July 2, 2018

Бўлган воқеа... Лоқайд бўлманг!

...Қулоқни қоматга келтириб қишлоқ кўчасидан елдек учиб ўтган “Тез ёрдам” машинаси кўз очиб юмгунча тумандаги касалхонанинг “Жонлантириш” бўлими олдига келиб тўхтади. Зудлик билан беморга биринчи ёрдам кўрсатилди. Бемор сувдан талофат кўрган эди...

Дам олиш кунларида она-бола қишлоққа йўл олишди. Бирдан ўғилнинг кўнгли қишлоқ ўртасидан оқиб ўтадиган Полвон ариқда чўмилишни тусаб қолди. Шу ерлик одамлардан бир-иккитаси боланинг бу истагига қарши чиқиб, сувнинг ифлосланганини айтишди. Уларнинг айтишича, Эргаш тракторчи экинларни дорилагандан кейин заҳарли дори солинган бочкани ювиб, шу ариққа оқизади. Шу туфайли одамлар молларини ҳам бу ариқдан сув ичирмай қўйишган. Аммо ўжар ўғил бу гапларнинг бирортасига эътибор бермади. Ёзнинг жазирамасида ярим соатдан кўпроқ ариқда чўмилди. Орадан бир оз вақт ўтгандан сўнг кутилмаганда боланинг тана ҳарорати кўтарилиб, қайд қила бошлади. Тез ёрдам машинасида шифохонага олиб келинган боланинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмади.

Боланинг ҳаётига сувдаги зарарли кимёвий моддалар зомин бўлган эди. Бугун турли ҳудудларда ариқлар, каналлар бўйларида автомобиль ювиш шохобчалари, ошхоналар қурилганини кўрамиз. Улардаги оқова сувлар, турли хил чиқиндилар тўғри оқар сувга бориб тушаяпти. Сувнинг бир томчисини ҳам увол қилмаслик кераклиги ҳақида бот-бот гапираяпмиз. Бироқ амалда ҳеч бир натижа бўлмаяпти. Бир пайтлар шарқираб оққан ариқларда қий-чув солиб болалар чўмилишарди. Энди эса табиат қўйнига болаларни эмин-эркин қўйиб ҳам бўлмайдигандек.

— Сув Худонинг бебаҳо неъмати, — дейди муаллим Асад Ҳайдаров. — У тириклик манбаи, инсонга ҳам, экинларга ҳам, қўйингки, бутун тирик мавжудотларга ҳаёт бағишлайди. Хўш, бугунги кунда сувга бўлаётган бундай ножоиз муносабатга ким айбдор? Авваламбор, ота-оналар фарзандларига, униб-ўсиб келаётган ёш авлодга сувнинг қадри, уни асраш, тежаш, тоза сақлаш кераклигини, бу ўзимизнинг соғлиғимиз, ҳаётимиз учун муҳим эканлигини мунтазам тушунтириб бориши лозим, деб ҳисоблайман. Мен Африкада саёҳатда бўлганман. Уларнинг аҳолиси бир қултум сувни кўзига тўтиё қилади. Сувни исроф қилишни увол, деб билади.

— Ифлосланган сув инсон саломатлиги учун хавфли, — дейди шифокор Гулнора Хайриева. — Саломатликнинг биринчи шарти тозалик. Бунга эса сўзсиз сув орқали эришиш мумкин. Сувнинг ифлосланиши натижасида тана заҳарланса кўпинча оғир ҳолатларга олиб келади.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, дунёнинг қай бир чеккаларида бугун бир қултум сувга зор одамлар қанча. Мўл-кўл обиҳаёт масканида яшаб уни аямай совуришимиз, ўз манфаатларимиз учун кўпчилик фойдаланиши мумкин бўлган сувни ифлослантиришимиз фаровон ҳаётнинг қадрига етмаётганимиздан далолат.  Қолаверса, бундай эътиборсизлик ва лоқайдлик ўз фарзандларимиз соғлиғига хавф солиб турибди ва бу ҳолат ҳеч вақт кечирилмайди.