August 2, 2018

АВТОҲАЛОКАТ: ОДАМ ЎЛИШИ КЎПАЙМОҚДА. НЕГА?

Комил СИНДАРОВ,

юридик фанлар доктори

КЕЙИНГИ пайтларда оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда турли-туман даҳшатли жиноятлар содир этилганлиги, она боласини, ўғил отасини, ака укасини, қайнона келинини пичоқлаб қўйганлиги, ўлдирганлиги, сувга чўктирганлиги ҳақидаги хабарлар аҳоли орасида ҳар хил шов-шувлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда, одамлар онгида гўёки, мамлакатда жиноятчилик ошиб кетаётганлиги хусусида нотўғри тасаввурлар пайдо қилмоқда.

Хўш, ҳақиқатда аҳвол шунчалик аянчлими?

Аввалло, бу ҳолатга юртимизда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар оқибати, сўз эркинлиги, ахборот эркинлиги натижаси сифатида қараш лозим. Бугунги кунда жамиятда рўй бераётган барча воқеликлар қандай бўлса шундайлигича халққа ошкор қилинмоқда, жамоатчилик фикри эътиборга олинмоқда, одамлар қалбига қулоқ тутилмоқда.

Ўтмишда бундан-да даҳшатлироқ жиноятлар содир этилган бўлса-да, улар тўғрисида ҳеч қаерда ахборот берилмаган. Одамлар шундоққина маҳалласида рўй бўрган ҳодиса тўғрисида хорижий интернет сайтлари орқали билиши, узун-қулоқ гапларга ишонишга мажбур эди.

Бугун аҳвол тубдан ўзгарди. Мактаб ўқувчисидан тортиб, кекса отахонгача уйидан чиқмасдан нафақат хорижда, балки республикамизнинг энг чекка қишлоғида содир бўлган воқеа тўғрисида бир неча дақиқада аниқ маълумот олиш, ҳодисалар ривожини кузатиб бориш ва улар хусусида мулоҳаза билдириш имкониятига эга бўлди. Ўз навбатида, адлия, суд, прокуратура ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари аҳолини ташвишга солаётган ҳар бир масала тўғрисида кенг жамоатчиликка вақтида ахборот бериб бормоқда, уларнинг таклиф ва тавсияларини беэътибор қолдирмаяпти.

Муаммонинг сабаби эса ҳайдовчи ва пиёданинг ҳуқуқий савияси ўта пастлигида

Таҳлиллар республикамизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ўзининг самарасини бера бошлаганлигини кўрсатмоқда. Қувончлиси, жорий йилнинг 6 ойида содир этилган жиноятлар сони 38,7 фоизга камайган. Шунга мос равишда оғир, ўта оғир жиноятлар сезиларли даражада камайган.

Шу билан бирга нафақат республикамизда, балки бошқа давлатларда ҳам ав­тоҳалокатлар, жумладан, одам ўлишига сабаб бўлган автоҳодисалар сони йилдан-йилга ошиб бораётгани кузатилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, оғир жароҳатларга олиб келадиган шикастланишлар орасида криминал жароҳатлардан сўнг йўл-транспорт ҳодисаси иккинчи ўринни эгаллайди. Ҳар йили 1,2 миллионга яқин одам йўл-транспорт ҳодисаси қурбони бўлмоқда, қарийб 50 миллион киши турли оғирликдаги жароҳатлар олмоқда. Маълумотларга кўра, республикамиз ҳудудида ҳар йили ўртача 9-10 мингта йўл-транспорт ҳодисаси рўй беради. Уларнинг 2 мингдан ортиғи одамлар ўлимига сабаб бўлмоқда.

Биргина Тошкент шаҳрида йил бошидан буён 660 та йўл-транспорт ҳодисаси рўй бериб, 93 киши ҳаётдан кўз юмган. Шаҳримизда 450-500 минг автомашина борлигини инобатга оладиган бўлсак, бу жуда катта кўрсаткич. Қиёслаш учун Канаданинг 1 миллиондан ортиқ транспорт воситасига эга Калгари шаҳрида автоҳалокатлар оқибатида йил бошидан буён бор-йўғи 7 нафар одам ҳалок бўлибди. Демак, гап транспорт воситалари оқимининг кўплигида эмас экан.

Бизнингча, муаммонинг асл сабаби ҳай­довчилар ва пиёдаларнинг ҳуқуқий савиясининг ўта пастлиги, уларнинг йўл ҳаракати қоидаларини билмаслиги, шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларини менсимасликлари, ҳуқуқбузарларга қўлланиладиган жазо чораларининг таъсирчан эмаслиги, кўп ҳолларда жазоларнинг содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасига мос эмаслиги, жазо чораларини қўллаш механизмининг мавжуд эмаслиги билан боғлиқ.

Биринчи навбатда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексининг транспорт соҳасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар учун кўзда тутилган жавобгарлик чоралари таъсирчанлиги ҳамда самарадорлигини ошириш, уларни содир этилган хатти-ҳаракатнинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқлаштириш лозим. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1284-моддасида транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтиши энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Бир қарашда ҳаммаси жойидадек. Лекин синчковлик билан таҳлил этилса, масаланинг нозик томони яққол кўзга ташланади. Маълумки, светофорнинг тақиқловчи чироғида ўтиш, деганда хавфлилик даражаси бир биридан кескин фарқ қилуви бир неча ҳуқуқбузарликни тушуниш мумкин. Айтайлик, ҳайдовчи светофорга яқинлашганда кўк чироқ ўчиб, сариқ чироқ порлай бошлади. Ҳайдовчи чорраҳага қисман қириб қўйди (тақиқловчи чизиқни босиб ўтди). Иккинчи ҳолатда ҳайдовчи сариқ чироқда чорраҳага кириб борди ва уни кесиб ўтгунча қизил чироқ ёнди. Учинчи ҳолатда ҳайдовчи қизил чироқда тўхтаб туриб, икки ён тарафдаги йўлда транспорт воситаси йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, светофорнинг қизил чироғида йўлни кесиб ўтди. Тўртинчи ҳолатда ҳайдовчи қасддан совуққонлик билан катта тезликда светофорнинг қизил чироғини кесиб ўтиб кетди, дейлик.

Амалдаги қонунчиликка асосан ҳар тўрттала ҳайдовчи бир хилда — энг кам иш ҳақининг икки бараваригача жаримага тортилади. Бизнингча, биринчи ҳолат учун энг кам иш ҳақининг ярим баравари, иккинчи ҳолат учун энг кам иш ҳақининг бир баравари, учинчи ҳолат учун энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима қўллаш мумкин бўлади. Аммо тўртинчи ҳолатда ҳайдовчининг қилмиши ўта хавфли, у йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари, пиё­далар ҳаётига хавф солиши билан бирга қонунларга очиқдан-очиқ ҳурматсизлик кўрсатиб, қасддан уни бузмоқда. Шу сабабли бундай ҳуқуқбузарлик учун транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан 1 йилгача маҳрум қилиш билан бирга энг кам иш ҳақининг 50 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси белгиланса адолатли бўларди.

Маст ҳайдовчи нафақат ўзининг, балки ўзгаларнинг ҳам ҳаётини хавф остига қўяди

Худди шундай амалиётни транспорт воситаларини маст ҳолатда бошқарганлик учун ҳам белгилаш мумкин. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси 1-қисмига биноан ҳайдовчилар транспорт воситаларини алкоголли ичимлик, гиёҳванд моддалар таъсирида ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқарганлик учун мастликнинг даражасидан қатъи назар бир хилда — транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум этиш билан жазоланади. Амалиётда бир шиша пиво ичган ҳайдовчи ҳам, транспортни оёқда туролмайдиган даражада маст ҳолатда бошқарган ҳайдовчи ҳам бир хил жазога тортилади. Бизнингча, мастликнинг енгил даражаси учун маъмурий жазони муайян даражада енгиллаштирган, мастликнинг ўртача даражаси учун амалдаги жазо чорасини сақлаб қолган ҳолда мастликнинг оғир даражаси учун жазони кескин ошириш (айтайлик, энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима белгилаш) лозим. Негаки, оғир даражадаги мастлик ҳолатида бўлган ҳайдовчи нафақат ўзининг, балки ўзгаларнинг ҳам ҳаётини хавф остига қўяди.

Умумий мулк бўлса-ю эр хотинига ишончнома берса...

Шу билан бирга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг транспорт со­ҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги моддаларини либераллаштириш, хусусий мулкчилик талабларига мослаштириш лозим. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 141-моддасида корхона, ташкилот ва муассасаларга қарашли транспорт воситаларидан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланганлик учун жавобгарлик белгилаган. Бизнингча, бу масала корхона, ташкилот ва муассаса билан ходим — ҳайдовчи ўртасидаги меҳнат муносабатлари доирасида тартибга солиниши лозим. Шу сабабли мазкур моддани кодексдан чиқариш лозим.

Кодекснинг 135-моддасида йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши учун жавобгарлик кўзда тутилган. Қоидага кўра, эр хотинининг номидаги, хотин эрининг номидаги транспорт учун бир-бирига нотариал тасдиқланган ­ишончнома беришга мажбур. Шундай ­ишончноманинг йўқлиги ҳайдовчига қайд этилган моддага асосан жазо қўллашга асос бўлади. Оила кодексининг 24-моддасига мувофиқ эр ва хотин уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкка эгалик қилиш, фойдаланиш ва уни тасарруф этишда тенг ҳуқуқларга эгадир. Агар транспорт воситаси эр-хотиннинг умумий мулки ҳисобланса, умумий мулкдан фойдаланганлик учун ишончнома талаб қилинишини нима билан изоҳлаш мумкин?

Шу каби ота-бола, ака-укалар учун транспорт воситаларини бошқаришда нотариал тасдиқланадиган ишончнома талаб қилиниши ортиқча расмиятчилик, бюрократик тўсиқдан бошқа нарса эмас.

“Пойга” ўйнаб одам босиб кетса-чи?

Кўпгина ҳолларда автоҳалокатларга йўловчилар сабаб бўлади. Аммо улар кўпинча жавобгарликка тортилмасдан қолади. Шу сабабли пиёдалар жавобгарлигини кўзда тутувчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 138-моддасини қайта кўриб чиқиш, уларни маъмурий жазога тортишнинг ҳуқуқий механизмини ишлаб чиқиш, бунда электрон тизимдан кенг фойдаланиш, йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш талаб этилади.

Булардан ташқари, Жиноят кодексининг транспорт соҳасидаги жиноятларга оид қоидаларни ҳам қайта кўриб чиқиб, жазо чораларини содир этилган жиноий қилмишнинг ижтимоий хавф­лилик да­ражасига мувофиқлаштириш талаб этилади. Жумладан, Жиноят кодексининг 266-моддаси, 2-қисмида кўзда тутилган қилмиш, яъни транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини одам ўлишига сабаб бўлган ҳолда бузганлик учун кўзда тутилган жавобгарлик ва уни қўллаш амалиёти очиқдан-очиқ замон талабига жавоб бермайди. Яқинда бир ёшгина йигит икки безорининг “пой”га ўйнаши оқибатида содир бўлган ҳалокат туфайли оламдан кўз юмди. Айбдор ҳайдовчига 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилди.

Бизнингча, “пойга” ўйнаётган шахс машинаси тезлигини 150-160 км/соатга кўтарганда қилмишининг одамлар учун хавфини аниқ билгани ҳолда безориларча манманлик билан ҳаракат қилади. Бу жиноят эҳтиётсизлик орқали содир қилинадиган оддий автоҳалокатдан фарқ қилади. Шу муносабат билан Жиноят кодексининг 266-моддасини “транспорт воситасини бошқарувчи шахс безорилик мақсадида (пойга ва шунга ўхшаш ўйинлар оқибатида) автоҳалокат содир этиши одам ўлишига сабаб бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”, деган 4-банд билан тўлдириш лозим бўлади.

Хусусий таксилар учун “патент” тизимини жорий этиш зарур

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда хусусий “таксилар” фаолиятини ҳу­қуқий тартибга солишни такомиллаштириш ҳам муҳим ўрин тутади. Бу соҳада кўп­лаб қонун ҳужжатлари қабул қилинишига қарамасдан “киракаш”лар фаолиятини изга солиш имкони бўлмаяпти. Бир томондан масаланинг социал жиҳати — кўпчиликни қайнаб турган қора қозонидан айирмаслик, иккинчи тарафдан давлат тасарруфидаги йўловчи ташиш корхоналари имкониятининг чекланганлиги, учинчи тарафдан давлат хазинасига солиқ тушумлари тушмаётганлиги жараённи тартибга солишда муайян ноқулайликлар туғдиради.

Бизнингча, мавжуд шароитдан келиб, масалани кейинги 5-10 йиллик учун муваққат ҳал этишнинг йўли — хусусий таксилар учун ўзига хос “патент” тизимини жорий этишдан иборат бўлади. Унга кўра, кира қилиш ниятидаги хусусий автомобиль эгалари учун 5 соатлик, бир кунлик, икки, уч кунлик, бир ҳафталик, ўн кунлик, бир ойлик, уч ойлик йўловчи ташиш ҳуқуқини берувчи махсус “патент” жорий этилади. Унинг баҳоси муддатига мувофиқ, масалан, 5 соатлик патент учун 3000 сўм, бир кунлик учун 10 000 сўм, икки кунлик учун 15 000 сўм, уч кунлик учун 20 000 сўм, бир ҳафталик учун 40 000 сўм, ўн кунлик учун 50 000 сўм ва бир ойлик учун 70 000 минг сўм белгиланади. Аҳолига қулайлик бўлиши учун патент киоскаларда, дўконларда сотилади. Ишидан эртароқ чиққан киши бир-икки сўм пул топиш учун киракашлик қилмоқчи бўлса, йўлидаги киоскадан 3000 сўм тўлаб, 5 соатлик патентни сотиб олади ва йўловчини қонуний таший олади. Амал қилиш муддатига кўра бир-биридан ранглари билан ажралиб турувчи патентлар автомашинанинг олд ойнасининг белгиланган кўринарли жойига ёпиштириб қўйилади.

Бу оддий тизим эксперимент сифатида дастлаб Тошкент шаҳрида синаб кўрилиши мумкин.

Мазкур тизимнинг йўлга қўйилиши, айни пайтда йўловчи ташиш билан но­қонуний шуғулланаётган минглаб хусусий транспорт эгаларининг фаолиятини қонунлаштириш, ишсизлик муаммосини ҳал этиш билан бирга давлат бюджетига жуда катта миқдорда маблағ тушишини таъминлайди.