Ёғ нархи яна қимматлашадими?
Oзиқ-овқат турлари орасида ёғ-мой маҳсулотларига талаб ва эҳтиёж алоҳида ўрин эгаллайди. Бу маҳсулотларнинг салмоқли қисми эса хориждан импорт қилинади. Ўзимиз ҳам айнан чет эл маҳсулотини харид қилишга одатланганмиз. Бу эса келгусида аҳоли ёғ-мой истеъмолининг қондирилишини савол остига қўяди. Хўш, юртимиз ёғ-мой ишлаб чиқариш соҳаси ички бозоримизни ўз маҳсулотлари билан тўлдиришга қодир эмасми? Пандемия шароитида дўконларимиздаги ёғ-мой маҳсулотлари яна қимматлашмайдими? Бунинг олдини олиш учун қандай ишлар амалга ошириляпти?
Карантин даврида тақчиллик сезилмади
— Пандемиянинг салбий таъсири мамлакатимиз ёғ-мой саноатида ҳам сезилди, — дейди «Ўзёғмойсаноат» уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Фахриддин Колонов. — Юртимизда 200 дан зиёд йирик ва кичик ёғ-мой корхоналари фаолият кўрсатаётган бўлса, улардан 80 дан ошиғи уюшмамиз аъзолари ҳисобланади. Аслида жорий йилнинг 5 ойи якунида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан 105-106 фоизга ўсиши керак эди. Лекин карантин даврида баъзи корхоналаримиз ишламади, баъзилари эса 50 фоиз қувват билан ишлади. Натижада маҳсулот ишлаб чиқаришда бирмунча узилишлар бўлиб, кутилганидан 3-4 фоиз камроқ ўсиш суръатига эришилди. Шу даврда 111 минг тонна ўсимлик мойи, 8,5 минг тонна маргарин маҳсулоти ишлаб чиқарилди. Карантин даврида аҳолини узлуксиз ўсимлик мойи билан таъминлашга ҳаракат қилдик. Шунинг учун бирор-бир ҳудудда ўсимлик мойи ёки бошқа ёғ-мой маҳсулотлари тақчиллиги сезилмади, нархи ҳам кескин ошиб кетмади.
Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда, маҳсулотлар экспортида пандемиянинг салбий оқибатлари сезилмади. Чунки жорий йилда 10 та лойиҳа бўйича 28 млн. АҚШ долларилик инвестиция ўзлаштирилиши кўзда тутилган бўлса, ўтган 5 ой давомида 13,5 млн. АҚШ долларилик инвестиция ўзлаштирилди. Ўтган йили Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида сояни қайта ишлайдиган корхона ташкил қилинган эди. Тўла қувват билан ишлаётган мазкур корхона йилига 30 минг тонна маҳсулот етказиб беради. У нафақат Ўзбекистонда, Марказий Осиёда ҳам ягона ҳисобланади.
Нархлар кескин ошиб кетмайди
Юртдошларимизни сифатли ёғ- мой маҳсулотлари билан таъминлаш баробарида, импорт маҳсулотлари кириб келишини кескин қисқартириш чоралари кўрилмоқда. Шу сабабли Ангрен иқтисодий саноат зонасида яна бир корхона ташкил этиш режалаштириляпти. Ҳозирда корхонанинг пойдевори қўйилиб, асосий ускуналар ўрнатишга киришилди. 2021 йилдан бошлаб корхона тўлиқ ишга тушади.
Барча вилоятларда инвестицион лойиҳалар амалга ошириляпти. Бу инвестицион лойиҳалар нималарга қаратилган? Корхоналарда ускуналар бироз эскирган бўлиб, улар янги энерготежамкор ускуналар билан алмаштириляпти. Мазкур ўзгаришлар натижасида ўтган беш ой давомида 8 миллиард сўмлик маҳсулотларнинг таннархи арзонлашди. Бу ўн фоизга маҳсулот арзон бўлди, дегани. Айни вақтда корхоналаримизда 18 минг тоннадан ортиқроқ ёғ-мой захираси мавжуд. Айтиш мумкинки, йил охиригача нархлар кескин ошиб кетмайди ва тақчиллик юзага келмайди.
Хомашё таъминоти яхшиланади
Айни вақтда юртимизда ўсимлик ёғига бўлган йиллик талаб 400 минг тоннани ташкил этади. Унинг 280 минг тоннаси ўзимизда ишлаб чиқарилса, қолгани импорт ҳисобидан қопланмоқда. Айтиш жоизки, соҳадаги энг катта муаммо — хомашё етишмаслиги. Юртимизда 2 миллион тонна пахта чигити, 200- 300 минг тонна бошқа хомашёлар бор. Ишлаб чиқариш қувватимиз эса 5 миллион тонна бўлиб, қарийб 2,5 баробар ортиқдир. Шу боис хомашё етиштиришга эътибор кучайтирилмоқда. Мисол учун, Жиззах вилоятида махсар экиладиган майдон 30-40 минг гектарга етди. Андижон ва Наманган вилоятларида кунгабоқар етиштириш анъанага айланди. Яқин йилларда уларни такрорий экин сифатида ҳам экиш оммалашади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 июндаги мажлис баёнига асосан, 2020-2023 йилларда ёғ- мой корхоналарига мойли экинларни етиштириш имкони мавжуд бўлган, фойдаланишдан чиқиб кетган ер майдонларини ажратиш ҳажмлари кўрсатилди. Жумладан, жорий йилда 3,0 минг гектар фойдаланишдан чиқиб кетган ер майдонлари ёғ-мой корхоналарига бириктирилиши кўзда тутилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 июндаги «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан, уюшма тизимидаги 22 та ёғ-мой корхонасига ушбу ер майдонларида барпо этиладиган инфратузилма объектларини (дала шийпон, маҳсулотлар сақланадиган омборхоналар, суғориш иншоотлари ва бошқалар) жойлаштиришга рухсат берилди ҳамда ерни ўзлаштириш учун олиб келинадиган ва республикада ишлаб чиқарилмайдиган хомашё, материаллар (шу жумладан, мойли экинлар уруғликлари), техника, асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар Ҳукумат томонидан белгиланган тартибда божхона тўловларини (қўшилган қиймат солиғидан ташқари) тўлашдан озод қилинди.
Бундан ташқари, ёғ-мой корхоналари инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар бир гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни фойдаланишга киритиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизини, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробаридан ошмаган қисмини қоплаб беради. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан сув таъминоти тизимларини қуриш, реконструкция қилишга жалб этиладиган кредитларнинг бир гектар ҳисобига 40 миллион сўмдан ошмайдиган қисмига тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 5 фоизлик пунктини қоплаш кўзда тутилган.
Жорий йилда уюшма тизимидаги ёғ-мой корхоналари фермер хўжаликлари билан ҳамкорликда қарийб 9 минг гектар бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонга кунгабоқар экиш ва 14,5 минг тонна ҳосил жамғаришни мақсад қилишган. Шу боис ҳудудларда ғалладан бўшаган майдонларни шудгорлаш ва такрорий экинларни жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мавсум бошидан буён такрорий экин сифатида 1 минг 700 гектар майдонга кунгабоқар уруғи экилди.
Хулоса ўрнида
Бир сўз билан айтганда, ёғ- мой саноатини ривожлантириш учун давлатимиз томонидан кенг кўламли чоралар кўриляпти. Бусиз иложи ҳам йўқ. Корхоналарни модернизациялаш, ишлаб чиқариш кўлами ва сифатини ошириш, соҳани етарли хомашё билан таъминлаш ҳамда бошқа керакли ишларнинг самарали амалга оширилишидан умид қилишимиз мумкин. Демак, имкониятлар тўлиқ ишга солинса, ҳар қандай ҳолатда ҳам бозорларимизда ёғ- мой маҳсулотлари етишмовчилиги кузатилмайди.
Тўлқин ШЕРНАЕВ
«Mahalla»
Телеграм: @mahalladosh_uz