June 12, 2020

Янги тартиб: «темир дафтар»да қандай масалалар акс этади?

Бугун пандемия билан боғлиқ мураккаб вазият тарозисининг бир палласида аҳоли саломатлиги, иккинчи палласида эса иқтисодиёт масаласи турибди. Ҳали коронавирус чекингани йўқ, у билан боғлиқ янги ҳолатлар қайд этилмоқда. Вазият мураккаб. Пандемия ҳатто энг фаровон давлатлар учун ҳам катта муаммога айланди.

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда ҳам бу даврда ишсизлар сони қарийб 2 миллионга яқинлашди. Дастлабки ҳисоб-китоблар пандемия 450 мингга яқин оилалар даромадига жиддий таъсир қилиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Давлатимиз раҳбари 3 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиб, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг кўплаб имкониятларини белгилаб берди.

Энди рақамлар ортидан қувиш ярамайди

Дарҳақиқат, камбағал оиланинг ҳеч бўлмаса, битта аъзоси иш билан таъминланса, бундай оиланинг мушкули анча осон бўлади. Шу боис Президентимиз ҳар бир фуқаронинг муаммоси билан алоҳида шуғулланиш, бу синовли даврда рақамлар ортидан қувиш эмас, балки халқни рози қилиш учун чин кўнгилдан ишлаш кераклигини таъкидлади.

— Аслида, ҳар бир раҳбар, мутасадди ўз ҳудудида масъулиятни, одамларнинг дардини, оилалар аҳволини чуқур ҳис қилиб фаолият юритса, аҳоли даромадларини ошириш ва камбағалликни қисқартириш имкониятлари кўп, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавжуда Ҳасанова. — Масалан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида 300 минг аҳолини жамоат ишларига жалб қилиш, 265 нафарини ишга жойлаштириш, жумладан, вазирлик жамғармаси ҳисобидан шахсий томорқаларга 36 миллиард сўм субсидия ажратиш орқали 18 минг нафар камбағал аҳоли бандлигини таъминлаш имконияти мавжуд.

Бундай имкониятларни «Ҳар бир оила — тадбиркор» давлат дастури, шунингдек, қишлоқ хўжалиги мисолида ҳам кўплаб келтириш мумкин. Мисол учун, жорий йилда оилавий тадбиркорлик дастурларига 4 триллион сўм маблағ йўналтирилмоқда. Қишлоқ хўжалигида эса йил якунига қадар 51 минг гектар ерни ўзлаштириш эвазига 45 минг одам бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Худди шу каби ғалладан бўшайдиган 120 минг гектар майдон такрорий экин учун ажратилиб, 300 мингга яқин оилага даромад манбаи яратилиши мўлжалланган.

«Темир дафтар» қандай тизим?

Эндиликда муҳтож оилаларни аниқлаш ҳамда улар билан ишларни самарали ташкил этишда «темир дафтар» тизимига қатъий амал қилинади. «Темир дафтар» — бу карантин шароитида ишсиз, даромадсиз қолган эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож оилаларнинг маҳаллада шакллантирилган шаффоф ҳамда манзилли рўйхатидир. Унда умумий кўрсаткичлар эмас, ҳар бир оила, ҳар бир фуқаронинг муаммоси ва унинг ечимлари номма-ном акс этади.

— Асосий мақсадимиз — «темир дафтар»да номи келтирилган оиланинг ҳеч бўлмаганда битта аъзосини тез фурсатда иш билан таъминлаб, натижада мазкур оилани камбағалликдан чиқариш ҳисобланади, — дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилшод Юсупов. — Бу рўйхат Хитой тажрибаси асосида йўлга қўйилиши режалаштирилаётган — одамларни иш билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизимини яратиб бериш, ўқитиш ва уй-жойини таъмирлаш бўйича Давлат дастурлари негизида шакллантирилади. Айни пайтда бу борада «Андижон тажрибаси» бошланди. Унга кўра, ҳар бир секторда «Камбағалликни қисқартириш штаби» ташкил этилиб, сектор раҳбарларига иқтисодий, инвестиция ва ижтимоий комплекс ходимлари бириктирилади. Энди ислоҳотлар статистик рақамларга таяниб эмас, барчаси жойига чиқиб, манзилли тарзда ўрганилади.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Статистик рақамлар билан шу пайтгача тўғри йўналиш қилиб бўлмади, халқимиз манфаат кўрмади. Таклифлар туманлардан, одамларнинг ўзидан чиқиши керак. Вазирлар, раҳбарлар кабинетда эмас, ҳудудларда, узоқ қишлоқларда ишлаши зарур». Бундай ёндашув замирида, ўйлайманки, давлат идораси вакили халққа қанча яқин бўлса, жойларда шунча натижа бўлади, адолат мезони таъминланади, деган маъно мужассамдир.

Ижтимоий ёрдам аниқ ва адолатли етказилади

Маълумотларга кўра, бугунги кунда боқувчисини йўқотган оилалар сони 155 минг, 5 нафардан ортиқ фарзанди бор кам таъминланган оилалар сони 81 минг, ёлғиз яшовчи кексалар 16 минг нафарни ташкил этмоқда. Лекин ажратилаётган ижтимоий ёрдамлар эҳтиёжмандларга тўлиқ етиб бормаётган ҳолатлар ҳам кўп.

Мисол учун, Бош прокуратура маълумотларига кўра, Тошкент вилояти Оққўрғон тумани ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари ва туман «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳисобчиси ҳудуддаги эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида келиб тушган маблағларни турли йўллар билан нақдлаштириб, жами 109,2 млн. сўм пулларни ўзлаштирган, «Саховат ва кўмак» жамғармасига келиб тушган маблағлардан 44 млн. сўмни мақсадсиз сарфлаб, растрата йўли билан талон-торож қилган. Худди шундай, Навоий вилояти санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази мансабдор шахслари жами 222,3 млн., Бухоро вилояти санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари 204,6 млн. сўмлик маблағни ўзлаштириб юборган.

— Мазкур ҳолатларни тўла бартараф этиш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига қатъий топшириқ берилди, — дейди Д.Юсупов. — Унга кўра, вазирликка қўшимча тарзда ажратилган 992 миллиард, шунингдек, «Саховат ва кўмак» жамғармасида мавжуд 70 миллиард сўм қолдиқ маблағ муҳтож оилаларга аниқ ва адолатли етказилади. Шу билан бирга, йил якунига қадар қўшимча 235 мингдан зиёд оилага моддий ёрдам ажратилиши режалаштирилган.

* * *

Албатта, олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад тайин — камбағалликни қисқартириш, одамларни даромадли қилиш, бандлигини таъминлаш. Бу борада эса ҳар бир мутасадди ходим ўз вазифасига виждонан ёндашиши, қийналаётган инсон ёки оиланинг аҳволини дилдан ҳис қилиб, давлатимиз томонидан яратилаётган шароитларни уларнинг ҳаётига олиб кириши зарур.

Санжар ИСМАТОВ

«Mahalla»


Телеграм: @mahalladosh_uz