Илон ва арра

Илон судралиб кетаётиб йўл ўртасида унутиб қолдирилган аррага туртилиб кетибди. Арранинг ўткир тиғлари терисини озроқ тилиб юборибди. Бундан ғазабга келган илон уни бир чақиб, тишлаб, эсини киритиб қўймоқчи бўлибди. Афсуски, арранинг ўткир тишлари илоннинг оғзини баттар тилиб, унга янаям қаттиқроқ жароҳат етказибди. Илон қўрқув ва ғазабда душманига сўнгги - ҳалок қилувчи зарбани бериш учун уни бутун танаси билан ўраб, бўғиб олибди. Арранинг тишлари танасига чуқур ботиб, қаттиқ азоб бера бошлабди. Илон ҳаёти учун охиригача курашиб, душманни албатта енгишни азм қилганича бор кучи билан аррани бўғишда давом этибди. Арра уни бир неча бўлакларга бўлиб юборибди. Илон ҳалок бўлибди.

°°°

Азиз дўстим, биз мана шу илондек нодон бўлмайлик. Бизга озроқ озори етган ҳар қандай кимса душманимиз бўлавермайди. Уларнинг ҳар бири билан жанг қилишимизга ҳам асло ҳожат йўқ . Баъзида индамай юз ўгириб кетиш ягона оқилона йўл бўлади. Бироқ ғазаб қилсак, вақтимиз ва кучимизни ҳар бир "туртилиб" кетганимиз аррага сарфлайверсак, ўзимиз билан ўзимиз жанг қилаётган бўламиз ва ўзимизни ҳалок қилишдан бошқасига эришмаймиз.

Маҳмуд Усмон 

Мадина Ислом университети талабаси

Телеграмда манзилимиз

https://t.me/MahmudUsmon