June 12, 2020

Карантин шароитида тест синовлари қандай ташкил этилади?

Tест синовларига ҳам оз фурсат қолди. Аслида ҳужжат топширишнинг ўзи бир синов. Бу йил эса карантин шароити. Хўш, бундай вазиятда қандай йўл тутилади? Абитуриентлар бу йил қандай тартиб ва таомиллар асосида ҳужжат топширади? Тест синовлари қандай шароитда ўтказилади? Бу саволлар нафақат олий маълумот эгаллаш истагида бўлган йигит-қизларни, балки уларнинг ота-оналарини ҳам ташвишлантирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев раислигида 2020/2021 ўқув йили қабул жараёнини ташкил этиш юзасидан долзарб вазифаларга бағишланган брифингда юқоридаги саволларга жавоб берилди. Таъкидландики, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан вазиятни бирмунча енгиллаштириш, эҳтиёт чораларини кўриш, абитуриентлар хавфсизлигини таъминлаш борасида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ҳужжат топшириш қандай йўлга қўйилади?

Брифингда қайд этилганидек, 2020/2021 ўқув йили учун 15 июндан 15 июлгача бўлган муддатда ҳужжатлар қабул қилинади. Абитуриентлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали, Давлат тест марказининг расмий веб-сайти ҳамда Давлат хизматлари марказлари орқали онлайн рўйхатдан ўтказилади. Ҳужжатлар кечаю кундуз 24 соат давомида қабул қилинади.
Эътибор беринг, бу йил олий таълим муассасаларининг ўзида ҳужжатлар олинмайди.

— Абитуриент уйдан чиқмай туриб, мобиль телефон (компьютер) ёрдамида онлайн рўйхатдан ўтиш тартиби жорий қилинмоқда, — дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов. — Тегишли муассасанинг қабул квотаси, таълим йўналишлари ва ўқитиш тили Давлат тест маркази ҳамда муайян олий ўқув юртининг расмий веб-сайтида эълон қилинади. 2020/2021 ўқув йилида абитуриентлар учун тест блокидаги фанлар таркиби ва кетма-кетлиги бир хил бўлган 3 та таълим йўналишини танлаш имконияти сақлаб қолинади. Алоҳида иқтидор талаб этиладиган ҳамда кириш имтиҳонлари таркибида касбий (ижодий) имтиҳони мавжуд таълим йўналишларига киришда абитуриент битта таълим йўналишидаги танловда иштирок этиши мумкин.

Нечта фандан тест топширилади?

Карантин шароитида абитуриент тест синовларини қандай топширади? Аввалги йиллардаги тартиб сақланиб қолинадими? Шу каби саволларга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат тест маркази ҳамда барча олий таълим муассасаларида ташкил этилган «Call center»лар томонидан ойдинлик киритиб борилади.

— Тест синовлари карантин чекловлари тугагандан сўнг, яъни июль-август ойларида (27 июлдан 15 августгача режалаштирилмоқда) ўтказилади, — дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов. — Агар карантин чекловлари давом этаётган бўлса, уни ўтказиш муддатларига ўзгартириш киритилиши мумкин. Жорий йилда истисно равишда 3 та мажбурий фанлар(она тили, Ўзбекистон тарихи ва математика)дан тест бўлмайди. Фақат 2 та мутахассислик фанидан тест топширилади. Абитуриентга уни бажариш учун ҳар 30 та тест топшириғига 1 соат, иккита фан учун жами 2 соат вақт ажратилади.

Тест синовлари жорий йилда 3 сменада бўлади (ўтган йили 2 сменада бўлган). Карантин қоидаларига риоя қилиш мақсадида ҳар бир абитуриентга камида 3 кв.м. ўлчамда жой ажратилиб, тест синови сиғими 650-700 кишидан ошмаган бино(павильон)ларда ўтказилиши керак. Бинога кириш олдидан абитуриентнинг тана ҳароратини ўлчаш, уни ниқоб ва резина қўлқоп билан таъминлаш, бино ҳудуди ва ички қисмида кунига 4 марта дезинфекция ишларини амалга ошириш қатъий тартиб ҳисобланади. Тест синовлари жараёнлари онлайн равишда интернет ва ТВ орқали жонли эфирга узатилади. Агар ўрнатилган тартибга зид ҳолатлар аниқланса, ўша олий ўқув юрти раҳбарлари ва масъул шахслар жазоланади.

Кимларга имтиёз бор?

Маълумотларга кўра, жорий йил 1 миллион 270 минг нафардан зиёд абитуриент ҳужжат топшириши тахмин қилинмоқда. Ўтган йили бу кўрсаткич 1 миллион 76 минг нафарни ташкил этган.

Жорий йил давлатимиз раҳбарининг тегишли топшириғи билан кам таъминланган аёллар ва уларнинг фарзандларига алоҳида 800 та давлат гранти учун квота ажратилади. Шунингдек, Фарғона вилояти Сўх туманида истиқомат қилувчи битирувчиларга олий таълим муассасаларига киришда алоҳида 500 та давлат гранти квотаси берилади. Иккала квотанинг кимларга берилиши, тартиби тез орада тасдиқланиб, эълон қилинади.

Абитуриентлар тўпланган баллини бир кундан кейин, талабаликка тавсия этилган-этилмагани (имтиҳон натижалари) бўйича маълумотларни эса охирги имтиҳон ўтганидан сўнг узоғи билан бир ҳафта ичида олишлари мумкин бўлади.

* * *

Айни вақтда ҳар йилгидан фарқлироқ, ўзига хос карантин тартиб-қоидалари асосида ўтказиладиган қабул жараёнига барча олий ўқув юртларида тадорик кўрилмоқда. Брифингда вазият тақозосига кўра, ҳужжат қабул қилиш, тест синовини ўтказиш, натижаларни эълон қилиш билан боғлиқ барча жараёнларни қандай ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Демак, ана шу кўрсатмалар асосида фаолият юритиш ҳар бир олий таълим муассасаси раҳбарияти диққат-эътиборида туриши керак.

Ҳулкар КУЗМЕТОВА

«Mahalla»


Телеграм: @mahalladosh_uz