June 15, 2020

30 кишилик тўйлар халқимизни тўй «балоси»дан қутқара оладими?

Наманган вилояти Чортоқ туманидаги «Ўрикзор» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Тиллабоевлар хонадонида бўлиб ўтган 30 кишилик тўй одамлар орасида анчайин шов-шув бўлди. Одатга айланган 10-12 та қимматбаҳо хориж автомобиль кортежлари ўрнига 1-2 та енгил машина ёшларга хизмат қилди. Дастурхон ҳам камтарона безатилди. Очиғи, бундай ихчам тўйнинг бўлганига шубҳа билан қараганлар ҳам топилди. Энг муҳими, иқтисодий имкониятлари етса-да, оила қуриш истагидаги икки ёш айни кундаги вазиятни тўғри тушуниб, карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда никоҳдан ўтишга, ортиқча дабдабалардан холи тўй ўтказишга рози бўлгани уларни вояга етказган ота-оналарини ҳам бирдек хурсанд қилди.

Кимўзарга тўй ўтказишлар нега камаймади?

Охирги вақтларда тўй ҳақида, тўйлардаги исрофгарчилик, дабдабабозлик, манманлик, кибру ҳавога берилиш, орзу-ҳавас изидан кимўзарга қувиш ҳақида кўп ва хўп гапирилди. Оммавий ахборот воситалари орқали бундай номақбул ишларни ўзига эп кўраётган ота-оналар ва уларнинг фарзандларини инсофга чақириш учун керагидан-да ортиқ мақолалар ёзилди, кўрсатув ва лавҳалар, ижтимоий роликлар, эшиттиришлар тайёрланди. Ҳатто, бу борада тегишли тавсиялар ишлаб чиқилиб, тартибга риоя қилмаганларга маъмурий жарима жазосини тайинлашдек анчайин таъсирчан чоралар белгиланди. Бироқ очиғи, тан олайлик, бу қилинган ишларнинг натижаси деярли сезилмаётгандек эди. Шунча тушунтириш ишларига қарамай, ҳудудларда кимўзарга тўй ўтказиш, одамлар орасида дабдабага берилиш ортса ортдики, асло камаймади.

Аммо бугун инсониятни яхшигина синовдан ўтказаётган коронавирус касаллиги ҳаётимизнинг кўплаб жабҳаларига салбий таъсир қилиш билан бирга, одамларнинг дунёқараши, уларнинг ҳаётга бўлган муносабатини буткул ўзгартириб юборди. Хусусан, ҳозирги пандемия шароити ўзбек халқини кераксиз ҳою-ҳаваслардан воз кечиб, «тўй балоси»дан қутқаришда жуда қўл келаётганини таъкидлаш жоиз.

Хабарингиз бор, Республика махсус комиссиясининг жорий йил 30 майдаги қарори билан мамлакатимиздаги «яшил» тоифага киритилган ҳудудларда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни 30 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказишга рухсат берилди. Шундан сўнг юртимиз бўйлаб карантин талаблари асосида, кўпи билан 30 киши иштирокида кўплаб тўйлар ўтказила бошланди. Қувонарлиси, кўпчилик одамлар бундай ибратли анъанага бош-қош бўлган ота-оналарни, бекорчи ҳою-ҳаваслардан воз кечиб, ихчам тўй ўтказишга рози бўлган ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватламоқда.

Моддият кучайган жойда оқибат ва хайр йўқолади

— Сир эмаски, сўнгги вақтларда тўйлардаги ортиқча сарф-харажатлар, турли «расм-русумлар», «одатлар» туфайли кўп оилаларнинг иқтисодий аҳволи оғирлашиб, қийин вазиятга тушиб қолмоқда, — дейди Наманган вилояти Чортоқ туманидаги «Ўрикзор» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Одилжон Маматвалиев. — Яқинда маҳалламизда ортиқча исрофгарчиликсиз бўлиб ўтган тўй ён-атрофдаги одамлар, қўни-қўшниларга ибрат бўлди. Маҳалла фаоллари ўзаро кенгашган ҳолда 30 кишилик жуда чиройли ва ихчам тўй ўтказдик. Бу эса келин ва куёвнинг ота-оналарига, энг муҳими, оила қураётган 2 ёшга манзур бўлди. Ишонсангиз, базм дастурхони учун 1 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди. Сарпо-суруқлар, мебель жиҳозлари ҳам қудалар ўзаро келишиб, келин-куёвнинг энг муҳим эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда қилинди. Муҳими, бу тўй ҳақида эшитган-билган одамларнинг кўпчилиги ортиқча исрофгарчиликларсиз ҳам бундай тадбирларни ўтказиш мумкинлигини, ёшларнинг бахти бекорчи ҳою-ҳавасларга боғлиқ эмаслигини, моддият кучайган жойда эса оқибат ва хайр йўқолишини тушуниб етди.

Эзгу анъана сохта «кайвони»ларни четга суриб қўяди

— Дунёдаги барча давлатларга таҳлика солган, ривожланган мамлакатларнинг ҳам иқтисодиётига кучли таъсир кўрсатиб, режаларини ўзгартиришга мажбур қилган коронавирус пандемияси маълум муддатга тўй маросимларини тўхтатишга, аза маросимларни эса кескин ихчамлаштиришга мажбур қилди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова. — Ҳар ёмонликда бир яхшилик яширин деганларидек, тадбирлар ихчамлаштириб ўтказилиши аҳолимиз онгига ижобий таъсир қилди, деб ўйлайман. Яқинда бир танишимиз 10 киши иштирокида келин туширди, тўйдан кейин аввалдан тўй учун деб йиғилган маблағ ортиб қолгач, оила маслаҳат қилиб, автомашина харид қилди. Тўйдан қанча қарз билан чиқар эканмиз, деган хавотирдаги ота-она учун бу кутилмаган совға бўлди.

Айтиш лозимки, махсус комиссиянинг қарорига асосан, тўйларни 30 киши иштирокида ўтказиш аҳолимиз томонидан яхши қабул қилиняпти. Харажатлар ана шу меъёр асосида режалаштирилмоқда. Тўғри, ҳамманинг онгини қисқа муддатда ўзгартириш қийин, лекин ортиқча дабдаба, исрофгарчилик маросим ўтказаётган оила учун катта зарар эканлиги, маблағлар оила қураётган ёшларнинг эҳтиёжи, уй шароитларини яхшилаш учун сарфланиши энг мақбул иш эканлигини ҳаммамиз ҳам аста-секин тушуниб боряпмиз. Ўйлайманки, бу яхши анъана кейинги йилларда ўзича кайвониликни қўлга олган, халқ тадбирларига янги «хурмача қилиқлар»ни киритаётган, халқимиз тарихи, маданияти, маърифатидан йироқ кимсаларни йўлимиздан четга суриб қўяди. Чунки ўзбек халқи исроф, уволдан қўрқадиган, фарзанди бахтини барча нарсадан устун қўядиган, ҳалол меҳнат билан топилган ҳар бир тийинни режалаб сарфлайдиган халқ.

Хулоса ўрнида

Таъкидлаш жоизки, охирги йилларда тўй маросимлари ўзининг асл моҳиятини йўқотиб, бутунлай бошқа нарсаларга, хусусан, манманлик, кимўзарликка хизмат қилди. Ота-оналарнинг минг машаққат билан йиққан молу давлати одамларнинг арзимас гапларини эшитмаслик, кимлардандир ортда қолмаслик учун ҳавога совурилиб келинди. Ўйлаймизки, пандемия сабаб яхши анъанага айланаётган 30 кишилик тўйлар халқимизни бу каби муаммолардан халос этади.

Саъдулло ТУРСУНОВ


Телеграм: @mahalladosh_uz