Директорнинг қонунга зид “ташаббуси” ошкор этилди

РЕСПУБЛИКАМИЗ умумтаълим мактабларида бу йилги ўқув машғулотлари якунланди. Ҳадемай, янги ўқув йили ҳам бошланади. Гурлан туманидаги 2-сонли умумтаълим мактаби директори А.Жуманов ғаройиб “ташаббус” билан чиқди. Махсус баённома орқали мактабнинг бир гуруҳ техник ходимлари: фаррош ва қоровулларни бу ерда бошлаб юборилган жорий таъмирлаш юмушларига жалб қилди. Директор бу иш мамлакатимизнинг амалдаги ҳуқуқий ва меъёрий ҳужжатлари талаб­ларига зид эканлигини билса-да, ниятидан қайтмади, билганидан қолмади. Натижада, хизмат вазифаси мактаб озодалигини таъминлаш, чор-атрофни супуриб-сидириш ҳамда ҳудудни қў­риқлашдан иборат бўлган 10 га яқин ходимлар хизмат йўриқномасида белгиланган юмушлар бир четда қолиб, уларга дахли бўлмаган жорий таъмирлаш ишлари майдонига йўл олишди.

Ножўя ишдан наф чиқмаслиги аён. Амалда ҳам шундай бўлди. Директорнинг қонунга зид “ташаббуси” тез орада ошкор бўлди. Қонунга зид номақбул ҳужжат ўз кучини йўқотди. Директорнинг ўзи эса ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини поймол этгани, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс­нинг 51-моддасида ифодасини топган қоидаларга хилоф равишда иш тутгани учун энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари миқдорида жаримага тортилди.

Сир эмас, кўпинча бирор ишга бел боғлаётиб, у ўзини оқлармикан, ишлар юришиб кетармикан, элу юртга наф етармикан, деган ўй-андишага борамиз. Оқилона ҳамда пойқадами қутлуғ ишлар доимо ўз самарасини беради. Буни кейинги йилларда бутун юртимиз бўйлаб бошланган фаол ва шиддаткор ишлар, Президентимизнинг ун­га йўл очган Фармон ва қарорлари, қонунчилигимизнинг янгидан-янги қир­ралари ва уни турмушга татбиқ этиш соҳасидаги саъй-ҳаракатлар янада яққол тасдиқламоқда. Давлатимиз раҳ­барининг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғ­рисида”ги Фар­мони ижроси билан боғлиқ саъй-ҳа­ракатлар ҳам шу тариқа эл-юрт манфаатини кўзловчи хайрли амаллардан биридир. Гарчи оддий ва кундалик фаолиятнинг кичик нуқтаси тарзида кўзга чалинаётган бўлса-да, юқорида ҳукмингизга ҳавола этилган мисолнинг ўзи бунга ёрқин далил саналади.

Энди яна бир далилни келтирамиз. Яқинда Қўш­кўпир туманида ўтказилган адлия сайлида нуроний отахонлардан бири: “Олдинлари одамлар адлия ходимларини излаган ҳолда 50-60 километрлаб йўл босиб, вилоят маркази Урганчга боришарди, мана кўриб турибмизки, Президентимизнинг ташаббуси асосида иш бошлаган янги бўлим ўз оёғи билан ҳузуримизга келди, энди барча мушкулларимиз шу ернинг ўзида ечим топаяпти”, деди самимий миннатдорчилик туйғуси билан.

Адлия бўлимларининг шаҳар ва ту­­ман бўғинлари фаолият бошлаганидан буён ўтган қисқа вақт ичида биргина Хоразм вилоятининг ўзида жами 1700 та қонун ҳужжатлари матни давлат бошқарув органлари ҳамда бошқа тегишли ташкилотларга етка­зиб берилди. Жойлардаги адлия бў­лимлари бошлиқлари ҳозирнинг ўзи­даёқ тегишли шаҳар ва туманларда ўтаётган “Ҳокимлик соатлари”нинг доимий қатнашчилари, ҳуқуқий йўриқчи ва оқил маслаҳатчи мақомида намоён бўлишаяпти. Ноқонуний тарзда ўзлаштирилган бир неча миллион сўм миқдоридаги маблағ эгаларига қайтарилди. Мазкур бўлимларга жисмоний ва юридик шахслар томонидан йўлланган 89 та мурожаат ҳам пухта ўрганилди. Эътиборли жиҳати, бу мурожаатларнинг 80 фоиздан зиёди асосли, деб топилди ва тўла қаноатлантирилди. Қолганларига асосли тарзда ҳуқуқий маслаҳат ва йўл-йўриқ берилди. Адлия бўлимининг амалий кўмагидан баҳраманд бўлганлар орасида боғотлик фуқаро Павел Буданов ҳам бор. У адлия бўлими ходимлари томонидан уюштирилган сайёр қабул чоғида анчадан буён иш излаётганини айтиб, бўлим раҳбарига мурожаат қилди. Талаб қаноатлантирилди. Буданов ўзига мақбул иш ўрнига эга бўлди.

Ишончимиз комилки, адлия тизимининг бевосита одамлар ҳузуридаги бундай сер­маҳсул фаолиятидан халқ ҳам, давлат ва жамият ҳам бирдай наф ва манфаат топади.

Қаҳрамон МАШАРИПОВ,

Хоразм вилоят адлия бошқармаси

бошлиғининг биринчи ўринбосари