Маъмурий тартиб-таомиллар такомиллашмоқда
Мамлакатимизда фаол ривожланиб бораётган демократлаштириш жараёнларини инобатга олган ҳолда миллий қонунчилик янада такомиллаштирилмоқда. Жумладан, маъмурий тартиб-таомилларга оид қонунчилик замон талабларига мувофиқлаштирилаётгани инсон ҳуқуқ ва эркинликларини изчил ҳимоялашга хизмат қилади.
Бугун юртимизда давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш ва модернизация қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш мақсадида электрон порталлар ва маълумотлар базалари яратилди.
Хусусан, рухсат берувчи ҳужжатлар ҳамда лицензия олишни соддалаштириш учун махсус веб-сайтлар ишга туширилди.
Шу билан бирга, сўнгги йилда амалга оширилган кенг кўламли ишларнинг холис таҳлили, давлат бошқаруви органлари фаолияти, аҳоли билан очиқ ҳамда тўғридан-тўғри мулоқот натижалари мавжуд муаммо ва камчиликларни тизимли ҳал этишга эҳтиёж мавжудлигини кўрсатди.
“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун ушбу муаммоларни тизимли ҳал қилган ҳолда, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг шаффофлиги ҳамда очиқлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларга ахборот тақдим қилишнинг замонавий шаклларини жорий этиш, жамият ҳамда бизнес билан ўзаро ҳамкорлик қилишда ортиқча маъмурий сарф-харажатларга барҳам бериш имконини яратди. Қонун амалиётга татбиқ этилиши билан давлат хизматидаги ўзбошимчалик, суиистеъмол қилиш, коррупсия ва бошқа салбий ҳолатлар жиддий камаяди, маъмурий жараённинг шаффофлиги таъминланади.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, тадбиркорлик субъектлари ва жамоат ташкилотларининг қонуний манфаатларини таъминлашга оид ҳуқуқий асослар яратилган. Маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш бўйича давлат органлари ва ташкилотларнинг фаолияти қонун ҳужжатларига мос равишда йўлга қўйилган.
Соҳага оид қонунчиликни такомиллаштиришдан кўзланган мақсад маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишни тартибга солувчи нормаларни тизимлаштириш ва бирхиллаштиришдир. Бу халқаро ҳуқуқ нормаларига мос келади.
“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига, шу жумладан лицсензия, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларига, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тартиб-таомилларга, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилиши назарда тутилган.
Ушбу Қонун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш, давлат хизматини ўташ, референдумлар, сайловлар ўтказиш, мудофаа, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартибот соҳасида, шунингдек тезкор-қидирув фаолияти, суриштирув, дастлабки тергов, жиноий мажбурлов чораларини қўллаш билан боғлиқ бўлган бошқа фаолият, суд ишини юритиш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш соҳасида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳасига кирувчи муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий принциплари қонунийлик, мутаносиблик, ишончлилик, тингланиш имкониятининг мавжудлиги, маъмурий тартиб-таомилларнинг очиқлиги, шаффофлиги ва тушунарлилиги, манфаатдор шахслар ҳуқуқларининг устунлиги, бюрократик расмиятчиликка йўл қўйилмаслиги, мазмунан қамраб олиш, маъмурий иш юритишнинг «бир дарча» орқали амалга оширилиши, тенг ҳуқуқлилик, ишончнинг ҳимоя қилиниши, маъмурий ихтиёрийликнинг (дискрецион ваколатнинг) қонунийлиги ва текшириш кабилардан иборат.
Қонунга кўра, манфаатдор шахсларга мажбуриятлар орқали қийинчилик туғдириш, фақат расмий қоидалар ва талабларга риоя этилиши мақсадидагина уларга ҳуқуқлар беришни рад этиш ёки уларнинг ҳуқуқларини бошқача тарзда чеклаш маъмурий органларга тақиқланади.
Қонунда махсус маъмурий тартиб-таомилларни белгиловчи қонун ҳужжатлари жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳолатини ёмонлаштирмаслиги кераклиги белгиланган.
Қонунга мувофиқ, маъмурий органлар маъмурий иш юритишни қонун ҳужжатларида ўз ваколатига киритилган масалалар юзасидан амалга оширади.
“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонунда маъмурий ҳужжатларни қабул қилиш жараёнини стандартлаштириш ва енгиллаштириш орқали давлат органларининг фуқаролар ва ташкилотлар билан бўлган муносабатлари қонунийлигини таъминлаш ва шаффофлигини оширишга эътибор қаратилган. Замонавий технологиялар асосида давлат хизматларини янада сифатли кўрсатиш учун шароитлар яратиш маъмурий тўсиқ ва чекловларни бартараф этишга кенг имкониятлар яратади.
Андижон туманлараро маъмурий судининг судьяси Исакулов Ахмадилло