June 26, 2020

Дастур доирасидаги ишлар нега хўжакўрсинга бажарилмоқда?

Фото: @mahalladosh

Бугун Қорақалпоғистон Республикасининг олис ҳудудлари ҳам ободликка юз тутган. Бунда «Обод қишлоқ» дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши муҳим аҳамият касб этаётир. Афсуски, бу жараёнда ҳам хайрли ишларни охирига етказмаслик ҳолатлари, дастур ижросига жавобгар бўлган шахсларнинг ўз вазифасига панжа орасидан қараши кузатилмоқда. Хўш, қишлоқлар қачонгача қўштирноқ ичида обод бўлади? Кимдир охирини сўрайдими?

Жумладан, дастур доирасида 2018-2019 йилларда Нукус шаҳрининг бешта — «Ҳаво йўллари», «Бес тобе», «Каттагар», «Кок озек» ва «Йўлчилар» маҳаллаларида кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Аҳолини анча йиллардан буён қийнаб келаётган коммунал хизматлар соҳасидаги муаммолар бартараф этилди. Аммо уларнинг барчасида ҳам ишлар бирдек амалга оширилмаган.

— 2018 йилги дастур доирасида аҳолининг газ, сув, электр тармоғидаги муаммолари бартараф этилиб, қайта таъмирлаш ишлари бажарилди, — дейди «Ҳаво йўллари» йиғини раиси Уснатдин Холмуратов. — Янги трансформатор, йўл четларига чироқлар ўрнатилди. Ички йўллар, йўлаклар, кўп қаватли уйларнинг фасадлари, битта мактаб ва иккита болалар боғчаси замонавий услубда таъмирланди. Олтита болалар майдончаси қуриб берилди. Ана шундай хайрли амаллар, афсуски, охирига етказилмади. Хусусан, ҳудудимизда 26 та кўп қаватли уй бор. Режа бўйича улардан бештасининг томи шиферланиши керак эди. Лекин 3 тасига шифер қоқилди. Улар ҳам яқинда бўлган довулга дош бера олмади.

Маҳалламиз ўз биносига эга эмас. Анча йиллардан буён ҳудуддаги 3-академик лицейнинг ўқув биносида ажратилган иккита кичик хонада фаолият юритиб келяпмиз. Шу боис режа бўйича маҳалла гузари ҳам бунёд этилиши, моддий-техник базамиз янгиланиши керак эди. Афсуски, ҳамон маҳалла ўз идорасига эга бўлмади. Эскирган бир дона компьютердан 4 нафар ходим навбат билан фойдаланишга мажбурмиз.

Ваъда ҳамон ваъдалигича қоляпти

Бу борадаги ишлар «Бес тобе» йиғинида ҳам қувонарли эмас. Ҳудуд Нукус шаҳри марказидан 23 км. узоқликда жойлашган. Шу боис аҳолининг шаҳарга қатнаши учун йўл ва транспорт масаласи муҳим ҳисобланади. Ҳудудга олиб борадиган йўл ҳар қандай паҳлавон келбатли йўловчининг ҳам силласини қуритади. Йўлнинг икки четидаги қум уюмлари, бу ҳам етмагандек, биронта дарахтнинг йўқлиги боражак манзилнинг ҳолатидан шаҳодат бераётгандек бўлади.

Фото: @mahalladosh
— Маҳалламизнинг дастурга киритилганидан барчамиз чексиз қувонгандик, — дейди йиғин фаоли Айжан Кошбаева. — Газ, электр таъминоти, ичимлик суви бўйича муаммоларнинг барчаси бартараф этилди. Бунинг учун раҳмат айтамиз. Лекин кўплаб ишлар чала ҳолида ташлаб кетилгани ҳам кишини хафа қилади. Оқова сувга эҳтиёжимиз бор. Сув йўқлиги томорқадан фойдаланишга монелик қилмоқда. Ичимлик суви кунига 5-6 соатгина келади. Айримлар ҳовлисидаги дарахтларни ҳам ўзи ичадиган сув билан суғоришга мажбур бўляпти. Дарахтлар камлигидан озгина шамол турса, чанг, тўзон, қум уйимизга ёғилади.

Дарҳақиқат, ҳудудда истиқомат қилувчи 180 та хонадоннинг ҳар бирида энг камида 14 сотихдан томорқа бор. Уларнинг ҳар бири ҳовли ва кўча четларига яхши ният билан мевали дарахтлар ўстириб, томорқага экин экишни, атрофини гулзорга айлантиргиси келади. Лекин бунга имконият, шароит йўқ. «Обод махалла» дастури доирасида кўплаб ишлар қаторида 3 км.га яқин оралиқда ирригация тармоқларини яхшилаш ҳам белгиланган бўлса-да, бу ишлар чала қолиб кетган. Бу борадаги муаммоларни бартараф этиш бўйича ҳокимлик томонидан берилаётган ваъдалар эса ҳамон ваъдалигича қолиб кетмоқда.

Умуман олганда, ҳудудда дастур доирасидаги ишларнинг деярли ярми тўлиқ тугалланмаган. Жумладан, болалар боғчаси, оилавий поликлиника иморатини таъмирлаш ишлари охирига етказилмаган. Аҳолининг ҳеч бўлмаса, кундузги даволаниш учун 4-5 ўринли махсус хона ва шароит яратиб бериш бўйича қилган мурожаати ҳам шу кунгача ечилмаган. Маҳалланинг қоқ ўртасида жойлашган бекат режага киритилган бўлса-да, таъмирланмаган. Оқибатда у чиқиндихонага айланган. Яна иккита бекатнинг эса томи ёпилмай, қурилиш ишлари чала қолган.

Бундай манзарани «Ой овул» маҳалласида ҳам кўриш мумкин. Масалан, йўлни яхшилаш мақсадида шағал ётқизиш режалаштирилган эди. Лекин ишлар тескарисига айланиб, шағал ўрнига тупроқ тўкилган ва йўл аввалгидан-да баттар аҳволга келиб қолган. Йўлнинг талабга жавоб бермаслиги боис автобуслар бу маҳаллага бормайди. Шунингдек, ҳудудга ичимлик суви тармоғи ҳам тортилган эди. Аммо босим пастлиги боис сув манзилгача етиб бормаяпти.

Масъуллар нима дейди?

— Айни пайтда чала қолган ишларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлар олиб борил­япти, — дейди «Қорақалпоқсувтаъминоти» МЧЖ Нукус шаҳар бўлими бош инженери Жандулла Досназаров. — «Бес тобе» ва шу атрофдаги аҳоли пунктларига ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида янгидан диаметри 400 мм. бўлган сув қувурлари 1 км.дан зиёд масофага тортилмоқда. Бу ишлар тез кунда ниҳоясига етади. Ҳозирча қўшимча сув ташийдиган машиналар ажратилиб, аҳолига сув етказиб берилмоқда.
— Мавжуд муаммолардан хабаримиз бор, — дейди Нукус шаҳар ҳокимлиги қурилиш бўлими мутахассиси Бахтберган Шарипов. — Дастур доирасида ажратилган харажатлар тўлиқ сарфлаб бўлинган. Бироқ бу билан қурилишлар ҳеч бир ҳудудда тўхтаб қолгани йўқ. Аҳоли билан учрашиб, уларнинг мурожаатларини ўрганиб, яна қайтадан ҳисоб-китоб қиляпмиз. Чунки келгусида ишлар маҳаллий бюджет ҳисобидан бажарилади. Ҳозирда маблағ ажратиш, шунингдек, ҳомийларни жалб қилган ҳолда мазкур муаммоларни бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Қизиқ, дастурга киритилган ишлар аввал бошидан пухта ҳисоб-китоб билан амалга оширилмайдими? Агар шундай бўлса, нега ишлар ниҳоясига етмасдан маблағ тугаб қолади? Маҳалла гузарию оқова сув, йўл муаммоларини қўя турайлик, оддий бекат қурилиши охирига етмаганини қандай изоҳлаш мумкин? Балки режа бўйича бекатнинг томини ёпиш келгуси беш йилликдан ўрин олгандир?!

Халқимизда «Қолган ишга — қор ёғар», деган нақл бор. Юқорида номи зикр этилган ҳудудлардаги чала ишлар ҳам аллақачон қишнинг совуғию ёзнинг жазирамасини кўришга улгурган. Масъуллар эса ҳамон ваъда бериш, ишлар яхши бўлишига ишонтириш билан банд. Мавзуга яна қайтамиз.

Омирбай ЕСБЕРГЕНОВ

«Mahalla»


Телеграм: @mahalladosh_uz