July 3, 2020

200 миллион сўмлик уй учун 615 миллион сўм фоиз тўлаш қанчалик адолатли?

Тан олиш керак, ҳамманинг ҳам ер олиб, уй кўтариш ёки тайёр хонадонни сотиб олишга қурби етавермайди. Афсуски, беш қўл баробар эмас. Шу боис кўпчилик ипотека кредити асосида хонадон сотиб олишни ўйлайди. Бироқ фоиз ставкаларининг юқорилиги, бошланғич тўловни амалга ошириш шартлиги, аксарият банклар фақат бирламчи бозор учун кредит ажратиши каби ҳолатлар қатор қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.

Дейлик, ҳозирда янги тартибда ажратилаётган ипотека кредити фақат бирламчи бозордан — янги қурилган уйлардан сотиб олиш учун берилади. Бунда бошланғич тўловнинг 20 фоизини тўлаб, қолганини 20 йил давомида йиллик 20-25 фоиздан тўлаб боришга тўғри келади.

— Очиғи, умумий кредитнинг 20 ёки 25 фоизини олдиндан тўлаш шарти нафақат истеъмолчи ҳуқуқларига, балки бозор қонуниятларига ҳам зиддир, — дейди Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси бош мутахассиси Манижа Баҳриева. — Кўпчилик ушбу миқдордаги суммани йиға олмаётгани учун ҳам кредит ололмай қоляпти. Эътибор берилса, хорижий давлатларда бошланғич тўлов ўртача 5 фоиздан 10 фоизгачани ташкил этади. Бизда қайси мезонлар асосида ипотека кредитларининг фоиз ставкалари белгиланяпти, ҳайронман?

Уй олган одам кредит тўлаш учун яшайдими?

Тўғри, банк ҳеч қачон зарарига ишламайди. Ҳеч қайси давлатда ҳам. Лекин инсофли, адолатли фоизлар ҳисобига ҳам банк фаолиятини юритса бўлади. Бу борада, қўшни давлатларда банклар томонидан аҳолига таклиф этилаётган кредитларнинг ҳам қулайлиги, ҳам фоизлари пастлиги ҳавас уйғотади. Хўш, бизда одамлар ишлаб топган ойлик даромадини 15 ёки 20 йил давомида кредитга тўласинми, оиласини боқсинми, коммунал тўловларни амалга оширсинми? Улар шу вақт давомида еб-ичишдан, кийинишдан ўзини тийсинми? Уй олган одам кредит тўлаш учун яшайдими?

— Дейлик, янги тартиб бўйича берилаётган ипотека кредитлари Тошкент шаҳрида икки хонали квартира учун 264 миллион сўмгача, уч ва ундан кўп хонали квартиралар учун 352 миллион сўмгача ажратилади, — дейди Адлия вазирлиги масъул ходими Фаррух Жўраев. — Ҳозирги ҳисоб-китоб бўйича банк менга 200 миллион сўм ажратса, бу 20 йилга тахминан 815 миллион сўмга айланади. Шунда ойига қарийб 3,4 миллион сўмдан тўлашимга тўғри келяпти. 615 миллион сўмни эса банк менга қарз бериб тургани учун беришим керак экан. Хўш, қани бу ерда адолат?

Шу ўринда масаланинг инсонийлик жиҳатига ҳам эътибор қаратиш керак. Маълумки, кредит олиш учун банкка одатда бир йўла уй сотиб олишга имкони бўлмаган фуқаролар мурожаат этади. Демак, уларнинг топган-тутгани оила харажатларидан ортмайди. Энди ўйлаб кўрайлик, уйга бўлган эҳтиёжи учун кредит олишга мажбур бўлган одамнинг бўйнига катта фоизларни «илиб» қўйиш инсонийлик мезонларига қанчалик тўғри келади?

Нега банкларда фоиз ставкаси юқори?

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Марказий банкнинг асосий ставкаси 15 фоизга пасайган бўлса-да, нега тижорат банкларида фоиз ставкаси ҳамон юқорилигича қолмоқда? Бу, айниқса, истеъмол ва ипотека кредитларида кўринмоқда. Бу ҳол Ўзбекистонда молиявий рисклар юқорилигидан даракми?

— Тижорат банкларининг кредит ресурслари бўйича фоиз ставкалари ушбу ресурсларнинг қиймати ва кредитга бўлган талаб даражаси билан боғлиқ, — дейди Марказий банк департамент директори Акмал Назаров. — Бугунги кунда иқтисодиётда узоқ муддатли ресурслар бўйича танқислик мавжуд. Шу билан бирга, йиллар давомида йиғилиб келган кредит чанқоқлиги сўнгги икки йилда юзага чиқди. Бу, ўз навбатида, фоиз ставкаларининг ошишига олиб келди. Яқинда бўлиб ўтган Бошқарув йиғилишида кредитлар бўйича фоиз ставкаларини мақбул даражасигача пасайтириш бўйича ҳам алоҳида тизим тасдиқланди ва банклар томонидан ажратиладиган кредитлар бўйича мақбул ставка 21 фоиз этиб белгиланди.

Албатта, янги механизмнинг амалиётга жорий этилиши, инфляция даражаси пасайиб бориши ва иқтисодиётда узоқ муддатли пуллар кўпайиб бориши миллий валютадаги ресурслар нархларининг арзонлашишига ва кредитлаш бозорида фоиз ставкаларининг пасайишига олиб келади.

Уйлар нархи 15 фоизга ошади...(ми?)

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 28 ноябрдаги ПФ-5886-сонли фармонига асосан, «Ўзшаҳар қурилиш инвест» ИК 2017-2019 йиллар дастурлари бўйича қурилган уй-жойларни реализация қилишда 2020 йил 1 июлга қадар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинганди. Шу санадан эътиборан, ипотека кредити асосидаги уй-жойлар нархига 15 фоиз миқдорида ҚҚС қўшилади. Хўш, бу нима дегани? Энди кредит ҳисобига олинган барча уйларнинг нархига 15 фоиз қўшиладими?

— Албатта, агар фуқаролар 1 июлга қадар уй-жойини ўз номига расмийлаштирмаган бўлса, энди мазкур фоиз тўловига ҚҚС ҳам қўшилади, — дейди «Ўзшаҳар қурилиш инвест» ИК бўлим бошлиғи ўринбосари Лазиз Умаров. — Ўз навбатида, бундан буён ҚҚС миқдори билан республикадаги барча янги қурилган уйларда нархлар 15 фоизга кўтарилади. Масалан, 1 метр квадрат ўртача 3 980 000 сўмлик уй-жойларда нарх ҚҚС билан 4 577 000 сўмни (ҚҚС 597 000 сўм) ташкил қилади.

*  *  *

Аслида уй-жой одамлар учун шунчаки бошпана эмас, она Ватаннинг бир бўлаги, орзу-ҳаваслар манзили, осойишталик, хотиржамлик тимсоли. Зеро, халқимиз «Уйи борнинг — ўйи йўқ» деб бежиз айтмайди. Бахтни ҳам ана шу мезон билан ўлчайди. Демак, бу жараёнда унга қулайликлар яратиш, муносиб нархларда уй-жой олишига кўмаклашиш ҳаётдан рози яшашига хизмат қилади.

Санжар ИСМАТОВ тайёрлади.


Телеграм: @mahalladosh_uz