August 28, 2020

ВОЛОНТЁРЛИК ШАРТНОМАСИ ҚАНДАЙ ТАРТИБДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?

Волонтёрлик фаолияти – жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бепул асосда амалга ошириладиган, жамоат учун фойдали бўлган ихтиёрий фаолият ҳисобланади

2019 йил 2 декабрда “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонун қабул қилинган.

Қонунга кўра, Волонтёрлик волонтёр ва волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси ўртасида ёзма шаклда тузилган шартнома асосида амалга оширилиши мумкин.

Волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси, агар у волонтёрлик фаолияти билан ойига 20 соатдан кўпроқ банд бўлса, волонтёр билан волонтёрлик шартномасини тузиши шарт.

Агар волонтёрлик шартномасини бажариш жараёнида волонтёрнинг зиммасига юклатилган мажбуриятларни амалга оширишни қийинлаштирадиган ҳолатлар тарафларга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра юзага келса, шартнома қайта кўриб чиқилади.

Волонтёрлик шартномасини бир томонлама тартибда бекор қилиш, агар волонтёрлик шартномасида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, волонтёр томонидан ёки жалб этилган ташкилот томонидан бу ҳақда 7 кун олдин дастлабки тарзда хабардор қилиш шарти билан ва сабабларни кўрсатиш мажбуриятларисиз амалга оширилади.

Якка тартибдаги меҳнат шартномасини ёки хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги фуқаролик-ҳуқуқий шартномасини ёхуд шу каби ҳар қандай бошқа шартномани тузишдан бош тортиш мақсадида волонтёрлик шартномасини тузиш тақиқланади.

ҚОНУНДА ВОЛОНТЁРЛИК ФАОЛИЯТИНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ ВА ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЧОРАЛАРИ НАЗАРДА ТУТИЛГАН.

👉 Волонтёрлик фаолиятини илгари суриш ҳамда амалга ошириш борасидаги хизматларини эътироф этиш ва баҳолаш белгиси сифатида жисмоний ва юридик шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ мукофотланади.

Давлат органлари волонтёрлик фаолияти билан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда волонтёрлик фаолияти соҳасидаги хизматларни эътироф этиш бўйича турли фестиваллар ўтказиши мумкин.

👉 Волонтёрлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари хайрия ёрдами тарзида қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:

  • моддий-техника таъминоти;
  • мулкий таъминот;
  • қўллаб-қувватлашнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа шакллари.
  • Волонтёрлик фаолиятининг молиявий таъминоти жисмоний ва юридик шахсларнинг ўз маблағлари ёки жалб этилган маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга ошириладииши мумкин.