Ҳар бир хонадон, кўча ва маҳаллани обод қилиш — бош мақсадимиз!
Обод маҳалла, шубҳасиз, обод хонадон, кўчадан бошланади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев мазкур масалага кўп бора тўхталаётгани боиси ҳам шунда. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида маҳалла тизими фаолиятида учраётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, «Обод хонадон», «Обод кўча» ва «Обод маҳалла» тамойилини ижтимоий ҳаётга кенг жорий этишнинг устувор вазифаларига қаратилган видеоселектор йиғилишида мазкур мавзу батафсил муҳокама этилди. Камчиликлар таҳлил қилиниб, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар режаси таҳлил қилинди. Республикамизнинг барча вилоятларидаги тизим ходимлари билан видеокўприк орқали мулоқот янги тамойилнинг асосий жиҳатлари, бу борада қуйи тузилмалар олдида турган долзарб вазифалар, уларни амалга ошириш чора-тадбирлари мукаммал тушунтирилди.
Масъулият оширилиши керак
Ўтган давр мобайнида маҳалла тизими фаолиятини ривожлантириш, «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилига асосланган янги тизимни ҳар бир маҳаллада жорий этиш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, маҳаллаларда ишни тўғри ташкил этиш, камбағалликни қисқартириш, томорқадан самарали фойдаланиш, ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича вазирлик томонидан бир қанча дастур ва режалар ишлаб чиқилган.
Видеоселектор йиғилишида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов соҳа вакилларининг ўз вазифаларини янада уюшқоқлик билан олиб бориши учун, аввало, ишга бўлган муносабат ва масъулиятни ошириш, ҳудудлардаги ишларни тўғри ташкил этиш, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, «Маҳалла – адолат мезони эканлиги, уларнинг иши адолат мезонларига таяниши лозим»лигини ҳар доимо юракдан ҳис қилиш зарурлигини таъкидлади.
Дарҳақиқат, обод маҳалла — бу бизнинг, энг аввало, фаровон оилаларимиз, қадриятлар бешиги бўлган маҳаллада ўсиб-улғаяётган маънавий ва жисмоний баркамол ёшларимиз, кўркам қишлоқларимиз, замонавий ва файзли масканларимиздир. Аммо ўтган йиллар давомида соҳада ечимини кутаётган масалалар йиғилиб қолганди. Биргина фуқаролар йиғинлари зиммасига 200 дан ортиқ вазифаларнинг юклатилгани, турли ташкилот ва маҳаллий ҳокимият вакиллари томонидан маҳалла тизими вакилларига доимий равишда бошқа топшириқлар бириктириб борилгани бу борада якдил бир қарор қабул қилиш эҳтиёжини туғдириб келмоқда эди.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги эса бу борадаги муаммоларга катта ечим бўлиш билан бирга, маҳаллаларда тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларни оқилона ҳал этиш, тинчлик-осойишталикни асраб-авайлашда бизга берилган катта имконият бўлди. Бир сўз билан айтганда, бунинг натижасида жойларда муаммоларни ҳал қилишнинг яхлит ва таъсирчан вертикал тизими яратилди.
— Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир оила, кўча ва маҳаллаларимизда «Обод хонадон», «Обод кўча», «Обод маҳалла» тамойилларини кенг жорий этиш бўйича белгилаб берилган вазифаларни барчамиз, аввало, ўз иш услубимиз учун асосий тамойил сифатида белгилаб олишимиз, бу ғояларни кенг жамоатчилигимиз орқали халқимиз турмуш тарзи ва маданиятига сингдиришимиз лозим, — деди Раҳмат Маматов. — Натижада мамлакатимизнинг барча ҳудудларида обод гўшалар, кўркам масканлар, маҳаллаларимизда намунавий хонадон ва кўчалар сони ортиб бораверади. Ана шундагина одамларимизнинг ҳаётга ишончи юксалиб, яшашга, келажакка интилиши янада кучаяди. Бир сўз билан айтганда, ободлик бор жойда файзу барака, ривожланиш бўлади.
Янги Ҳаракатлар режаси — тартиб-интизом мезони
Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан «Обод хонадон», «Обод кўча», «Обод маҳалла» тамойилларини амалиётга жорий этиш, ҳар бир оилада маиший маданиятни мустаҳкамлаш, хонадонлар ва кўчаларни обод қилиш бўйича белгилаб берилган муҳим вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу муҳим ҳаётий аҳамиятга молик тамойилларни республикамизнинг барча маҳаллаларида қарор топтириш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан шу йилнинг 10 июнидан бошлаб аҳоли орасида тарғибот ва амалий чора-тадбирларни июнь-август ойларида амалга оширишга қаратилган Ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди.
6 та йўналиш ва 44 та банддан иборат ушбу Ҳаракатлар режасининг ижросини таъминлаш доирасида карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда маҳаллалардаги ҳар бир кўчани ободонлаштириш, хонадон ва томорқа маданиятини ривожлантириш, оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар маънавиятини юксалтиришга қаратилган қатор тадбирлар олиб борилади ва амалий чоралар кўрилади.
Кекса авлод вакиллари ёшларга кўмакдош
Мазкур хайрли ва савобли ишларга туман ва шаҳарларда ташкил этилган Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари аъзолари ҳам фаол жалб этилади. Шунингдек, кам таъминланган ва камбағал оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини касб-ҳунарга ўргатиш, иш билан таъминлаш, даромад манбаини шакллантириш орқали уларни камбағалликдан чиқариш чоралари ҳам амалга оширилади. Ижтимоий фаол кекса авлод вакилларини кенг жалб этган ҳолда ёшларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш, уларнинг маънавиятини юксалтириш, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган тадбирлар ўтказилади.
«Саломатлик учун беш минг қадам» шиори остида ҳар куни кечки пайт маҳаллаларда ташаббускор нуронийлар ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирокида пиёда юриш тадбирлари ташкиллаштирилади. Видеоселектор йиғилишида қайд этилганидек, Ҳаракатлар режасида белгиланган чора-тадбирларни карантин қоидаларига қатъий риоя этган, ижтимоий масофани сақлаган ҳолда бажариш чоралари кўрилади.
Тадбирда Ҳаракатлар режаси доирасида ишлаб чиқилган ва Тошкент вилояти Оққўрғон туманида амалга ошириладиган чора-тадбирлар Дастури мисолида ҳар бир туман (шаҳар) ўз дастурини тасдиқлаб, шу асосда иш олиб бориши зарурлиги айтиб ўтилди.
Улуғбек ИБОДИНОВ
«Mahalla»