавзуга яна қайтамиз.

Хайрулло АБДУРАҲМОНОВ

«Mahalla»


Телеграм: @mahalladosh_uz