May 15, 2020

Оила – нафақат бир юртнинг, балки умуминсониятнинг катта сиёсати.

Маълумки, 15 май куни, жаҳон миқёсида Халқаро оилалар куни (International Day of Families) нишонланади. Ушбу байрам БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1993 йил 20 сентябрдаги Халқаро оила йили тўғрисидаги резолюцияга мувофиқ 1994 йилнинг 15 майидан буён мунтазам равишда нишонланиб келади. Мамлакатимизда ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-3808-сон қарорига мувофиқ, 15 май ҳар йили Халқаро оила куни сифатида республика бўйлаб кенг нишонланиши белгилаб қўйилди. Биламизки, Халқаро оилалар кунини ўтказишдан мақсад жаҳон ҳамжамияти диққатини оилавий қадриятларга ва оила институти билан боғлиқ муаммоларга қаратишдир. Шундай экан, Оила – нафақат бир юртнинг, балки умуминсониятнинг катта сиёсати. Айтиш керакки  - давлат сиёсати. Нега деганда, башариятнинг тириклиги, узлуксизлиги – оиладан! Ахир оиланинг энг бирламчи ва бевосита вазифаси, маънавият тили билан айтганда, муқаддас вазифаси – инсониятнинг занжирини соғлом ва иқтидорли авлодлар билан улаб боришдан иборат –ку! Бу – ҳамма миллат, ҳамма давлат, ҳамма халқлар зиммасигаги шарафли вазифа. Шунинг учун ҳам дунёда неча халқ, неча хил миллат, неча хил мамлакат бўлса, уларнинг нашр этган беҳисоб адабиётлари ичида оила, оилавий муносабатлар, оиланинг жамиятда тутган ўрни хусусида алоҳида варақлардан тортиб, катта-катта энциклопедияларгача, ҳукумат қарорлари, низомлардан тортиб, кодексларгача учратиш мумкин.

  Жумладан, оила тўғрисида “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси”да ҳам эътироф этилган бўлиб, оилавий муносабатлар давлатлар зиммасига юклатилган муҳим вазифалардан бири эканлиги, у кенг маънога эгалиги, бу халқаро ҳужжатларда оиланинг жамиятининг табиий ва асосий қуйи хужайраси сифатида, унинг дахлсизлигини таъминлаш, болаларга таълим ва тарбия бериш, оналар ва ишга яроқсиз оила аъзоларига зарур бўлган моддий имтиёзлар туғдириш ва оилани мустаҳкамлаш ҳамда йўлга қўйиш лозим бўлган муҳим масалалар назарда тутилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг 63-моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга” деб белгиланган.

Оила муқаддас ва буюк неъмат ҳисоблангани учун ҳам жуда кўп донишмандлар оилани тузишни мамлакатни ташкил қилиш каби муҳим деб биладилар. Оиланинг барқарорлиги ва бахтли ҳаёти – шу мамлакатнинг юзи, обрўйи деб қаралади. Тараққий этган давлатларнинг ўз мамлакатларида оилага бундай катта эътибор бериши, турли йўллар билан унинг нуфузини кўтаришга интилиши алсо бежиз эмас.

Шунга кўра мамалакатимизда ҳам оила институтини мустаҳкамлашнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, демографик ривожланишни рағбатлантириш ва оила фаровонлиги даражасини ошириш,оиланинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш, жамиятда анъанавий оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш соҳасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан соҳада йиллар давомида тўпланиб қолган, эътибордан четда қолиб кетган муаммолар юзасидан тегишли давлат органлари ҳамда жамоат ташкилотлари олдига энг муҳим ва долзарб вазифа қўйилди ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази оила институти соҳасида ягона давлат сиёсатини юритувчи тизим сифатида ташкил этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги  қарори оила институтини мустаҳкамлашдаги асосий ҳужжатлар бири ҳисобланади. Ушбу ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси ва шуконцепциясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди. Бу хужжатлар орқали жамиятда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, мустаҳкам оилаларни шакллантириш, соғлом фарзандлар туғилиши, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, боланинг оилада яшаш ва тарбия олиш ҳуқуқини таъминлаш, баркамол авлодни тарбиялаш, муносиб кексаликни таъминлашда оиланинг ўрни ва ролини ошириш мақсади қўйилган.

Биламизки, Вояга етаётган ҳар бир киши оила тўғрисидаги яхши кўрсатма, йўриқ, тузук, қонун- қоидаларни яхши билиши лозим. Ана шу билим ва истак уларнинг ўз оилаларини кўркам тузувларига, шу кичкина мамлакатларни тўғри бошқарувларига ёрдам беради. Оилада роҳатли умр кечириш – баракотли умр кечириш демакдир. Бордию оила тузук бўлмаса, тарбияга ҳам эътибор берилмаса, қанча буюк бўлса ҳам, бундай миллат дунёда узоқ яшай олмайди. Буни донишмандлар кўп таъкидлашган: “Миллатлар шарафини юқори мартабага кўтарадиган нарса миллионлар ила саналадиган аскарлару, дунёда энг буюк ва зўр бўлган кемалар эмас, балки энг оз эътибор берадиганимиз ё бўлмаса, ҳеч бир замон эътибор бермасдан қоладиганимиз – оиладир. Оила низомсиз бўлса, унинг ёмон оқибати бутун миллатга таъсир этади ва шу сабабдан фазилат ерига разолат, тараққиёт ўрнига тубанлик негиз қуради… Агар бир миллатга  бундай ҳол рўбарў келса, у миллат китобининг сўнгги варағи очилади…”

Хулоса қилиб айтганда, Оила бу муқаддас даргоҳ, бунда ҳар қайси индивид, ҳар қайси жамият оила институтига жиддий этибор бермоғи ва асраб авайламоғи лозим. Чунки бу мамлакатнинг эртаси, шахснинг келажагидир.

Андижон вилоят адлия бошқармаси етакчи маслахатчиси - Дониёр Абдумаликов

Андижон вилояти адлия бошқармасининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари: