April 29, 2020

Online Мурожаат !!!

🔸🔸🔸Савол: Мен бир йилдан бери мактабда дарс бераман. яқинда уйимда тўй бўлиб моддий жиҳатдан қийналиб қолдик. турмуш ўртоғим давлат ташкилотида ишламайди яқинда ҳамкасбларимдан моддий ёрдам ҳақида эшитдим. мен ҳам ишлаган даврим учун моддий ёрдам олсам бўладими. шу ҳақида маълумот берсангиз. олдидан рахмат.

🔹Жавоб: Хурматли фуқаро. Аввало моддий ёрдам молиялаштириш манбаларига кўра ташкилот маблағлари ҳисобидан ва касаба уюшмаси маблағлари ҳисобидан тўланадиган моддий ёрдамга ажратилишини таъкидлаб ўтиш керак.Моддий ёрдам тўлаш аслида ходимни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, унга моддий кўмак бериш демакдир. Шу сабабли кўпгина ташкилотларда у ёки бу асослар бўйича моддий ёрдам тўлови миқдори жамоа шартномаларида ёки бошқа локал ҳужжатларда белгилаб қўйилади.

Моддий унинг моҳиятидан келиб чиқиб, айни бир хил асосларга кўра айни бир хил миқдорларда барча ходимларга тўланиши ёки моддий ёрдам миқдори мансаб окладларига боғлаб қўйилиши мумкин.

 Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керак, моддий ёрдам қуйидаги ҳолларда берилиши мумкин:

 1) вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга бериладиган тўлов;

 2) ходимга меҳнатда майиб бўлганлик, касб касаллиги ёхуд соғлиққа бошқача шикаст етганлиги билан боғлиқ тўлов;

 3) фавқулодда ҳолатлар муносабати билан бериладиган тўлов;

 4) мақсадли хусусиятга эга бўлган ҳамда ходимлар билан юз берган шахсий тусдаги воқеалар, ҳодисалар ва тадбирлар билан боғлиқ бўлган тўловлар;

 5) қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш ёки уларни сотиб олиш учун маблағлар бериш тарзидаги тўловлар;

 Сизнинг ҳолатингизда ҳам ташкилот раҳбарига моддий ёрдам ажратиш тўғрисида ариза киритишингиз мумкин.

 Бироқ, моддий ёрдам ташкилотнинг моддий базаси яхши бўлгандагина берилиши мумкин.

 Қонунчилигимизда моддий ёрдамнинг аниқ миқдорлари белгиланмаган, одатда миқдор ташкилотнинг локал ҳужжатларида кўрсатилган бўлади.

 Шунинг учун ЁЗМА равишда моддий ёрдам бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилишингиз керак деб ҳисоблаймиз. Моддий ёрдам беришни рад этиш учун етарли асос мавжуд бўлиши керак ва мазкур асосни ёзма тарзда беришларини талаб қилишингиз мумкин.

Андижон вилоят адлия бошқармаси етакчи маслаҳатчиси Д.Абдумаликов