June 23, 2020

“Андижон”, “Бухоро” ва “Урганч” халқаро аэропортларида “Очиқ осмон” режими жорий этилмоқда.

“Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент қарори (ПҚ–4755-сон, 19.06.2020 й.)га асосан рейслар сони ва йўналишлари бўйича чекловларни бекор қилишни назарда тутувчи “Очиқ осмон” режими “Андижон”, “Бухоро” ва “Урганч” халқаро аэропортларида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ жорий этилади, “Очиқ осмон” режим аслида нима? у қандай режим?

Фуқаро авиациясида «Очиқ осмон» режими хорижий авиакомпаниялар учун мамлакат аэропортларидан фойдаланиш шартларини эркинлаштириш ва киришни енгиллаштиришни англатади. Ҳаво қатновини эркинлаштириш деганда 1944 йилда «Халқаро фуқаролик авиацияси тўғрисидаги конвенция»да ҳаво қатновини тартибга солишнинг белгиланган меъёрларини босқичма-босқич кенгайтириш ва «Очиқ осмон» деб номлаган махсус авиация режимларини яратиш тушунилади. Жами 9 та даража бўлиб биз учун энг қулайи «бешинчи ҳаво эркинлиги» даражасидир.

Хорижий авиакомпанияларнинг юртимизга кириб келиши иқтисодиётимизга каттагина фойда келтиради. Масалан, Самарқанд аэропортига қўнган хорижий авиакомпания самолёти учиш йўлаги учун пул тўлайди. Шунингдек, аэропортда қолган ҳар бир соати, ёқилғи олгани ва бошқа хизматлар учун ҳам пул тўлайди. Самолётдаги йўловчилар ҳам аэропорт терминалидан, автотранспортдан фойдаланади, меҳмонхонада туради.

Бу режим орқали йўловчиларимизга янги манзилларга бошқа авиакомпания орқали бориш имконини беради. Мамлакатимизга келадиган туристлар, инвесторларга қулайлик яратади. Фуқароларимиз олисдаги биз бора олмайдиган давлатларга тўғридан-тўғри рейслар орқали бориши мумкин бўлади.