Uzbekistan GTL да авария содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Компания маъмурияти буни рад этди
Сўнгги кунларда айрим ижтимоий тармоқларда Uzbekistan GTL заводининг фаолиятига оид асосланмаган, завод ҳудудида авария содир бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Завод маъмурияти хабарлар юзасидан расмий маълумот берди.
Унда ёзилишича, айрим интернет тармоқлари интернетдан олинган, заводга алоқадор бўлмаган, фейк суратлар билан бирга заводнинг фаолиятига оид асосланмаган хабарлар тарқатмоқда.
“Uzbekistan GTL” МЧЖ томонидан ёлғон ахборотни тарқатиш факти юзасидан ваколатли идораларга мурожаат этиш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.
“Uzbekistan GTL” компанияси GTL заводида синтетик нефть ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилгани ҳамда асосий маҳсулот ишлаб чиқаришга якуний созлаш ишлари одатий тартибда давом этаётганлигини расман маълум қилади. Шу билан биргаликда “Uzbekistan GTL” компанияси маълумот эълон қилишда уларнинг тўғрилиги текшириб кўрилишини, шунингдек аҳоли ишончини суиистеъмол қилишдан эҳтиёт бўлишни сўраб қолади”, дейилади маълумотда.