Ким волонтёр бўла олади?
Волонтёрлик фаолияти – жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бепул асосда амалга ошириладиган, жамоат учун фойдали бўлган ихтиёрий фаолият ҳисобланади
2019 йил 2 декабрда “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонун қабул қилинган.
Ушбу Қонунга кўра, 18 ёшга тўлган жисмоний шахслар волонтёрлик фаолиятини амалга ошириши мумкин.
16 ёшдан 18 ёшгача бўлган жисмоний шахслар волонтёрлик фаолиятини, башарти бу фаолият уларнинг соғлиғига ҳамда ахлоқий ривожланишига зарар етказмаса ва ўқув жараёнини бузмаса, амалга ошириши мумкин.
Фавқулодда вазиятлар оқибатларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишга доир ишларни амалга ошириш учун фақат 18 ёшдан катта бўлган волонтёрларга ижозат берилади.
Волонтёрлик фаолияти ташкилотчисининг ваколатлари қуйидагича:
*волонтёрлик ташкилотига ва волонтёрга режалаштирилаётган ҳамда амалга оширилаётган волонтёрлик дастурлари ва волонтёрлик акциялари, улар иштирокчиларининг сони, акциялар ўтказиладиган жой ҳамда вақт, уларни ўтказишга доир талаблар тўғрисида ахборот тақдим этади, шу жумладан ўз расмий веб-сайтига жойлаштириш орқали ахборот тақдим этади;
*волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш чоғида волонтёрнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсиз шарт-шароитлар яратади;
*волонтёрга махсус кийим-бош беради ҳамда унинг ҳақиқий яшаш жойидан волонтёрлик акцияси ўтказилаётган жойга келиши ва у жойдан қайтиши учун йўл ҳақи, яшаш, овқатланиш, зарур якка тартибда ҳимояланиш воситаларини, ускуналарни сотиб олиш харажатларининг ва ўрнини қоплайди ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа ваколатларни амалга оширади.