Коррупция – тараққиёт кушандаси
Маълумки, коррупция - шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишда кўринадиган салбий ижтимоий ҳодиса ҳисобланади.
Ҳозирги кунда коррупцияни жамиятнинг барча жабҳаларида учратиш мумкин.
Хўш коррупция нимадан келиб чиқади?
Коррупциянинг қуйидаги тўрт асосий сабабини келтириш мумкин.
1. Шахсий сабаблар. Коррупция “ёмон” ижтимоий ҳодиса бўлиб, у яхши таълим-тарбия кўрмаслик ва кам маош оладиган амалдорларнинг нокаслиги оқибатида пайдо бўлади.
2. Институционал сабаблар. Бунда бошқарувнинг кучсизлиги асосий омил саналади. Бунга, кадрлар тайёрлаш, ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг самарасизлиги, мансабдорларнинг ёллашнинг осонлиги ва уларни осон ишдан ҳайдаш, уларда узоқ вақт мансабда туришга ишончсизлик пайдо бўлиши кабиларни мосил қилиб келтириш мумкин.
3. Тизимий сабаблар. Ҳукумат баъзан жамиятнинг шундай талабларига дуч келадики, уларнинг бажаришнинг расмий тартиблари аниқ ишланмаган бўлади ёхуд уларни амалга ошириш кўп миқдорда маблағ талаб этади ҳамда аксар ҳолларда узоқ муддатларга чўзилади. Шундай ҳолларда коррупцияга тўғридан-тўғри ва қисқа йўлар очилади.
4. Кўп томонлама сабаблар. Баъзан давлат раҳбарларининг ўзига хос ҳулқи туфайли давлат бошқарувида ҳал қилувчилик ролини “шахсий” омиллар бажаради. Бундай шароитда давлат мансабларига ишончга сазовор одамлар тайинланган тақдирда ҳам институционал ва тизимга оид муаммолар сабаб коррупция кўпаяди.
Шу сабабдан бўлса керак, қадимги юнон олими Аристотелнинг бир неча асрлар муқаддам коррупция ҳақида “Ҳокимиятга пул билан эришган одам ундан даромад олишга интилади” - деб, айтган гаплари ҳали ҳам асло ўзининг қийматини йўқотмаган.
Ривожланган давлатларда коррупцияга қарши курашиш бўйича самарали ишлар олиб борилган.
Жумладан, ХХ асрга келиб Швеция, Сингапур, Янги Зеландия, Швецария каби мамлакатларда коррупцияни қаттиқ жиловлашга муваффақ бўлиндики, мазкур давлатлар фуқаролари ва давлати орттирган тажриба барчани коррупцияга қарши курашишга руҳлантирмоқда.
БМТ маълумотларига кўра, жаҳон иқтисодиёти ҳар йили коррупция туфайли 2,6 триллион доллар маблағдан айрилади, бу жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 5 фоизидир, БМТ бош котибининг билдиришича, “Коррупция одамларни мактаб, касалхоналардан маҳрум қилади, инвесторларни ваҳимага солади, табиий ресурслар талон-торож бўлишига сабаб бўлади, бошқа турли жиноятлар пайдо бўлишига шарт-шароит яратади”.
Transparency International ташкилотининг маълумотларига кўра, жаҳон мамлакатлари орасида коррупциянинг ёйилиш индекси бўйича энг кам коррупциялашган мамлакатлар сирасига Дания, Янги Зеландия, энг кўп коррупциялашган мамлакатлар сирасига Сомали, Сурия ва Жанубий Судан кириши билдирилган.
Коррупцияга қарши курашиш борасида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларидан Қозоғистон Республикасида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” Қонун, шунингдек, Россия Федерацияда ҳам “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” федерал қонун қабул қилинган.
Шу билан бирга, сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилмоқда.
Жумладан, коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар сирасига “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майда “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сон Фармонини ва 5 га яқин норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлигини мисол қилиб келтириш мумкин.
“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тўлиқ қонуний тартибга солиш, давлат бошқаруви органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши кураш юзасидан кўраётган чора-тадбирлари самарадорлигин ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупцияга тоқатсиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида қатор амалий ишлар бажарилмоқда.
Жумладан, электрон ҳукуматнинг коррупцияни камайтиришдаги роли эътиборга олинган ҳолда, уни бошқарув тизимига кенг жорий қилина бошланди.
Айниқса, давлат хизматларидан юздан ортиғини амалга ошириш электронлаштирилди ва ягона электрон давлат порталини яратилди.
Кейинги вақтда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш белгиланди.
Шу билан бирга, бизнес соҳасида тамагирликка сабаб бўладиган тартибсизликларга чек қўйиш чоралари кўрилмоқда. Булар жумласига, акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш ва улар самарадорлигини ошириш йўл-йўриқлари белгиланганлигини мисол қилиб келтириш мумкин.
Умуман олганда, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича муҳим ташкилий-ҳуқуқий база яратилган.
Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши муросасиз ва таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатилмас экан, унга қарши курашни самарали ташкил этиб бўлмайди, шунинг учун ушбу иллатга қарши нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки ҳар бир жамият аъзоси жиддий қарши курашиши лозим, шундагина биз ўйлаган манзилга албатта етамиз.
Андижон вилоят адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси - Икрамов Аброрбек
Андижон вилоят адлия бошқармаси
- Telegramдаги расмий саҳифаси: https://t.me/adliyaboshqarmasi
- Facebook тармоғидаги расмий саҳифаси: https://www.facebook.com/groups/337429253450805/
- Саволларингизни йўллаш учун:Telegram-bot: @murojaatadliyaga_bot