July 26, 2018

Жоҳил билан тортишма

Бир куни бўри билан эшак майсанинг ранги борасида тортишиб қолибди. Эшак майсанинг рангини сариқ деса, бўри яшил дер экан. Улар кўп тортишибди. Ҳеч келиша олишмагач, масалани ҳал қилиб бериш учун ўрмон подшоҳининг олдига боришга қарор қи­лишибди. Муҳокама бош­ланибди. Иккиси ҳам ўзи­нинг ҳужжат-исботини келтирибди. Ҳукм чиқариш пай­тида ҳамма адолатли ҳукмни интиқлик билан кутар эди. Шер маҳкамага ҳозир бўлганларнинг умидларини чиппакка чиқариб, бўрини бир ой қамоқ жазосига ҳукм қилди. Эшакни эса айбсиз, деб топди.

Бўри эътироз билдириб: “Жаноб, майсанинг ран­ги яшил эмасми?”, дебди.

Шер: “Ҳа, яшил”, дебди.

Бўри: “Ундай бўлса, нима учун менга қамоқ жазоси тайинладингиз?, ахир, мен хато қилмадимку!”, дебди.

Шер: “Тўғри, сен майсанинг рангида хато қил­мадинг, лекин бундай масалада эшак билан баҳс­лашиб хато қилдинг. Бундан кейин сенга ибрат бўлиши ҳамда ТУШУНМАЙ­ДИГАН БЕФАҲМЛАР БИЛАН ТОРТИШМАСЛИГИНГ УЧУН сен­­га қамоқ жазосини та­йинладим”, дебди.

Хулоса: Ҳеч қачон мутаассиб ва жоҳиллар билан ТОРТИШМАНГ. Чунки бунда ҳеч қандай натижага эриша олмайсиз.

Шунга кўра, катта олимларга нисбатан нотўғри эътирозлар бўлганда ёки таъна-маломат қилинганда уларнинг сукут қилишлари мағлуб бўлганидан эмас, балки ушбу ақидага амал қилганидандир.