Ун нархи яна ошдими?
Биламизки, 2018 йилнинг сентябрь ойигача Ўзбекистонда ноннинг нархини оширишга нисбатан чекловлар мавжуд эди. Натижада узоқ муддат битта қолипли нон («буханка»)нинг дўкондаги расмий қиймати 650 сўмдан кўтарилмади. Аммо бу чеклов кўплаб ҳудудларда номигагина амал қилган. Аксар вилоятлардаги маҳаллий ишлаб чиқарувчилар тақиқ расмий олиб ташланишидан анча аввал нархни ошириб улгурганди.
2019 йил октябрга қадар эса давлат маҳаллий ун нархини ҳам худди шундай назорат қилиб келди. Вазирлар Маҳкамасининг дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирларига оид қарори тасдиқлангач, бу чеклов ҳам бекор қилинди. Барча хўжалик юритувчи субъектлар биржа савдоларида ун ва дон маҳсулотларини эркин сотишлари ва сотиб олишлари мумкин бўлиб қолди. Жорий йил апрелдан эса уннинг биржа савдоларисиз, ишлаб чиқарувчидан тўғридан-тўғри сотиб олинишига ҳам рухсат берилган.
Бугун дўконларда бир «буханка» ноннинг нархи 1600 сўм. Бу — соҳада ислоҳотлар бошланганидан буён, икки йил ичида қиймат тенг баробардан кўпроққа ошганини кўрсатмоқда. Карантин вақтида мазкур масала яна кўтариляпти. Айниқса, коронавирусга қарши чоралар кўрила бошлаган дастлабки кунларда ваҳима кучайгани рост. Яхшики, вазият тезда назоратга олиниб, сотувчилар инсофга келди. Аммо айрим ҳудудларда ун нархи сунъий равишда ошириб юборилгани тўғрисидаги миш-мишлар яна авж олмоқда.
155,8 миллион сўмлик ун олиб қўйилган
Дарҳақиқат, жорий йилнинг 16 апрелидан жорий қилинган вақтинча тартибга кўра, ун савдо дўконлари, қолипли нон, нон ва макарон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга рўйхат асосида етказиб берилмоқда. Биринчи навли уннинг бир қопи — 125 минг сўм, яъни бир килограмми 2500 сўмдан рўйхатдаги харидорларга сотилмоқда. Рўйхатни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари шакллантиради. Аммо мазкур нархда маҳсулот ҳаммага ҳам бирдек етиб бормаяпти.
— Икки йилдан буён Жиззах шаҳридаги қолипли нон ишлаб чиқариш корхонасини бошқараман, — дейди тадбиркор Илҳом Турсунматов. — Ун тақсимоти ҳокимиятга ўтгандан буён анча қийналиб қолдик. Сабаби, эҳтиёжимизга керакли миқдордаги хомашёни беришмаяпти. Бир ойда ўртача 8-10 тонна унни қайта ишлаш қувватимиз бўла туриб, бизга 3,5 тонна ун берилмоқда. Бу 10-15 кунга зўрға етади. Мижозларни йўқотмаслик учун қолган кунларда бозордан қопини 190 минг сўмдан олишга мажбурмиз.
Тадбиркор нон ишлаб чиқариш учун ажратилган ун қайсидир йўллар билан бозорга чиқиб кетаётганини иддао қилади. Давлат солиқ қўмитаси маълумотлари ҳам буни тасдиқлайди. Масалан, жорий йилнинг 8 август ҳолатида 437 минг 379 тонна, яъни 1 090,5 миллиард сўмлик ун шу тарзда сотилиши таъминланган. Жумладан, ишлаб чиқариш корхоналарига 140 минг 185 тонна, чакана савдо субъектларига 41 минг 131 тонна ун етказиб берилган. Бунда маҳаллалар ҳисоб-китоби алоҳида, яъни 8 минг 756 маҳаллада ташкил этилган кўчма савдоларда 252 минг 249 тонна ун аҳолига арзон нархда сотилган. Давлат солиқ хизмати органларининг назорат тадбирларида 158 ҳолатда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан унни ноқонуний сотиш ҳолати аниқланган. Ҳуқуқбузарлардан 481,5 миллион сўмлик ҳамда 13 ҳолатда тадбиркорлик субъектларидан тегишли ҳужжатлари бўлмагани учун 155,8 миллион сўмлик ун олиб қўйилган.
Журналистик суриштирув натижалари қандай?
Шу ўринда савол туғилади. Унни тақсимлаш ҳокимият зиммасига юклатилган бўлса, ноқонуний сотилаётган маҳсулотлар қаердан пайдо бўлди? Тадбиркорлар қопини 190 мингдан олаётган ун-чи?
— Мавзу юзасидан махсус суриштирув ўтказдим, — дейди журналист Сайёра Шоева. — Зеро, ростдан ҳам кейинги кунларда арзон нархдаги ун тақсимотида таниш-билишчиликка йўл қўйилаётгани тўғрисида айтилмоқда. Ўрганишларимиз натижасида ун маҳсулоти рўйхат асосида тақсимланишига қарамасдан, айрим ҳудудларда маҳаллий уннинг ўртача бир килограми 3500 – 4000 сўм атрофида сотилаётгани маълум бўлди. Қизиғи, маҳаллий уннинг бир килограмми учун нарх 2500 сўм этиб белгиланган. Бу унни ортиқча деб ўйлайдиган бўлсак, рўйхатларга кирмай қолган ёки рўйхатда бўлса-да, нисбатан кам ҳажмда харид қилаётган тадбиркорлар ҳам бор экан.
Ҳокимликлар нима дейди?
Ҳокимликларнинг бу борада ўз қарашлари мавжуд. Масалан, Жиззах вилояти ҳокимлиги иқтисод бўлими етакчи мутахассиси Бобур Икромовнинг фикрича, уннинг камлиги ҳокимиятга боғлиқ ҳодиса эмас. Вазият сабабларини ун ишлаб чиқарувчи корхоналардан излаш керак. Бундан ташқари, бозорда бир қоп ун 185-190 минг сўмдан сотилаётгани қуруқ гап, холос. Бундай ҳолат аниқланса, солиқ ва бошқа мутасадди ташкилотлар чора кўришади.
Андижон вилояти ҳокимлиги иқтисодиёт бошқармаси бошлиғи Зоҳиджон Аҳмадалиев эса бошқа фикрда. Унинг айтишича, ун турли дўконларда турли нархда сотилаётганининг сабаби етказиб бериш харажатлари билан боғлиқ. Масалан, айрим маҳаллалар ун заводдан 3 километр узоқда бўлса, бошқаси 70 километр олисликда жойлашган. Йўлкиранинг ҳисобига нархида 4-5 минг сўм фарқ бўлиши мумкин.
Ана холос
Ҳаммаси назоратда бўлса, 125 минг сўмлик ун «қора бозор»га қаердан келяпти? Айрим ҳолларда қолипли нон ишлаб чиқарувчиларнинг ўзлари ҳам бунга сабабчи бўлмоқда. Улар нон чиқаришни тўхтатиб, унни бозорда қимматроқ сотган ҳолатлар аниқланган. Ҳозирда қолипли нон ишлаб чиқаришни ҳам тартибга олиш ҳаракати бошланган. Бунинг учун қолипли нон ишлаб чиқарувчилар рўйхати тегишли ташкилотлар орқали текширилмоқда. Улар бу тадбиркорларнинг қанчалик ҳалол ишлаши ҳақида маълумот йиғиб, мониторинг қилишади. Кейин тасдиқланган рўйхат заводларга берилади. Шу тариқа нон ишлаб чиқарувчилар ун олиб чиқишини солиқ ва тегишли ташкилотлар назорат қилади.
Аммо назорат ишлари қанча кучайтирилмасин, факт фактлигича қолмоқда. Ўзимизда ишлаб чиқарилаётган, рўйхат асосида тақсимланиши учун мўлжалланган, аммо қайсидир йўллар билан бозорга келиб, ноқонуний сотилаётган ун маҳсулотлари бор. Бу масалада тегишли идоралар жиддий шуғулланиб кўришлари лозим.
Улуғбек ИБОДИНОВ
@mahalladosh_uz