July 23, 2018

Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлар бузиладими?

2019 йил 1 майга қадар бундай жойларга мулк ҳуқуқи эътироф этиш амалга оширилади.

— ОЧИҒИ айрим фуқароларимиз орасида эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи бирор бир ҳужжатга эга бўлмаган ерга иморат қуриб, уй меники, энди ҳеч ким тортиб ололмайди, деган нотўғри тушунча мавжуд бўлиб келган. Айниқса, бундай ҳолатлар қишлоқ жойларда кўплаб учраши ҳам бор гап. Ноқонуний йўл билан қурилган бундай тураржойларнинг қанчаси бузилиб кетди, қанчаси маҳаллий тўралар томонидан тортиб олиниб, кимларгадир сотиб юборилди. Натижада, қанчадан-қанча оилалар йиллар давомида пешона тери билан қурган уй-жойларидан ажралиб қолишди. Айримлари яшаб турган жойларига доимий рўйхатга қўя олмай ва кадастр ҳужжатларини ололмай сарсон-саргардон бўлишмоқда.

Шу нуқтаи назардан давлатимиз раҳ­­барининг 2018 йил 20 апрелдаги “Фу­қа­роларни ижтимоий қўллаб-қув­ватлаш бў­йича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўз­бошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги Фармони халқимиз кўнглидаги айни муддао бўлди.

Неъматжон АТАМУРОТОВ,

Давергеодезкадастр қўмитаси масъул ходими:

— Мазкур Фармонда белгиланганидек, ер тузиш ва кадастр органлари томонидан ўтказилган республика кўчмас мулк фондининг ялпи хатлови якка тартибда уй-жой қуриш соҳасида, айниқса, қишлоқ жойларида қонунийликни таъминлаш масалаларида тизимли, жиддий камчиликларга йўл қўйилаётганини кўрсатди. Хусусан, уй-жойга эга бўлиш ва қуришнинг қонуний механизмлари мавжуд бўлишига қарамасдан минглаб фуқаролар кўп йиллар давомида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида якка тартибда уй-жойларни ноқонуний барпо этишган.

Ер ресурслари, геодезия ва давлат кадастр қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари томонидан 2016-2017 йиллар давомида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли кўчмас мулк объектлари хатловдан ўтказилди. Хатлов натижаларига кўра, жами 6,2 миллиондан ортиқ кўчмас мулк объектларининг 5,9 миллиони тураржойлар эканлиги аниқланди. Шулардан ­1 107 733 тасида мулк ҳуқуқи мавжуд эмас, 411 995 тасининг ҳуқуқи тикланмаган, 183 378 таси ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларни ташкил этади.

Бу ноқонуний ҳолатларнинг кенг тарқалиши табиийки, аҳолининг ижтимоий муаммоларини кучайтириб, фуқароларнинг уй-жойларга эгалик қилиш соҳасидаги қонун-қоидаларнинг бузилишига ва фермер хўжаликлари балансида бўлган ерларнинг хўжасизларча тар­қатилишига, фермер ҳамда деҳқон хў­жаликлари томонидан ҳуқуқий-норматив ҳуж­жатларнинг бузилишига олиб келди.

 Жамшидхон НУРИДДИНОВ,

Тошкент вилоят адлия бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари:

— Фармонда таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда аҳолига, биринчи навбатда, қишлоқ жойларида муносиб уй-жой шароитларини яратишга қаратилган кенг кўламли давлат дастурлари амалга оширилмоқда. Хусусан, 2009-2017 йиллар давомида 81 992 та уй қурилди, 6 624 та уй-жой массиви барпо этилди. Биргина, 2017 йилнинг ўзида қишлоқ жойларида 18 мингдан ортиқ қулай шарт-шароитларга эга бўлган уйлар барпо этилди.

Шунингдек, фуқароларнинг қонунчиликда мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ажратилган ер участкаларида якка тартибда уй-жой қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Шунга қарамай мазкур соҳада юқорида айтилган бир қатор камчиликлар мавжуд эканлиги аниқланди. Бундай ҳолатларнинг содир бўлишига давлат органлари, жумладан, ер кадастри, архитектура ва қурилиш соҳасидаги ваколатли органларнинг бепарволиги сабаб бўлди.

Маълумотларга кўра, фуқароларнинг уй-жой мулкига кадастр ҳужжатларини беришни сўраб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига 5 мингдан зиёд, депутатлар, сенаторлар, давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахслари томонидан ўтказилган сайёр қабулларга 3 мингдан зиёд мурожаат келиб тушганлиги ҳам бу муаммолар республика бўйича оммавий тус олганлигидан далолат беради. Бундай салбий ҳолатлар Президентимизнинг юқоридаги Фармони қабул қилиниши заруриятини туғдирди.

— Демак, Юртбошимизнинг Фармонига мувофиқ эндиликда ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга эгалик ҳуқуқи бир қатор шартлар асосида бериладиган бўлди. Бу борада мазкур ҳужжатга асосан ўтказиладиган мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик давлат акциясининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти қандай?

Неъматжон АТАМУРОТОВ,

Давергеодезкадастр қўмитаси масъул ходими:

— Акциянинг моҳияти шундаки, мазкур Фармон қабул қилинган вақтга қадар қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган тураржойга нисбатан мулк ҳуқуқи узлуксиз эгалик қилаётган шахсга бир қанча шартлар асосида эътироф этиладиган бўлди. 2019 йил 1 майга қадар қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган тураржойга нисбатан мулк ҳуқуқи ушбу объект­га ўз шахсий мулки каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилаётган шахсга қуйидаги шартлар асосида фуқароларга тегишли бўлган тураржойлар давлат рўйхатидан ўтказилади:

Ушбу ер участкаси (участканинг бир қисми) унга қонун ҳужжатларига мувофиқ тураржой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ер майдонида жойлашмаган бўлса, ўзбошимчалик билан қурилган иморат шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларини бузмаётган бўлса, шунингдек, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаса ёки фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаса эътироф этилади. Шунингдек, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишда мулкдорга у қурилган ер участкасига (участканинг бир қисмига) қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар доирасида мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилиб, ортиқча қисми Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 121-моддасида назарда тутилган жарима солинмасдан захира ерларига олиб қўйилади.

Ушбу Фармон нафақат фуқароларимизга, балки туман, шаҳар ҳокимликлари ва бошқа давлат органларига ҳам мулк ҳуқуқини расмийлаштириш борасида енгиллик яратади. Шу билан бир қаторда бир марталик акция тугагунга қадар ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан судларга даъво аризалари киритилиши ҳамда кўриб чиқилаётган суд жараёнлари, шунингдек, ижро қилинмаган суд қарорлари бўйича ҳам бир қанча енгилликлар кўзда тутилган.

Жамшидхон НУРИДДИНОВ,

Тошкент вилоят адлия бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари:

— Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи қуйидаги шартларга кўра амалга оширилади:

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан тузиладиган Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил қилиш бўйича комиссиянинг тақдимномасига кўра, туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан, шунингдек, умумий мулк ҳуқуқи ҳақидаги фуқаролик ва оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қоидаларига амал қилиш шарти билан ҳамда энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида бир марталик йиғим тўлангандан кейин.

Фармонда бир марталик акциянинг амал қилиш муддати тугагунга қадар, яъни 2019 йил 1 майгача белгиланган тартибда келишув битимлари тузилишини таъминлаш назарда тутилган.

Акция муддати тугаши билан иморатларни ўзбошимчалик билан қурганлик учун жавобгарлик кучайтирилади.

Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг ушбу Фармони кўплаб юртдошларимизнинг уй-жойга эгалик ҳуқуқига эришишига катта имконият беради ва бу имкониятдан унумли фойдаланиш даркор.