July 3, 2018

Пора тутган қўлларга кишан солинди

ЖАЛИЛОВА Муҳаббат (исм-фамилиялар ўзгартирилган) “Сув­оқава” ДУК Қўқон шаҳар филиали мижозлар бўлими назоратчиси вазифасида ишлаб келарди. Унинг хизмат вазифаси ҳудуддаги сув истеъмолчилари томонидан  сув сарфини назорат қилиш, сув учун тўловларини йиғиш, ҳисоблагич ўрнатилган хонадонларнинг кўрсаткичларини компьютер базасига киритиш учун тақдим қилишдан иборат эди. Кунларнинг бирида у Қўқон шаҳрида яшовчи Саида опага қўнғироқ қилади ва ичимлик сувидан уларнинг 2.000.000 сўмга яқин қарзи борлигини айтади.

Саида Фозилова эса ичимлик сувидан бунча кўп қарз бўлиши мумкинлигига ишонмасди. Негаки, бу уй марҳум қайнонасининг уйи бўлиб, бу ерда ҳозирда ҳеч ким яшамас эди. Шу сабаб у масалага ойдинлик киритилишини истади ва Муҳаббат Жалиловадан қарздорлик тўғрисида асосли ҳужжат келтиришини сўради. Бу орада “Сувоқава” ДУК назоратчиси Саида Фозиловага бир неча бор қўнғироқ қилиб гаплашади. Суҳбатларнинг бирида у бир дона компьютер эвазига ичимлик сувидан бўлган қарздорликни рўйхатдан ўчиришини айтади. Яна бир суҳбат чоғида эса белгиланган сумманинг ярмини тўласа қарздорликни бартараф этишини ваъда қилади. Шундан сўнг икки ўртада келишув шундай бўладики, Саида Фозилова 1.400.000 сўм миқдоридаги пулни берса, қарз бутунлай ўчирилиши мумкин. Қўқон шаҳридаги “Медиа парк” савдо мажмуаси олдида келишилганидек, Саида Фозилова ва Муҳаббат Жалилова кўришишади. 1.400.000 сўм миқдоридаги пул пора сифатида олинаётган бир пайтда СВОЖЖДЛҚК Департаменти Қўқон шаҳар бўлими ва Мажбурий ижро бюроси Қўқон шаҳар бўлими ходимлари ҳамкорлигидаги тезкор тадбирда жиноят фош этилади.

Жабрланувчи Саида Фозилова “Сувоқава” ташкилоти назоратчиси Муҳаббат Жалилова ҳаракатларидан шубҳалангани бо­ис ўз вақтида СВОЖЖДЛҚК Департаменти Қўқон шаҳар бўлими бошлиғига ариза билан мурожаат қилган эди. Суд мажлисида барча ашёвий далиллар, гувоҳларнинг кўрсатмалари эътиборга олиниб, пора олган назоратчининг айблари тўлиқ исботини топди.

М.Жалиловага Жиноят кодексининг 168-моддаси, 3-қисми, “в” банди билан иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.