June 29, 2020

#Қонунчиликдаги_янгиликлар

⚡️ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди

“Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинди.

🏢 Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (Агентлик) ташкил этилди.

⚠️ Агентлик коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.

✅ Агентлик Президентга бўйсунади ва Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдор.

♻️ Фармон билан Агентликнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланди. Жумладан, Агентлик мамлакатда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилишни таъминлайди.

🔎 Агентлик коррупцияга оид, биринчи навбатда, Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига ва халқаро имиджига зарар етказувчи жиноятларни тергов қилиш натижаларини комплекс таҳлил қилади.

🔰 Агентликка, шунингдек, қуйидаги бир қатор ҳуқуқлар берилди:

🔸 бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат активларининг реализация қилиниши, давлат харидлари, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва давлат дастурлари бажарилиши билан боғлиқ материалларни талаб қилиш, олиш ва ўрганиш;

🔸 жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция масалалари бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш;

🔸 коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий суриштирувлар ўтказиш;

🔸 ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари қарорларида коррупция белгилари аниқланган ҳолларда уларнинг ижросини тўхтатиш ёки бекор қилиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни киритиш.

❗️Агентликнинг огоҳлантириш, тақдимнома ва мурожаатлари ўн кун ичида кўриб чиқилиши ва натижалари юзасидан ёзма ахборот берилиши шарт.

Коррупция ҳолатлари ҳақида хабардор қилиш имконини берувчи махсус мобил дастурий таъминот яратилади

💼 Фармонга кўра, Агентликни ходимлар билан тўлдириш конкурс асосида халқаро стандартларга мувофиқ Агентлик томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.

✅ 2020–2021 йилларда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларида коррупцияга қарши ички назорат тизими (“комплаенс-назорат”) босқичма-босқич жорий этилади.

🔰 Фармон билан қуйидагилар жорий этилади:

👉 Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолияти, шунингдек, ушбу соҳадаги давлат ва бошқа дастурлар самарадорлигини мониторинг қилиш ҳамда баҳолаш имконини берувчи

“E-Anticor.uz” электрон платформаси;

👉 коррупция ҳолатлари ҳақида Агентликни хабардор қилиш имконини берувчи махсус мобил дастурий таъминот.

🏢 Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари ташкил этилди.