January 15, 2019

Савол: Илм билан ибодатдан бирини танлашимиз керак бўлса, нима қиламиз?

Жавоб: Ибодатлар ҳам, илм ҳам турли даражалар ва синфларга бўлинади.

Агар фарз ва вожиб ибодатлар бўлса, у ҳар қандай илм олишдан устун бўлади. Аллоҳ азза ва жалла айтдики:

‎وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ 

"Инсон ва жинни бизга ибодат қилиш учунгина яратдик" Зориёт, 51- оят.

Ҳадислардан ҳам бунга далиллар кўп:

عن عبد الله: سألت النبي ﷺ أي العمل أحب إلى الله تعالى؟ قال ﷺ: الصلاة على وقتها.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳдан соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрадим: "Амалларнинг энг яхшиси қайси?" Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Вақтида ўқилган намоз".

Юқоридаги ҳадисда фарз намозлари кўзда тутилган. Ушбу оят ва ҳадисдан тушуниладики, шубҳасиз, фарз ибодатлар ҳаётимизнинг мақсади ва моҳиятидир. Биз шунинг учун яратилганмиз, шунинг учунгина яшаймиз. Бутун борлиқ: еру осмон ва ундаги барча нарсалар мана шу учунгина яратилгандир.

Бинобарин, илм олишдан мақсад ҳам ибодатни тўғри ва давомли қилиш бўлади. Илмлар диний ва дунёвий илмларга бўлинади. Диний илмларни ибодатни тўғри қила олиш учун ўрганамиз. Жумладан, Аллоҳнинг бирлигини англаш учун ақидани, намозни тўғри ўқиш фиқҳни, Аллоҳнинг Каломини тушуниш учун араб тили, тафсир ва бошқа илмларни ўрганамиз.

Ҳудди шундай, дунёвий илмларни ҳам ўзимиз, яқинларимиз, жамият ва уммат учун дунёни обод қилган ҳолда, унда ибодатда бардавом бўлишимиз, жаҳолат ва зулмни нур ва адолатга алмаштиришимиз учун ўрганамиз. Жумладан, иқтисодни моддий фаравонликка эришишнинг дунёвий сабабларини бажариб, натижада ибодатда давом эта олишимиз учун, медицинани (тиббиётни), масалан, касалларни тузатиб, савобли ишларда бардавом бўлишларига ёрдам бериш учун, муҳандисликни ҳаётимизни осонлаштириб, яхшироқ ҳаёт кечиришимиз ва кўпроқ хайрли ишлар қила олишимиз учун ўрганамиз.

Халқимиз футболни яхши кўргани учун ўзим ёқтирмасам-да, шундан мисол келтираман.

Бразилия терма жамоаси Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун Қатарга келса, Қатарда араблар таомларидан тановул қилиши, сайр қилиши, расмга тушиши ёки ухлаши табиий ҳолдир. Бироқ улар ҳеч қачон "Биз мана шу ишлар учун келдик" демайдилар. Балки, футбол учун келдик, қолганларини асосий мақсадимизга ҳалақит бермаган ҳолда қилдик дейдилар. Ахир финалга етиб борсалару, финал пайти энг яхши ўйинчилари ухлаб ётса мисликўрилмас аҳмоқлик бўлади-ку.

Аллоҳ бизни Ўзига ибодат қилишимиз учунгина яратган экан, ибодатларнинг энг афзали, фарзи ва рукни бўлган намозни ташлашимиз ўйинчиларнинг финалга бормай музқаймоқ ейишга боришлари бўлади. Фарз намозини ўқимай, бироқ шаръий илм билан машғулман, деган одам эса, финалга бормай, уйда яхшироқ ўйнашни машқ қилдик, деган билан баробардир.

Шундай экан, фарз ибодатлар доимо бирламчи бўлади.

Қолаверса, бир кунда 17 ракаат фарз намози ўқийсиз. Бир ракаат намоз одатда 1-2 дақиқа вақтингизни олади. Демак, фарз намозларингиз 20 дақиқадан 40 дақиқагача вақтингизни олар экан. Хўш, 24 соатдан 40 дақиқасини оламларни яратган Роббингизга ажратишингиз ва унда таҳорат билан покланган ҳолда сажда қилиб, Аллоҳга дуо-илтижолар қилишингиз сизни илмдан тўсиши мумкинми?!

Албатта, олимнинг обиддан фазли юроқи экани ҳақида ҳадислар ва уламолар сўзлари бор.

Бироқ ундаги ибодат, уламолар ижмоси билан, нафл ибодатлардир. Шундай экан, умматга муҳандис (инженер) ёки табиб (доктор) жуда керак бўлган бир пайтда уйда қамалиб нафл намози ўқиганингиздан, инженерликни ёки тибни ўрганиб, шу фарзи кифояни умматдан кўтарганингиз яхшироқ, хусусан, бу касбларга салоҳиятли бўлсангиз.

Шу маънода, нафл ибодатларга шўнғиб кетиб, илм олмаслик хато бўлади.

Бироқ, юқорида келтирилган аргументлардан тушунамизки, фарз ибодатлари илм олишга тўсиқ бўлмайди. Шундай экан, "ибодатни танлайсанми, илмними" дейиш - "чойни танлайсанми нонними" дейишга ўхшайди, "иккаласиниям танлайман" дейишингиз тўғри бўлади.

Қолаверса, унутмаслик керакки, дунёвий илмлар олиш ҳам, ишлаб пул топиш ҳам, овқатланиш ва ухлаш ҳам агар Аллоҳга ибодат қилиш ниятида қилинса, ибодат мақомида бўлади. Шундай экан, ибодат нияти билан кундалик ишларингизнинг аксарини, ҳатто бутун ҳаётингизни ибодатга айлантириб юборишингиз мумкин.

Шу ўринда бир муҳим нуқтага эътиборингизни қаратмоқчи эдим: баъзида дин ва илмдан бирини танлашга мажбурлик сунъий равишда яратилиши мумкин. Масалан, "ё ҳижоб - ё ўқиш", "ё намоз ё дарс" дегандек. Бундай қарорлар ислом асосларига ҳам, ўзбекчилик ва миллий тарихимиз тамойилларига ҳам, давлат Конституцияси принципларига ҳам зиддир. Умид қиламизки, коммунистлардан қолиб кетган ва мустақилликдан кейин янгича тус олган бундай чекловлар бекор қилинади. Зеро, мусулмон қизнинг бошидаги бир парча латта ёки мусулмон йигит-қизларнинг тўрт дақиқа вақт ажратиб Аллоҳ учун сажда қилишлари уларнинг яхшироқ инсон бўлиб етишишларига сабаб бўлади, асло тўсиқ бўлмайди.

Аллоҳ миллатимизни барча илмларда дунёда етакчи бўлишга муваффақ қилсин! Бизларни ва зурриёдларимизни намоз ва рўза билан, тоат ибодат билан, илм ва маърифат билан ҳаёт кечирувчилардан қилсин!

Маҳмуд Усмон

Мадина Ислом университети талабаси

Телеграмда манзилимиз:

https://t.me/MahmudUsmon