July 13, 2018

“GREEN CARD”ни дастак қилган пул ўғрилари

2018 ЙИЛ февраль ойида Иштихонда жиноят ишлари бўйича Иштихон туман судининг очиқ сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.

Судланувчилар Б.Нурбеков ва А.Саидов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишди. 2017 йил 15 январь куни судланувчи Б.Нурбеков “Қорахони” қишлоғида яшовчи С.Маҳкамовнинг уйига бориб, унга Пайариқ туманида яшовчи С.Файзиевага “GREEN CARD” ютуғи чиққанлигини, агарда ўғлини С.Файзиевага уйлантириб қўйса, уни АҚШ давлатига юборишни ваъда қилади. Шу тариқа жабрланувчининг 1.850 АҚШ доллари (6.041.249 сўм) ва 10.900.000 сўм пулига эга бўлади.

Судланувчи Б.Нурбеков 2017 йил январь ойининг охирларида ўз жиноятини ­яшириш мақсадида С.Фай­зиеванинг номига “GREEN CARD” ютуғи чиққанлиги тўғрисида инглиз тилида қалбаки ҳужжат тайёрлаб, жабрланувчи С.Маҳкамовга тақдим қилади.

Суд мажлисида сўроқ қилинган судланувчи Б.Нурбековнинг сўз­ларига қараганда эса 2017 йил январь ойининг ўрталарида С. Маҳкамов Самарқанд шаҳрида у билан учрашиб “...менга “GREEN CARD” ютуғи чиққан қиз топиб бер, ўғлимни уйлантириб Америка давлатига юбормоқчиман”, деб илтимос қилган. Шунда Б.Нурбеков таниши А.Саидовга қўнғироқ қилиб бу ҳақда айтади, А.Саидов эса ундан “...қанча пул бермоқчи? савдолаш-чи?”, деб сўрайди. Томонлар С.Маҳкамов билан “GREEN CARD” ютуғи чиққан қиз топиб бериш эвазига 7.000 АҚШ долларига келишиб оладилар. Шундан сўнг А.Саидов “...пулини берсангиз топиб бераман”, деган шарт билан Б.Нурбековга Пайариқ туманида яшовчи С.Файзиеванинг яшаш манзилини беради. Судланувчи Б.Нурбеков 2017 йил 15 январь куни С.Маҳкамовнинг уйига бориб унга “...“GREEN CARD” ютуғи чиққан қизнинг манзилини топдим, 7.000 АҚШ доллари берсангиз қизнинг манзилини бераман”, деб шарт қўяди. Шунда С.Маҳкамов унга ўз уйида 10.900.000 сўм ва 650 АҚШ доллари миқдорида пул бериб қолган пулини тез кунларда беришини айтади. Б.Нурбеков эса хонадон эгасига Пайариқ туманида яшовчи бўлажак келиннинг яшаш манзилини беради. Б.Нурбеков пулларни олиб хуш-хурсанд чиқиб кетади. Орадан икки-уч кун ўтиб у яна С.Маҳкамовнинг уйига бориб 1.200 АҚШ доллари миқдоридаги қолган пулларини ҳам олади ва С.Маҳкамовдан олган жами 10.900.000 сўм ва 1.850 АҚШ доллари миқдоридаги пулларнинг ҳаммасини А.Саидовга олиб бориб беради. Кўп ўтмай С.Маҳкамов ўғли Б.Маҳкамовни Пайариқ туманида яшовчи С.Файзиевага уйлантириб қўяди. Тўйдан сўнг эса бу қизга ҳеч қандай “GREEN CARD” ютуғи чиқмаганлиги маълум бўлади.

Суд мажлисида судланувчилар Б.Нурбеков ва А.Саидов айбларига тўлиқ иқрорлик билдирди.

Дастлабки тергов органи томонидан судланувчи Б.Нурбеков фойдаланиш мақсадида муайян ҳуқуқ берадиган расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш ва ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланиш ҳамда бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритишда жиноий ҳаракатлардан фойдаланган, деб топилди.

Худди шундай суд дастлабки тергов органи томонидан судланувчи А.Саидовнинг, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритишда ифодаланган жиноий ҳаракати Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б” банди билан тўғри квалификация қилинган, деб ҳи­соблади.

Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан “GREEN CARD”ни дастак қилган пул ўғриларига тегишли жазо тайинланди.