Андижон вилоят адлия бошқармасида Тошкент давлат юридик университети битирувчи талабалари билан учрашув ўтказилди.
Жорий йил 27 апрель куни Андижон вилоят адлия бошқармасида бошқарма раҳбарияти томонидан Тошкент давлат юридик университети битирувчи талабалари билан самимий мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбирда бўлажак ҳуқуқшунослар бошқарма биносида яратилган шароитлар, фуқаро мурожаатлари билан ишлашда жорий этилган замонавий ёндашувлар ва бошқарма таркибий бўлимлари фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Битирувчи талабалар таркибий бўлимлари фаолияти билан танишганларидан сўнг бошқарма раҳбарияти билан учрашув ташкил этилди.
Тадбирда Адлия вазирлиги фаолияти, тизимда ишлашнинг афзаллик томонлари ва ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар бўйича батафсил маълумотлар берилди.
Маълумки, бугун барча соҳаларни ёш, умидли кадрлар билан тўлдириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, фаолиятини рағбатлантириш замон талабига айланди. Адлия органларида ҳам бунга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Учрашув давомида бошқарма раҳбарияти ва масъул ходимлари томонидан шу ҳақида тўхталиб ўтиб, юртимизда ҳозирги пайтда ёшларга яратиб берилаётган имкониятларни эътироф этдилар.
Шунингдек, тадбир якунида адлия органлари тизимида амалга оширилаётган ишлар ва қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда вазирлик тизимида HR-менежмент тизими, яъни, ишга қабул қилишда очиқ танлов ўтказиш жараёни, кадрларни жой-жойига қўйиш ҳамда улар билан ишлаш тартиби тўғрисидаги маълумотлар тадбир иштирокчилари эътиборига етказилди.
Андижон вилоят адлия бошқармаси