СУДЛАР ФАОЛИЯТИ: КЕЧА ВА БУГУН
Бугунги кунда ижтимоий ҳаётимизнинг ҳамма соҳаларида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳам жадаллик билан давом этмокда. Ўтказилаётган барча суд-ҳуқуқ ислоҳотларнинг пировард мақсади энг олий қадрият ҳисобланган инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш ва ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашдир.
Барча макон ва замонда ҳам инсонлар ўзларининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфатлари бузилган деб ҳисобласалар, қадим даврларда қозиларга, кейинроқ эса судларга мурожаат қилганлар.
Тарихдан маълумки, қозилар фақат подшоҳлар томонидан тайинланганлар, уларга шариат қоидаларини билиш, адолат тарафдори бўлиш, ҳуқуқ ва муомала лаёқатига эга бўлиш, озод бўлиш ва ақли расо бўлиш каби талаблар қўйилган. Ҳаттоки подшоҳлар ҳам давлат ва жамият ҳаётига алоқадор муҳим қарор қабул қилиш чоғида иккилансалар, уларнинг одилона ва бирон-бир манбаага асосланган фикри ва маслаҳатидан унумли равишда фойдаланганлар.
Қадимда қозилар фуқароларнинг барча масалаларини ҳал қилишган. Ҳозиргидек судларнинг бўлиниши, тааллуқлилик каби масалалар мавжуд бўлмаган. Аризани кўриш жараёнида қозилар ҳам тарафларни ва мазкур ҳолатнинг гувоҳи бўлган шахсларнинг кўрсатувларини эшитиб, қарор қабул қилганлар. Ўз қарорларини эълон қилишдан аввал улар шу вақтга қадарли мавжуд бўлган ҳуқуқий манфаларга асосланганлар.
Машҳур муҳаддис олим Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ал-Ҳидоя” асарида ёзилишича, қозилик мусулмон бўлмаган шахсларга, қуллар ва чўриларга, туҳматчиликда айбланган шахсларга, оғир жиноят содир этганларга ҳамда вояга етмаганларга ман этилган”. Қозилар ҳеч кимга бўйсунмаганлар, ҳаттоки подшоҳларнинг ҳам уларнинг ҳар бир мурожаат ва иш бўйича қарор қабул қилишига таъсир кўрсатишга, мазкур жараёнга аралашишга ҳақлари бўлмаган.
Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасида Ўзбекистон Республикасида одил судловни фақат суд амалга оширади. Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан ва бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади” деб ёзилган. Бундай тартиб-қоидаларнинг қонун билан мустаҳкамлаб қўйилиши давлатнинг судларга бўлган ишончига, демакки инсон манфаатларини суд йўли орқали ҳимоя қилинишига бўлган ҳимоя қилинишига нисбатан юксак эътибор деб баҳоланиши лозим.
Қозилар элнинг ўртасида катта обрў-эътиборга эга бўлиб, барча чигал ва мураккаб масалалар улар орқали ҳал этилган, унинг охирги қарори тарафлар учун мажбурий бўлган.
Ўзбекистон Республикаси «Судлар тўғрисида»ги Қонунининг 3-моддасида ҳам“Суд чиқарган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий” деб белгиланган.
Бундан кўринадики, бугунги кунда ҳар қандай қонун ва қонуности ҳужжатларининг илдизлари қадим тарихга бориб тақалади.
Бироқ ҳар қандай даврда ҳам инсоннинг муаммолари ва ечимлари долзарб мавзу ҳисобланган ва бундай муаммоларни ҳал этишда иштирок этувчи шахслар улуғланган ва давлат томонидан ҳимоя остига олинган.
Андижон туманлараро маъмурий судининг судьяси З.Тохтасинов