Ижтимоий норма: Қанча электр энергияси сарфлаётганингизни кузатиб бориш мумкин
2022 йил 1 июлдан бошлаб табақалаштирилган тўлов тизимига ўтилиши кўзда тутилмоқда. Электр ва газ тарифларига ижтимоий норма киритилиб, унга кўра, ойига 250 кВт соатгача электр энергиясидан фойдаланганда ҳар 1 кВт соат учун – 325 сўмдан, ундан ортиғига эса ҳар 1 кВт соат учун – 650 сўмдан пул тўланади.
Шу ўринда истеъмолчилар томонидан бир ойда қанча электр энергияси истеъмол қилишлари, ижтимоий нормада белгиланган электр етиш ёки етмаслиги ҳақида кўплаб саволлар берилмоқда. Kun.uz мухбири ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖнинг Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш марказида бўлди.
"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖнинг "Электр энергиясини автоматлаштириш маркази" филиали директор ўринбосари Диёрбек Нишоновнинг айтишича, истеъмолчилар энди ишлатаётган ҳар бир киловатт электрни қаерга кетаётганини, нимага сарфланаётганини онлайн кузатишлари мумкин.
Ҳудудий электр тармоқларининг het.uz сайти орқали истеъмол қилинган электр энергияси миқдори, қолдиқ ва бошқалар тўғрисида реал вақт (оn-line) режимида батафсил маълумот тақдим этилади.
“het.uz сайти орқали “Истеъмолчилар учун” бўлимига кирилади ва “Шахсий кабинет” танланади. “Маиший истеъмолчилар учун” бўлими орқали кирилганда фойдаланувчидан логин ва парол сўралади. Ўз шахсий кабинетингизни яратишда бу босқич муҳим саналади. Сиз логин-паролни олиш учун ўз ҳудудингиздаги электр таъминоти бўлимига мурожаат қилиб, мобил рақамни рўйхатдан ўтказишингиз керак. Ёки 24/7 режимида фаолият юритувчи колл-марказимизга 1154 рақамлари орқали боғланиб, рўйхатдан ўтиш ҳам мумкин. Сайт орқали онлайн рўйхатдан ўтиш имконияти ҳам яратилган. Истеъмолчининг мобил рақами базага киритилгандан сўнг унга 2100 қисқа рақамидан смс-хабарнома юборилади (Айнан 2100 рақамига “D” ҳарфи юборилганда шахсий кабинетга кириш учун вақтинчалик логин-парол олиш ҳам мумкин).
Шахсий кабинетда истеъмолчилар маълумоти тақдим этилади. Бу ерда истеъмолчи билан боғлиқ барча маълумотлар: исм-фамилияси, яшаш манзили, шартнома ва жорий тарифи, ўрнатилган ҳисоблагич тури, вақти, телефон рақами кабилар акс этади. Агар мобил рақамда ўзгариш бўлган бўлса, уни ўзгартириш имконияти мавжуд.
Кейинги босқичда эса истеъмолчининг ҳисоблагич кўрсаткичи ҳақида билиб олиш мумкин. Ҳисоблагичнинг айни вақтдаги кўрсаткичи вақти ва санаси билан акс этади.
Шунингдек, барча қилинган тўловлар тарихи ҳам сақланиб туради. Айнан вақти ва тўлов туригача кўрсатиб берилади.
Менюнинг навбатдаги босқичида ҳисобрақам ҳолати кўринади. Реал вақт режимида қандай ҳисоб-китоб амалга оширилаётганлиги, қарздорлик ёки олдиндан тўлов ҳолати ҳақида батафсил маълумот кўрсатилади. Бунда ойма-ой истеъмол қилинган электр энергияси ва тўланган маблағ ҳақида билиш мумкин”, - деди директор ўринбосари.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ маиший истеъмолчиларга хонадонлар учун электр энергия харажати калькуляторидан фойдаланиб, истеъмол қилинган электр энергияси учун амалдаги ва таклиф этилаётган тарифлар бўйича қиёсий ҳисоб-китобни амалга ошириб кўришларини таклиф қилади.
Бундан кўзланган асосий мақсад истеъмолчилар учун амалдаги тариф билан таклиф этилаётган янги нархлар ўртасидаги фарқни ҳисоблашдан иборат.
Шунингдек, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида жамият веб-сайтидаги “Шахсий кабинет” орқали абонентларнинг шахсий ҳисобрақамга оид маълумотлар – истеъмол қилинган электр энергияси миқдори, қолдиқ ва бошқалар тўғрисида реал вақт (оn-line) режимида батафсил маълумотга эга бўлишини соддалаштириш мақсадида ҳам техник тадбирлар олиб борилмоқда.
Шу билан бир қаторда, юртимиздаги мавжуд тўлов тизимлари орқали истеъмолчилар электр энергиясининг даврий истеъмоли тўғрисидаги маълумотларни кўриш имкони яратилмоқда.