June 13, 2020

Суд ҳокимяти мустақиллигини таъминлаш борасидаги ислоҳотларни янада кучайтириш масалалари адлия органлари билан биргаликда парламент муҳокамасида.

Мамлакатимизда қонун устиворлигини таъминлашда, фуқароларнинг конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишда, жамиятда адолатни қарор топтиришда суд органларининг фаолияти муҳим аҳамиятга эга. Ўтган уч йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар суд органлари ва судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йилдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларга тўхталар экан, суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши зарурлигини, суд остонасига қадам ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганлигига тўла ишонч ҳосил қилиши кераклигини таъкидлаган.

Шунга кўра, жорий йил 13 июнь куни Андижон вилоят адлия бошқармасида ва вилоят давлат хизматлар маркази биноларида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмиталарининг вакиллари ҳамда туман адлия бўлимлари, билан ҳамкорликда «ZООМ» платформаси орқали Суд соҳасидаги ислоҳотларни янада кучайтириш масалалари муҳокамасига бағишланган видеоконференция ташкил қилинди.

Тадбирда парламент вакиллари Суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга оширишда адлия органларини иштроки ҳақида маълумотлар бериб ўтилди. Бундан ташқари, адлия органлари ҳодимлари томонидан суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан атрофлича бир қанча таклифлар билдирилиб, муҳокама қилинди.

Шунингдек, Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни янада кучайтириш масалалари бағишланган шундай тадбирлардан бири Андижон вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ходимлари билан давра суҳбати орқали амалга оширилиб, Суд мустақиллигига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни аниқлаш, Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтди.