July 10, 2020

Масъул ходим МАНТИҚСИЗ АРИЗАЛАРни кўриб чиқишга масъулми?

Бир аёлни биламан, фақат Президентнинг Виртуал қабулхонасига му­рожаат қилади. Бир гал телевизорим йўқ, дея шикоят қилган, бориб ўрганишса, «ночор» дейишга тил бормайдиган хонадонда яшар экан. Масъулларнинг ҳар қанча тушунтириши кор қилмаган аёл телевизор билан таъминлайсизлар, бўлмаса яна ёзаман, бошқасини билмайман, деб туриб олибди. Фаоллар йўлини қилиб, унинг мурожаатини қаноатлантириш­ди. Мурожаати силлиқ битган аёл кейинги гал совуткичи йўқлигидан нолиб мурожаат йўллади. Бу борада ҳам ёрдам кўрсатилди. У ёзишда давом этиб, йўқ кам-кўстни ҳам айтиб, дардиҳол қилишда давом этаверибди...

Ачинарлиси, бугун шунга ўх­шаш, бел оғритмай тайёрини олишга ўрганаётган одамлар кў­пайиб бормоқда. Ахир, ҳамма ҳам эшитяпти, кўряпти бундайларни. Таассуфки, баъзиларда меҳнат қилмасдан ҳам яшаса бўларкан, деган фикр шаклланяпти.

Ҳар бир мурожаат – бир тақдир

Қашқадарё вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бош­қармаси тизимида жорий йилнинг олти ойида жами мурожаатлар сони 13 минг 373 тани ташкил этди. Президент Виртуал қабулхо­наси орқали 11 минг 845 та муро­жаат қилинган бўлса, шундан 3177 таси моддий ёрдам ва 6704 таси 2-14 ёшгача болалар нафақаси, 91 таси уй-жой ва унинг таъмири бў­йича, 341 таси бошқа турли маса­лалар юзасидан йўлланган.

Ҳар бир мурожаат – бир тақдир. Унинг ортида кишиларни қийнаёт­ган, ўйлантираётган масалалар, ечимини кутаётган муаммолар ту­рибди. Кимнингдир дарду ташвиши, орзу-ўйлари мужассам уларда.

Хўш, мурожаат қачон қаноат­лантирилган ҳисобланади? Албат­та, белгиланган муддатда кўриб чиқилса ва унда келтирилган ҳар бир важ асосли ечимини топса. Бироқ бунинг учун ҳар икки томон ўз ўрни, масъулиятини билиши, англаши керак. Масъулиятки, хат йўллаган фуқародан ҳам, уни кў­риб чиқаётган мансабдор шахсдан ҳам ўзига хос маданиятни талаб қилади.

Эътибор бераётган бўлсангиз, кейинги пайтларда мурожаатни кўриб чиқувчи шахс зиммасига жуда катта масъулият, ўз навба­тида, жавобгарлик юкланмоқда. Хўш, мурожаат қилувчи гарданида ҳам бирор масъулият ёки вазифа борми? Бор, албатта. Энг аввал, мурожаатда масаланинг моҳияти аниқ баён этилиши ҳамда у туҳмат ва ҳақоратдан иборат бўлмаслиги керак. Шу билан бирга, ваколати бўйича тегишли идорага йўллани­ши зарур. Лекин...

Уйдаги гапни кўчага чиқариш шартми?!

Бевосита бу муаммога юзла­нишдан аввал юртимизда аҳоли­нинг эҳтиёжманд қатлами, айниқ­са, ногиронлиги бор шахслар, хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш масаласига тўхтал­сак. Айни пайтда бу йўналишда юритилаётган сиёсат қай дара­жада экани барчага маълум. Шу кунгача мамлакатимиздаги қан­чадан-қанча муҳтож инсонларга ижтимоий ёрдам қўли чўзилди, барча қулайликларга эга уй-жой­лар берилди.

Биргина Қарши шаҳрида сўнгги икки йилда кўплаб эҳтиёжманд оилалар уйли бўлди. Шаҳардаги «Шайхали» ва «Кат» маҳаллалари ҳудудида кўркам тураржойлар фой­даланишга топширилди.

Халқимизда одоб-ахлоқ юксак қадрланади. Ҳар нарсага шу нуқ­таи назардан ёндашилади, ёнда­шишга ҳаракат қилинади. Энди бир ўйлаб кўрайлик. Биз ўзимизни мурожаат этиш борасида мада­ниятли санай оламизми? Дарду ташвишларимизга ечим топиш, оғиримизни енгил қилишда яра­тилган имкониятлардан тўғри ва оқилона фойдалана оляпмизми?

— Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, қўйилаётган масала қаерда, қайси давлат ёки хўжалик бошқаруви идо­раси, қайси мансабдор шахс билан ва қачон ҳал қилиниши борасида аҳоли ўртасида тушунмовчиликлар кўп, — дейди вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бош­қармаси бошлиғи Долли Аллаев. — Масалан, Шаҳрисабз шаҳридан бир фуқаро ўз мурожаатида уйи­нинг деворлари ёрилиб, пол қисми чўкиб кетганини билдириб, уйини таъмирлаб беришни сўраса, ки­тоблик яна бир фуқаро кимошди савдосидан 4 сотих ер олга­ни, лекин уй қуришга қурби етмаётганини айтиб ёрдам сўрайди. Бошқаси эса битта ҳовлида кўпчилик яшаши туфайли ер участкаси олиб берилишидан умидвор. Ва­ҳоланки, уй-жой қуриш учун ер участкаси фақат кимошди савдоси орқали сотилади. Ёки кўплаб фуқароларимиз оилавий шароити қийинлиги­ни айтиб, юқори идораларга чиқишади. Аслида бунга ҳожат йўқ. Чунки моддий ёрдам масаласи фақат маҳалла фуқаролар йиғини ҳузуридаги комиссияда ҳал қили­нади. Шунинг учун дастлаб ана шу идораларга мурожаат қилиш, агар улардан ҳеч қандай жавоб ёки сама­ра бўлмаса, кейин юқори идоралар­га хат йўлланса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Чиндан ҳам масала аниқ қў­йилган ва тўғри йўлланган бўлса, маҳалланинг ўзида муаммо ечим топади. Айрим фуқаролар томо­нидан ёзилган аризалар нусхаси кўпайтирилиб, бирданига бир неча давлат ва нодавлат идораларга юборилаётгани, қайта-қайта му­рожаат қилинаётгани эса хат ва шикоятларнинг асоссиз кўпайиши­га олиб келади. Мурожаатда кўта­рилаётган масала билан бевосита шуғулланмайдиган ташкилотларга ҳам хатлар йўлланиши, қайси маса­лани ким кўришини ўйлаб ўтирмай, тўғри келган идорага мурожаат қи­лиш оқибатида қанча киши овора-ю сарсон. Аслида битта ташкилот қаноатлантирадиган масала орти­дан ўнлаб идоралар жавоб хатлари ёзишга мажбур бўлади. Натижада бу иш билан масъул ходимнинг куни мантиқсиз аризаларга жавоб ёзиш билан ўтиб кетади.

Шунинг учун ҳар бир киши дардини элга дастурхон қилишдан аввал обдон ўйлаб кўрса, муаммони даставвал маҳалла-кўй иштироки­да ҳал қилиш чораларини изласа, яхши бўларди. Масаланинг яна бир жиҳати бор. Айрим маҳаллалар, туманларда фуқароларга бу бо­рада тушунтириш берилмагани ва муқаддам қилинган мурожаат эътиборсиз қолдирилгани сабаб ҳам шундай йўл тутилаётир.

Мурожаатда ҳам мантиқ бўлсин

Шундай ҳолатлар ҳам бор­ки, айрим мурожаатлар 30-40 варақдан иборат бўлади. Анча вақт сарфлаб, хатни охиригача ўқийсизу унда айнан нима мақ­сад кўзда тутилганию фуқаро қандай масалада кўмак кутаёт­ганини тушунмайсиз. Натижа­да унда келтирилган мавҳум масалалар билан қайси идора шуғулланади, ундан кўзланган мақсад-муддао нима ўзи, билиб бўлмайди. Аёнки, мурожаат қанча мухтасар ва аниқ бўлса, у билан ишлаш шунча осонлашади.

Мурожаатлар билан ишлаш тизимида ҳам муаммолар бор. Чунончи, вилоятда айрим ходим­ларнинг эътиборсизлиги натижа­сида 29 та мурожаатнинг муддати бузилишига йўл қўйилган. Демак­ки, бу мазкур соҳаларда тизимли муаммолар борлигини кўрсатади.

Буларни айтиш билан кимни­дир ёмонлаб кўрсатиш мақсади­дан йироқмиз. Лекин барчамиз бир нарсани тушуниб олишимиз керак, яхши яшаш учун, аввало, меҳнат қилиш, ҳуқуқ ва эркин­лик билан бирга, жавобгарлик ва масъулиятни ҳам чуқур ҳис этиш зарур. Бунга эришиш эса, фақат ва фақат ўзимизга боғлиқлигини асло унутмаслигимиз керак.

Шоҳиста БОЗОРОВА


Телеграм: @mahalladosh_uz