August 16, 2018

“Наврўз деҳқон бозори” тажриба тариқасида тадбиркорга ишончли бошқарувга берилди

Азал-азалдан бозорлар халқимиз маданиятининг бир бўлаги сифатида қараб келинган. Бозорларда мавжуд нозу неъматлар, бошқа бозорларда учратиш қийин бўлган буюмлар ҳамда арзон нархлар довруғи етти иқлимга тарқалгани ҳам бежизга эмас, албатта. Халқимиз меҳнаткашлиги боис бозорларда ҳамиша сархил мевалар, бежирим буюмлар ва нафис матолар аримаган. Бозор — юрт кўрки. Ушбу масканнинг обод ва кўркамлиги, савдо-сотиқнинг тартибли амалга оширилиши шу ерда фаолият олиб бораётган бозор маъмурияти ва тадбиркорларнинг дидидан далолат. Бу борада мутасаддилар ўзибўларчилик қабилида иш тутса, раҳбарият лоқайдлик қилса, бозорда бошбошдоқлик, тартибсизлик авж олади. Афсуски, бундай ҳолат пойтахтимизда жойлашган айрим бозорларда учраб туради.

Рақамлар сўзлаганда:

Республикамизда давлат улуши мавжуд бўлган бозор ва савдо комплекслари умумий сони 491 тани ташкил этади. Уларнинг умумий қарздорлиги жами 80 миллиард. Шундан 2018 йил ярим йилликда Тошкент шаҳрида жойлашган

“Наврўз деҳқон бозори” акциядорлик жамияти —  икки миллиардга яқин;

“Аския деҳқон бозори” акциядорлик жамияти — тўрт миллиардга яқин;

“Сергели деҳқон бозори” акциядорлик жамияти — икки миллиардга яқин;

“Янгиобод ихтисослашган бозор” масъулияти чекланган жамияти — уч ярим миллиардга яқин;

“Авиасозлар деҳқон бозори” акциядорлик жамияти — беш миллиарддан ортиқ миқдорда қарздорлиги сабабли бозорларнинг банкдаги ҳисоб рақамига банд солинган.

Хусусан, Мирзо Улуғбек туманидаги “Наврўз” деҳқон бозори” акциядорлик жамиятига қарашли автотураргоҳдаги тартибсизликдан кўнглингиз хуноб бўлади. Автотураргоҳ мактабгача таълим муассасасининг дарвозасига туташган. Бу ерга ота-оналар болаларини қандай олиб кириб-чиқишади ҳайронмиз. Шунингдек, бироз юрилгач оилавий шифохонага кўзингиз тушади. Аҳолининг оилавий шифохонага келиб-кетишида хавфсизлик чоралари умуман кўрилмаган. Бозорга келган одамлар бетартиб ҳаракатланади.

Деҳқон бозорига кираверар экансиз савдо учун мўлжалланмаган йўлакларда ҳам маҳсулотини ерга ёйиб, пала-партиш савдо қилаётган “тадбиркорлар”га кўзингиз тушади. Уларнинг бири полиз маҳсулотлари, яна бошқаси мева-чевалардан олинг, деб турибди. Афсуски бу маҳсулотлар, ўтган-қайтганларнинг оёқ остидан кўтарилган чангга бурканган. Қолаверса, ёзнинг айни иссиқ кунларида, антисанитария ҳолатида сотилаётган бу маҳсулотларнинг инсон саломатлигига зиёни йўқ, деб ким кафолат беради?!

Ачинарлиси, бозор ичидаги соя-салқин рас­таларнинг аксарияти бўм-бўш, ҳувуллаб ётибди.

Бозордаги мазкур тартибсизликлар жиддий ўрганилганда, бугунги кунда деҳқон бозорининг жами 1.860,4 миллион сўмдан иборат дебитор қарзи мавжудлиги аниқланди. Шунингдек, бозорлар ҳудудида бир марталик йиғим ва ижара тўловлари ундирилиши давлат солиқ хизмати органларининг ходимлари томонидан йиғимнинг тўлиқлигини ҳар куни текширган ҳолда амалга оширилиши белгиланган бўлса-да, бироқ ушбу ишлар бозор ходимлари томонидан амалга оширилгани боис, тадбиркорларнинг бўш турган савдо расталари эмас, балки савдо учун мўлжалланмаган ерларда савдо қилишига йўл қўйилмоқда. Бунинг оқибатида миллий маҳаллий бюджетга келиб тушадиган маблағ кескин камайишига олиб келмоқда.

Жаҳонгир Юлдашев,

Адлия вазирлиги масъул ходими

— Деҳқон бозорининг иқтисодий аҳволини яхшилаш, мавжуд дебитор ва кредитор қарздорликни қисқа муддатда бартараф этиш ҳамда аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш, бозорлар фаолиятини ташкил этиш ҳамда бошқаришнинг инновацион услубларини жорий этиш мақсадида туман ҳудудида жойлашган деҳқон бозори фаолияти тажриба тариқасида тадбиркорлик субъектларига ишончли бошқарувга берилди.

Фарҳод Умаров,

Мирзо Улуғбек туман ҳокими ўринбосари

— Бугунги кунда Мирзо Улуғбек туманида Президент девони ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда маъмурий бошқарувнинг янги тартибини жорий қилиш бўйича кўпгина ишлар амалга оширилди. Ҳозирда якунланиб, ушбу амалга оширилган ўзгаришлардан бири “Наврўз деҳқон бозори” тадбиркорга биринчи марта ишончли бошқарувга берилди. Ҳозирда Адлия вазирлиги томонидан шартномалар ишлаб чиқилиб Тошкент шаҳар веб сайтига бизнинг талаблар асосида эълон жойлаштирилди. Тадбиркорлар томонидан музокалар олиб борилди. Куни кеча шартномага имзо қўйилди. Ҳозирда бу бозорни тадбиркорга ишончли бошқарувга беришдан мақсад маҳсулотларга бўлган сунъий нархларнинг ўсишини олдини олиш, етиштирувчилар билан истеъмолчилар ўртасида алоқани янада яқинлаштириш инобатга олинган. Бундан ташқари бошқарувнинг янги усулини олиб кирилишини мақсад қилиб қўйганмиз.

Эндиликда, ушбу деҳқон бозорида замонавий шароитларга эга бўлган автотураргоҳ, гигиеник сертификатларга эга бўлган сифатли маҳсулотлар, саранжом ва тоза витриналар, ёқимли муҳит, озиқ-овқат аравалари билан таъминлаш ва харидорлар учун яхши сервис хизматлари кўрсатилиши, энг муҳими, савдогарлар учун ҳам, аҳоли учун ҳам қулай шароитлар яратилиши режалаштирилмоқда.

Жавоҳир РАСУЛОВ,

“Gradient” хусусий корхонаси вакили

Тошкент шаҳар веб сайтида эълон қилинган эълонга мувофиқ корхонамиз номидан мурожаат билан чиқдик. Ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган Мирзо Улуғбек туманидаги “Наврўз деҳқон бозори” акциядорлик жамиятини корхонамиз, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги ва Адлия вазирлигининг тегишли ходимлари билан ўрганиб билан ишончли бошқарувни бизнинг корхонамиз номига расмийлаштирдик. Шу муносабат билан куни кеча ишончли бошқарув тўғрисида шартнома имзоланди. Шартнома шартларига мувофиқ “Наврўз деҳқон бозори” акциядорлик жамиятининг аниқланган қарздорлигини йил якунигача бартараф этиш асосий мақсадимиз ҳисобланади. Янги бозордан эски бозорнинг фарқи замонавий технологияларни жорий қилишни мақсад қилганмиз. Бу нималардан иборат, жойларни савдо расталари, савдо дўконларини электрон тартибда бериш автотураргоҳларни электронлаштириш, бундан ташқари, озиқ овқат хавфсизлигини таъминлаш, фермер жеҳқонларига савдо расталарини тўғридан-тўғри бериш, бу эса ўз навбатида, нарх-навонинг сунъий равишда ўсиб кетишининг олдини олади.

Бир сўз билан айтганда, замонавий бозорлар халқимиз турмуш фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади. Бозорлар фаолиятини такомиллаштириш, истеъмолчиларга янада маданиятли хизмат кўрсатиш, савдо нуқталарини кўпайтириш бюджет даромадининг кўпайишида, пировард, натижада эса халқ турмушининг янада яхшиланишида, иқтисодиётимизнинг юксалишида муҳим омил ҳисобланади.

Ушбу мақоланинг тўлиқ тафсилотлари ва экранлаштирилган варианти билан “Ўзбекистон 24” каналида танишишингиз мумкин.