Кўп квартирали уйларни бошқаришда янги қоидалар қўйилди - президент қарори
Эндиликда кўп квартирали уйларнинг умумий мулки ҳудудида қўшимча объект қуриш тақиқланади. Бу ҳақида президент қабул қилган ПҚ–346-сонли қарорда назарда тутилган.
⠀
Ҳужжат билан 1 сентябргача муаммоли кредит қарзи бор уй-жой мулкдорлари ширкатининг (ЖЕК) бошқарув усулини ўзгартириш бўйича умумий йиғилиш қарори қабул қилинса, улар давлат томонидан қўллаб-қувватланади.
⠀
Бунда:
⠀
— Муаммоли банк кредитлари бор ширкатлар банкнинг хулосаси олинган тақдирда тугатилиши мумкин;
⠀
— Тугатилган ёки бошқариш усули ўзгартирилган ширкатлар бошқарувидаги кўп квартирали уйларни бошқариш учун, қоида тариқасида, рейтинги юқори бўлган бошқарувчи ташкилотлар жалб қилинади;
⠀
— Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги жалб қилинган бошқарувчи ташкилот фаолиятини, хизматлар сифатини 6 ой мониторинг қилади ва кўп квартирали уйларни бошқариш фаолиятини амалга ошириш қоидаларига риоя қилмаган бошқарувчи ташкилотларга чораларни қўллайди.
⠀
Шунингдек, 1 ноябрдан кўп квартирали уйларни бошқариш органлари бошқарув фаолиятини, улар электрон реестрга киритилгандан сўнг амалга оширади.
⠀
Уйларни қуриш лойиҳа ҳужжатларида, кадастр паспортида умумий фойдаланишдаги мулк рўйхати аниқ кўрсатилади.
⠀
Қурилиши тугалланган кўп квартирали уйларга рухсатнома берилганидан сўнг лойиҳа ҳужжатлари, кадастр паспорти ва мазкур рухсатномага умумий мол-мулкни камайтириш ва туташ ерда қўшимча объект қуриш учун ўзгартириш киритиш тақиқланади.