Ҳокимнинг ер ажратиш тўғрисидаги қарори тизимда кўриниб қолди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 апрелдаги 218-сон қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига, қарорларни фақат «E-qaror» электрон тизими орқали қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, уларга такрорланмайдиган махсус рақам бериш ва автоматик тарзда эълон қилиш жараёнининг доимий мониторингини олиб бориш вазифаси юклатилган.
Мазкур вазифани бажарилишини таъминлаш мақсадида Пахтаобод тумани адлия бўлими томонидан олиб борилган мониторинг тадбирлари давомида Пахтаобод тумани ҳокимининг 2 та қарори амалдаги қонунчиликка зид равишда қабул қилинганлиги аниқланди.
Ҳаммага маълум, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6243-сон Фармони билан
2021 йил 1 августдан бошлаб маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид ваколатлари хусусан, ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш, жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш, хусусийлаштириладиган ер участкаларига нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш улар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи бекор қилинган.
Шунингдек, Фармоннинг 8-бандида Фармон расман эълон қилинган кундан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ер кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгунига қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар маҳаллий вакиллик ва ижро ҳокимияти органлари томонидан мазкур Фармонда назарда тутилганидан бошқача тартибда ер участкаларини ажратиш қатъиян тўхтатилсин деб белгиланган бўлсада Пахтаобод туман ҳокимининг 2021 йил «10» июнь кунги 5-1-25-Q/21-сонли қарори билан Пахтаобод тумани Ҳаётбахш МФЙ ҳудудидаги туман захирасидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланмайдиган ер майдонларидан 3 (уч) гектарини “POYTUGʼ NASL PARRANDA” МЧЖга «Паррандачилик фабрикаси» бино ва иншоотлари қурилиши учун ажратиб берилган.
Бундан ташқари, туман ҳокимининг 2021 йил «11» июнь кунги 8-1-25-Q/21-сонли қарори билан “STROY PLITA BETON” МЧЖга «Андижон» массиви қишлоқ хўжалиги харитасининг 267 қ-контуридаги туман захира фондида бўлган 5,0 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланмайдиган ер майдонларига қум-шағал тошлар аралашмасини қазиб олиш учун ер майдони ажратиб берилган.
Юқоридагиларга кўра Пахтаобод тумани адлия бўлими томонидан 2021 йил 18 июнь куни туман ҳокимлигига «Қонун ҳужжатларнинг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида»ги тақдимномаси киритилиб юқорида кўрсатиб ўтилган ҳоким қарорлари бекор қилинди.
Пахтаобод тумани адлия бўлими