“Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомилаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинди.
- Фармонга мувофиқ, Тошкент давлат юридик университети “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш бўйича базавий олий таълим ва илмий-методик муассаса этиб белгиланди.
- Шунингдек, Самарқанд, Наманган ва Термиз давлат университетларида юридик факультетлар ташкил этилади ва “юриспруденция” йўналиши бўйича белгиланган тартибда шакллантириладиган ва тасдиқланадиган квоталар бўйича қабул, шу жумладан табақалаштирилган тўлов контракт асосида қўшимча қабул амалга оширилади.
- Фармонга кўра, давлат, ҳуқуқ ва сиёсий-ҳуқуқий фикр соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга оширадиган Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти ташкил этилади.
- Фармон билан юридик таълим ва фанни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланди.
- Замонавий талаблар, илғор халқаро юридик тажриба ва меҳнат бозори эҳтиёжлари асосида юқори малакали, ижодий фикрлайдиган, ҳалол кадрлар тайёрлашни таъминлаш ушбу устувор йўналишлардан биридир.
❗️Юридик кадрлар эҳтиёждан келиб чиқиб шакллантирилади
Фармонга кўра, Юридик кадрларни тайёрлашга буюртма шакллантириш тартиби жорий этилади. Унга мувофиқ, ТДЮУ, юридик факультетлар ва юридик техникумларга қабул параметрлари, жорий ва истиқболдаги юридик кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиб, ҳар бир ҳудуд, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа кесимида таҳлил қилиш асосида, юридик кадрларга бўлган эҳтиёжни прогнозлаштириш электрон платформасини яратган ҳолда шакллантирилади.
⚡️ Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик факультети ташкил этилади.
Факультетнинг асосий вазифаларидан бири халқаро хусусий ҳуқуқ, шунингдек миллий ва япон, немис ҳуқуқи ҳамда бошқа ривожланган хорижий давлатлар ҳуқуқ тизимларини қиёсий тадқиқ қилиш асосида юқори малакали юридик кадрлар тайёрлашдан иборат.
Факультетнинг асосий ҳамкорлари сифатида Япония томонидан – Нагоя университети, Германия Федератив Республикаси томонидан – Регенсбург университети белгиланади.
Хорижий ҳуқуқни ўрганиш марказлари Факультет таркибида фаолият юритади.
Факультет негизида хорижий таълим муассасалари ва халқаро ташкилотлар билан ҳуқуқ соҳасида қўшма тадқиқот, ўқув-таълим ва бошқа лойиҳаларни ташкил этиш бўйича майдон яратилади.
Факультетдаги ўқув жараёнга хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари таркиби фаол жалб этилади.
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:
🔸Ўзбекистон фуқаролари ТДЮУ магистратурасига Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовлари орқали қабул қилинади, базавий юридик маълумотга эга бўлган шахслар учун ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда масофавий, сиртқи ва кечки ўқитиш дастурлари жорий этилади;
🔸базавий олий юридик маълумотга эга ва давлат ҳокимияти ва бошқаруви марказий органларида юридик йўналиш бўйича камида 5 йил иш стажига эга раҳбар ходимларни магистратурага, тегишли давлат органининг биринчи раҳбари тавсияси асосида, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда масофавий, сиртқи ва кечки ўқитиш дастурлари бўйича ўқиш учун қабули, кириш тест синовларсиз, тўлов-контракт асосида, қабул параметрларидан ташқари амалга оширилади;
🔸“юриспруденция” йўналиши бўйича бакалавриатни имтиёзли тугатган битирувчилар ТДЮУ магистратурасига тест синовларисиз, тўлов контракт асосда, ўқиш қийматининг 50 фоизини тўлаб, қабул параметрларидан ташқари, ўқишни тугатгандан сўнг ТДЮУ, юридик факультетлар, юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги лицейда камида 3 йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини олган ҳолда қабул қилинади;
ТДЮУ, юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги академик лицейда пуллик асосда тайёрлов ва бошқа курслар, ёзги ва қишки мактаблар, шу жумладан чет эл фуқаролари учун ташкил этилади.
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб юридик техникумларда эса: ⬇️
👉 номутахассислик фанлар сони қисқартирилиб, ўқув жараёни кредит-модуль тизимини қўллаган ҳолда ташкил қилинади;
👉 Ўзбекистон фуқароларини қабул қилиш Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовлари орқали амалга оширилиб, табақалаштирилган тўлов контракт асосида қўшимча қабул тартиби жорий этилади;
👉 қўшма таълим дастурларини ва юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги академик лицейнинг қўшма факультетларини тугатгандан сўнг ўқишни давом эттирган шахсларга берилган хорижий таълим муассасаларининг белгиланган шаклдаги дипломлари (бакалавриат, магистратура) Ўзбекистонда қўшимча маъмурий тартиб-таомилларсиз олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинади;
👉 базавий олий юридик маълумотга эга, юридик техникумларда камида 3 йил ишлаган педагог ва раҳбар ходимлар, ТДЮУ магистратурасига кириш тест синовларисиз, тўлов контракт асосида, қабул параметрларидан ташқари, ўқишни тугатгандан сўнг адлия органлари ва муассасаларида тақсимот бўйича, биринчи навбатда, юридик техникумларда камида 3 йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини олган ҳолда, кириш ҳуқуқига эга бўлади.
Шунингдек, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ТДЮУ қошидаги академик лицейда, қабул тартиби ва параметрлари, шунингдек, ўқиш учун тўлов миқдори ТДЮУ томонидан мустақил белгиланган ҳолда, тўлов-контракт, шу жумладан табақалаштирилган тўлов контракт асосида қўшимча қабул тартиби жорий қилинади.
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ТДЮУ қошидаги академик лицейнинг барча фанлар бўйича юқори натижаларга эга битирувчилари, ТДЮУга кириш тест синовларисиз, якка тартибда суҳбат ўтказиш орқали, тўлов-контракт асосида, қабул параметрларидан ташқари кириш ҳуқуқига эга бўлади.