June 10, 2020

Йўлларни таъмирлаш учун «фойдаланувчи тўлайди» тизими жорий этилади...(ми?)

Маълумки, АҚШ кўплаб соҳалар қатори ўзининг сифатли автомобиль йўллари билан мақтана оладиган дунёдаги илғор давлатлар сирасига киради. Қолаверса, ушбу омил мамлакат иқтисодий тараққиётининг сири сифатида ҳам эътироф этилади. Ҳатто, бу борада «Америкаликлар бой бўлгани учун йўл қургани йўқ, йўл қургани учун бой бўлган» деган асосли фикрлар ҳам айтилади.

Ёки бўлмаса, Хитойни олайлик. Бу мамлакат ярим аср аввал қаттиқ қопламали йўллар масаласида дунёдаги энг қолоқ давлатлардан бири ҳисобланарди. Бироқ ўтган асрнинг саксонинчи йилларига келиб, хитойликлар сифатли йўл қурмай, иқтисодий барқарорликка эришиб бўлмаслигини тушуниб етди. Халқ орасида «Бойишни истасак, йўл қуришимиз керак» деган шиорлар пайдо бўлди. Натижада Хитой бугун дунёнинг энг тараққий этган давлатлари сафидан муносиб ўрин эгаллади.

«Йўллар сифати борасида эътирозлар жуда кўп»

Яширмаймиз, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам замонавий транспорт коммуникация тизимини яратиш, халқаро ва ички аҳамиятга эга автомобиль йўлларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Бироқ қилинаётган бу саъй-ҳаракатлар соҳадаги муаммоларга тўлиқ ечим бўлаётгани йўқ. Афсуски, бугун умумий фойдаланишдаги ва ички йўлларимизнинг сифати борасида фуқароларимизда кўплаб эътирозлар пайдо бўлмоқда. Тизимдаги муаммоларни ҳал этиш учун амалга оширилаётган ишлардан эса кўнгил тўлмайди.

Хабарингиз бор, жорий йил 25 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев транспорт соҳасининг барқарор ишлашини таъминлаш ва изчил ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Унда давлатимиз раҳбари ички йўллар масаласига ҳам алоҳида тўхталиб, уларнинг ҳолати ёмонлиги, одамлар бундан норози эканини қайд этаркан, 80 минг километр ички йўлларни реконструкция қилиш, бу борада бутун дунёда қўлланиб келинаётган «фойдаланувчи тўлайди» тизимини жорий этиш зарурлигини айтиб ўтди.

«Йўл» фондини қайта тиклаш керакми?

— Ҳозирда мамлакатимиздаги қарийб 70 фоиз йўл тармоғи таъмирга муҳтож, — дейди Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти Автомобиль йўлларини қуриш ва эксплуатация қилиш кафедраси мудири, техника фанлар номзоди, профессор Аслиддин Ўроқов. — Имкониятларимиздан тўлиқ фойдалана олсак, йилида йўлларнинг 5-6 фоизини таъмирлашга имконимиз етади. Бироқ қолгани-чи?!

Айтиш лозимки, Президентимиз илгари сураётган «фойдаланувчи тўлайди» тизими кўп жиҳатдан ички автомобиль йўллари сифатини таъминлашда бугунги кун талабларига мос келади. Кўпгина давлатлар қонунчилигида «ифлослантирувчи тўлайди» тамойилига асосланиб «фойдаланувчи тўлайди» тамойили киритилган. Бу тизимлар тўлиқ ўхшаш эмас, лекин «ифлослантирувчи тўлайди» тамойилида ресурслардан фойдалангани ҳисобига унинг кейинчалик қайта тикланиши учун ҳақ тўланиши талаб этилади. «Фойдаланувчи тўлайди» тамойили киритилишига ҳам йўлдан фойдаланган автотранспорт воситалари, айниқса, оғир юк автомобиллари йўлларни емирилишига сабабчи бўлганлиги учун ҳам, кейинчалик йўлларни қайта тикланишига ҳақ тўланиши асос қилиб олинган. Ҳозирда кўпгина Европа давлатларида ушбу тамойил қўлланилмоқда. Бу тизимни йўлга қўйиш учун, аввало, йўл соҳасига йўналтириладиган маблағлар манбаси аниқ бўлиши ва бу пуллар фақат ва фақат йўллар учунгина сарфланиши керак. Мисол учун, дунёнинг илғор мамлакатлари тажрибасида йўлларни лойиҳалаш, қуриш, таъмирлаш, реконструкция ва эксплуатация қилиш учун кетадиган зарур маблағлар, солиқ тушумлари «Йўл фонди» ҳисобида жамланади. Тўғри, мамлакатимизда ҳам илгари ана шундай фонд бўлган, бироқ яқин йилларда унинг фаолияти маълум сабабларга кўра тугатилди. Агар мазкур фондни қайта тикласак, давлатимиз раҳбари айтган «фойдаланувчи тўлайди» тизимини амалиётга муваффақиятли татбиқ эта оламиз. Лекин агар сарфланадиган «Йўл» фонди маблағлари самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлай олмасак, бу ҳам муаммога ечим бўлмайди. Бунинг учун йўл ишларига ишлатилаётган харажатлар самарадорлик индикаторларини белгилаб олиш керак ва шу асосида маблағларни мақсадли режалаштириш тизимига ўтиш лозим.

Йўл қуриш эмас, уни «ямаш» билан оворамиз

Хабарингиз бўлса, 2019 йилнинг январь ойидан ҳайдовчилар 1 литр бензин пулининг 20 фоизини қўшимча акциз солиғи сифатида тўлаб келмоқда. Хўш, ана шу маблағларнинг қанчаси йўллар учун сарфланмоқда?

— Очиғини айтиш керак, юртимизда акциз солиғидан йўл ишларига маблағлар йўналтиришни назорат қилиш механизми яхши ишламайди, — дейди Аслиддин Ўроқов. — Мисол учун, мамлакатимизнинг бирор шаҳар ёки туманидаги суюлтирилган газ ёки бензин қуйиш шохобчасидан харид қилинган маҳсулотнинг акциз солиғи тўғридан-тўғри ана шу ҳудуднинг маҳаллий бюджетига тушади. У маблағлар қонуний асосда, мақсадли равишда шаҳар кўчалари қурилиши ва таъмирига йўналтирилиши лозим. Бироқ айрим маҳаллий раҳбарлар бу маблағни автомобиль йўлларини таъмирлаш учун эмас, балки ўз ҳудудида оқсаётган қайсидир соҳани ривожлантиришга йўналтиради. Ўйламанки, агар «Йўл» фондини тикласак, давлатимиз раҳбари айтган «фойдаланувчи тўлайди» тизимини соҳага тўлиқ татбиқ этиш билан бирга, бундай муаммоларни ҳам бартараф этамиз. Яъни тизимга йўналтирилаётган пулларни марказлашган ҳолда назорат қилиш, йўллар учун ажратилаётган маблағлардан мақсадли фойдаланиш имкони туғилади. Бир нарсани унутмайлик, биз бугун йўл соҳасида нимадир иш қиляпмиз деяпмизу, лекин аксарият ҳолларда йўлларни «ямаш» билан оворамиз. Агар муаммоларга ижобий ечим топишни истасак, масалага бўлган ёндашувни тубдан ўзгартиришимиз шарт. Ана шунда давлатимиз раҳбари таъкидлаган тизим тўлиқ ишлай бошлайди. Фақат «ямаш» билангина иш битмаслигини, ҳеч бир соҳа сифатли автомобиль йўлларисиз ривожланмаслигини тушуниб етишимиз зарур. Акс ҳолда 100 йилдан кейин ҳам «Йўлларимиз нега сифатсиз?» деб юраверамиз.

Малакали кадрларсиз муаммо ҳал бўлмайди

Аслида қандай соҳа бўлмасин, унинг ривожида илм-фанга қаратилган эътибор муҳим ўринга эга. Айниқса, сифатли йўл қуриш тармоғида етук ва малакали кадрларга доим талаб юқори бўлган.

Бироқ тан олиш лозим, юртимизда охирги 15-20 йил давомида соҳа учун малакали кадрлар тайёрлашга жиддий эътибор берилмади, илмий тадқиқот ишларига эса панжа орасидан қаралди. Натижада автомобиль йўлларини лойиҳалаш ва қуриш борасида ён қўшниларимиздан ҳам ортда қолиб кетдик. Шундай экан, маҳаллий кадрлар малакасини ошириш, уларнинг йўлсозлик соҳасида илғор мамлакатлар мутахассислари билан тажриба алмашишлари учун шароит яратиш, тизимга инновацион лойиҳаларни кенг татбиқ этиш, бунинг учун илмий соҳага етарли маблағ ажратиш зарур. Ана шунда тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар натижадорлиги янада ортади.

Саъдулло ТУРСУНОВ


@mahalladosh_uz