July 27, 2018

Қарздорлик асоссиз ҳисоблангани маълум бўлди

САМАРҚАНД ВИЛОЯТ адлия бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат идоралари билан мавжуд бўлган муаммоларининг бир нечтаси ижобий ҳал этилди.

Хусусан, Самарқанд шаҳридаги “Ғунча” спорт клубининг раҳбари К.Шукуровнинг Самарқанд вилоят статистика бошқармасига ННТнинг фаолияти юзасидан ҳисоботни топшираолмаётганлиги ҳамда Самарқанд шаҳар Давлат солиқ бошқармаси томонидан у раҳбарлик қилаётган ташкилотга асоссиз 4800,0 минг сўм қарздорлик нотўғри ҳисобланганини маълум қилиб, амалий ёрдам кўрсатишни сўраган.

Бошқарма ходимларининг аралашуви билан ННТнинг ҳисоботлари Самарқанд вилоят статистика бошқармаси томонидан қабул қилиниши ҳамда Самарқанд шаҳар ДСИ томонидан нотўғри ҳисобланган солиқ қарзини 2275000 сўмга камайтирилиши таъминланди.

Республика болалар мослашуви марказининг Самарқанд вилоят бўлими Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг грантини ютган. Ушбу грант лойиҳасини амалга ошириш давомида Самарқанд шаҳар ДСИ томонидан 5000,0 минг сўм пул маблағи нотўғри ушлаб қолинган. Бошқарманинг аралашуви билан нотўғри ушлаб қолинган маблағлар нодавлат нотижорат ташкилотига қайтарилиши ва грант ло­йиҳасини амалга оширган мутахассисларга лойиҳа доирасида иш ҳақлари берилиши таъминланди.

Нуробод туманидаги “Холбекжон” жомеъ масжидининг имом хатиби А.Бобоевнинг бошқармага қилган мурожаатида масжид муҳри 2017 йилнинг оҳирларида йўқолганлигини, муҳр дубликатини тиклаш масаласида туман ҳокимлиги мутахассисларига бир неча маротаба учрашганлиги, мутахассислар томонидан муҳр дубликатини бериш юзасидан туман ҳокимининг тегишли қарорини чиқаришда амалий ёрдам беришини ваъда бериб келаётганини, шунингдек, туман ички ишлар бўлими масъул ходимлари томонидан ҳам муҳр дубликатини беришга рухсат берувчи ҳужжатни олиш юзасидан мурожаат қил­ганини, бироқ ҳеч қандай натижа бўлмаганлиги баён қилинган.

Адлия бошқармаси томонидан диний ташкилотнинг ушбу муаммоси ўрганилиб, туман ички ишлар бўлими томонидан тегишли рухсатномани олиш ва жомеъ масжид муҳри дубликатини қисқа муддатда олишда амалий ёрдам кўрсатилди.