July 27, 2018

Тўқликка шўхлик ёмон Вояга етмаганлар орасида учраётган битта жиноят ҳам кўп

ЎТГАН йилнинг 22 декабрида Президентимиз Шавкат Мирзиёев республика тарихида илк бор Олий Мажлис Сенати ва қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатнома тақдим этган эди. Унда мамлакатимиз раҳбари “Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш учун, биринчи навбатда, судьяларни одил судловга таъсир ўтказадиган омиллардан ҳимоя қилиш керак. Тергов ва суд ишига аралашиш ҳолатларини аниқлаш, бунинг учун жавобгарликни кучайтириш ва жазо муқаррарлигини таъминлаш ғоят муҳимдир”, деганди.

Мурожаатдаги талаблардан келиб чиқиб, бугунги кунда халқ билан мулоқотни кучайтиришга, маҳаллаларда аҳоли билан сайёр учра­шув­лар ташкил этишга алоҳида аҳамият қаратиляпти. Бу эса жиноятларнинг олдини олибгина қолмай, фуқароларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини ўсишига туртки беряпти. Буни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди миқёсида оладиган бўлсак, туман суди томонидан ҳуқуқбузарлик профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий масалалари юзасидан муаммоларни тизимли ҳал этиш ва аҳо­лининг ҳуқуқий онгини доимий ошириб бориш мақсадида “Менинг маҳаллам — менинг судьям” ғояси асосида маҳаллаларда сайёр суд учрашувлари ташкил этилаётганида ҳам кўрсак бўлади. Бу сайёр учрашувларда маҳалла аҳолиси билан судьялар ўртасида очиқ мулоқотлар ҳар ҳафта ташкил этилмоқда. Бундан ташқари, Президентимизнинг 2018 йил 14 февралдаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва­ жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Қарори талабларидан келиб чиқиб, туман суди томонидан ҳуқуқбузарлик профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш ҳамда мавжуд муаммо­ларни ўрганиш ва ҳал этиш юзасидан маҳаллаларда сайёр суд ва сайёр учрашувлар ўтказилмоқда.

Вояга етмаганларнинг оилада ва турмушда салбий таъсирларга дуч келиши, ёмон хулқли шахслар билан алоқада бўлиши, узоқ вақт фойдали меҳнат билан шуғулланмаслиги, зўрлик ишлатиладиган видеофильмлар ва видеороликларни томоша қилиши кўпинча жиноят содир этилишига сабаб бўлиши мумкин.

Яқин давр ичида жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди томонидан вояга етмаганлар орасида бешта жиноий иш кўрилиб, олти нафар шахс жавобгарликка тортилган. Бу бир қарашда камдек туюлади, бироқ аслида вояга етмаганлар орасида учраётган битта жиноят ҳам кўп.

Аксарият ҳолларда вояга етмаганлар орасида ўғрилик, тан жароҳати етказиш, ҳақоратлаш, безорилик каби жиноятлар кузатилади. Бу эса уларнинг яшаш муҳити, тарбияси, назоратсизлигидан келиб чиқадиган ҳолатлардир. Чунки бу пайтда уларнинг руҳиятида ўзгаришлар юз берадиган, қизиққонлик устун келадиган даври ҳисобланади. Сайёр учрашувларда уларга бу қилмишларининг оқибатлари нималарга олиб келиши ҳақида тушунтиришлар бериб бораяпмиз.

Олий суд ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ўртасида ёшлар масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолангач, судлар маҳалла, жамоатчилик кафиллигидан таш­қари, ёшлар иттифоқининг кафолат хатларини ҳам инобатга оладиган бўлди. Бу эса билмай нотўғри йўлни танлаган ёшларга тўғри йўлга ўтиб олишларига кўмак бериш имконини яратади.

Туманга қарашли “Феруза” маҳалласи ҳудудидаги 205-мактабда ўтказилган сайёр суд мажлисида ўғриликка қўл урган вояга етмаган уч нафар ёш, яъни Мўминов, Соҳобиддинов ва Илҳомбековларнинг иши кўриб чиқилди. Улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “б, в, г” бандларида кўрсатилган жиноятларни содир этганликлари аниқланган бўлиб, жиноятлари учун қатъий белгиланган жазони ўташлари керак эди. Бироқ Ёшлар иттифоқининг Мирзо Улуғбек туман кенгаши кафиллиги ва маҳалла фаоллари кафиллиги сабаб Мўминов ва унинг шериклари жазоси енгиллашди. Мўминовга бир йил озодликдан чеклаш, Сахобиддинов ва Илҳомбековга эса олти ой озодликдан чеклаш жазоси белгиланди.

Гоҳида суд мажлисларига на маҳалладан, на Ёшлар иттифоқидан мурожаат қилишмайди. Назаримда, бундай бефарқлик сабаб жамиятимизда вояга етмаганлар орасида ўғрилик жинояти кўпайиши мумкин. Бошқа томондан бу ҳолатни айрим ёшларнинг тўқликка шўхлиги, деб ҳам қабул қилиш керакдир? Масалан, ўғирликда айб­ланган Маҳмуд Мавлянхаджаев ҳам ана шундай тўқликка шўхлик қилувчи ёшлардан чиқди. У касб-ҳунар коллежи ўқувчиси. Яхши оиланинг фарзанди, ҳеч қандай муаммоси бўлмай туриб, курсдошининг чўнтагидан уй калитини олиб, калит эгасининг уйига ўғриликка тушади. Жиноят кодексининг 169-моддаси, 2-қисми г-бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилиб, унга шу модда билан Жиноят кодексининг 82-моддаси тартибида энг кам ойлик иш ҳақининг 15 баравари миқдорида жарима тайинланди.