August 6, 2018

Қарз ёмон: олдингми тўла

РИСОЛАТ Каримова (исм-шарифи ўзгартирилган) яхши ниятлар билан банкдан кредит олишга, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга аҳд қилиб, ўғли Алижон Собиров билан “Азиз Нур иссиқнон” хусусий корхонаси ишини йўлга қўйди.

Мамлакатимизда тадбиркорларга берилаётган имкониятлардан фойдаланиб, “Микрокредитбанк” АТБ Навоий вилоят амалиёт бўлимидан 2017 йил 17 апрелда тузилган кредит шарт­номасига асосан қурилиш моллари сотиб олиш учун 36 ой муддатга йиллик 12 фоиз устама тўлаш шарти билан 10.000 000 сўм миқдорида кредит маблағи олишга олди-ю... бироқ она-бола тадбиркорлар банк олдидаги мажбуриятларини унутиб қўйишди.

“Азиз Нур иссиқнон” оилавий корхонаси кредит ва ундан фойдаланганлик учун фоизлар суммасини белгиланган жадвал асосида тўлаб бориши лозим бўлса-да, аммо кредит шартномасининг 5.1-банди талабларини қўпол равишда бузиб, кредитни қайтариш графигига  риоя қилмасдан, асосий кредит ва кредитга ҳисобланган фоиз тўловларини тўламасдан келганлиги оқибатида кредит қарздорлиги вужудга келди. Банк томонидан оилавий корхона бир неча бор огоҳлантирилишига қарамасдан қарздорлик тўланмасдан қолаверди. Оқибатда, мазкур оилавий корхонанинг банк олдидаги асосий қарздорлиги 8.691.744 сўмни, муддати ўтган график қарздорлиги 1.025.077 сўмни, кредит фоизидан 310.000 сўмни, жами қарздорлик эса 9.001.744 сўмни ташкил қилди.

Огоҳлантиришларга парво ҳам қилмаган она-бола тадбиркорлар билан тузилган шартномани бекор қилишдан бошқа чора қолмагани боис Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси “Микрокредитбанк” АТБ Навоий вилоят амалиёт бўлими билан “Азиз Нур иссиқнон” оилавий корхонаси ўртасида тузилган кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш ҳамда банкнинг амалиёт бўлими фойдасига жавобгар “Азиз Нур иссиқнон” оилавий корхонасидан солидар тартибда 9.001.744 сўм миқдоридаги кредит қарздорлигини муддатидан олдин ундириб беришни сўраб, фуқаролик судига мурожаат қилишга мажбур бўлди.

Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди томонидан “Микрокредитбанк” билан “Азиз Нур иссиқнон” оилавий корхонаси ўртасида тузилган кредит шартномаси муддатидан олдин бекор қилинди ҳамда “Азиз Нур иссиқнон” оилавий корхонасидан солидар тартибда 9.001.744 сўм миқдоридаги кредит қарзи ундирилиши тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинди.

Тадбиркорларга яратилган шарт-шароитлар ҳамда берилган имтиёзларга беписандлик билан қараганларга қонуний жавобгарлик ҳам борлигини унутмаслик лозим.

Азиз БАҲРОНОВ,

фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди судьяси